БЕҲИШТАРИҚ БОҒЛАРИДА БАҲОР ГУЛЛАЙДИ

БЕҲИШТАРИҚ БОҒЛАРИДА БАҲОР ГУЛЛАЙДИ

Қатронтоғ этакларидан Сайхун соҳилларигача ястанган Беҳиштариқ – Бешариқда баҳор шамол билан бошланади. Одамларнинг иродасини синамоқчидек, қийғос гуллаган дарахтларни синдириб, ғўраларини ер билан битта қилиб, томларни учириб, эндигина қўшқулоқ бўлган ғўза ниҳолларини қумга кўмиб кетса ҳам бешариқликлар барибир шамолни яхши кўрадилар. Улардаги шахд-шиддат, метин ирода, дангаллик фазилатлари балки шундандир. Шоир Иқбол Назарий эллик йил бурун ёзганидек, ”Онам алласидек ёқимли, Бешариқнинг шамоли…”

 

 

АДИРОБОДДА ЯНГИ ҲАЁТ
БОШЛАНДИ

— Тош-шағалли ерларда яна қирқ гектар интенсив, йигирма гектар оддий боғ яратиш лойиҳаси тайёр. Яқин кунларда тендерга қўйилади, — дейди туман ҳокимининг инвестиция ва экспорт масалалари бўйича ўринбосари Элёржон Йўлдошев. — Беш жойдан сув қудуғи кавланди. Бу Адирободда янги ўзлаштирилаётган ерларни, бўлажак
боғ-роғларни томчилатиб суғоришга етади.
Юлдузхон Эшонқулова «Қўрғонча» маҳалла фуқаролар йиғини-дан. Ёш, ғайратли жувон уйда ишсиз ўтирарди. Адирободнинг қақраб ётган ерларидан 20 гектари “Темир дафтар”га киритилган 100 нафар ишсиз аёлга, улар қаторида Юлдузхонга ҳам 20 сотих ажратиб берилди. Шундай қилиб у “Адиробод ғунчалари” кооперациясига аъзо бўлди.
— Яхши ният билан бодом экдим. Боғим ҳосилга киргунча орасида сабзавот парваришлайман. Кооперация бизга кўчат, уруғлар, минерал ўғит олиб берди. Ерли, ишли бўлганимдан бошим осмонга етди, — дейди у.
Кооперациянинг кўркам, янги идораси қад ростлади. Очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошлаган ишларига омад тилагани аъзоларни қувонтириб юборди.
Адирободнинг яйдоқ заминида тез фурсатда 5 та тўрт қаватли янги иморат тикланди. 10 та 3-4 хонали коттежнинг томига қуёш панеллари ўрнатилди. Ҳали бунақаси бўлмаган. Ёш оилалар янги уйларга қувона-қувона кўчиб келишди.
— Барча шароитлар муҳайё бундай уйда яшашни орзу қилардик, — дейди «Ворух-Дашт» МФЙ дан кўчиб келган Юлдузхон Холматова.
Қир-адирларни боғ-роғларга айлантиришга азму қарор қилган одамларнинг талаб-истакларига кўра тағин 2 та 4 қаватли уй қурилиши бошланди. 5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, фойдаланишга топширилган 315 ўринли янги мактаб биносида фарзандлари таълим-тарбия олмоқда. Россиялик Диляра Халилова адирободлик болаларга дарс ўтяпти. Боғча ҳам тайёр ҳолга келиб қолди.

“ФАРҒОНА-ЯСИН“ —
ГИГАНТ КОРХОНА
Адирободда жаҳон андозалари даражасидаги 400 ва 500 маркали цемент ишлаб чиқариладиган гигант корхона қурилиши илгари ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Йигирма икки гектарли майдонда Хитой инвесторлари билан барпо этилган “Фарғона-Ясин” қўшма корхонасининг лойиҳа қиймати 200 миллион АҚШ долларига тенг. Цемент заводи қуриш учун айнан бу жойнинг танланишига сабаб — хом ашё захираси бор.
Қўшма корхона қурилиши икки босқичдан иборат, — дейди Ўзбекистон томондан инвестор Эркинжон Маҳмудов, — 80 миллион доллар ўзлаштирилиб, биринчи босқич ишга туширилди. Ҳозирда кунига 2,5 минг тонна цемент ишлаб чиқарилиб, водий вилоятларига етказиб бериляпти. Корхонада 350 нафар ишчи уч сменада меҳнат қилади.
— Ишчилар учун бепул тушлик, автотранспорт хизмати, дам олиш хоналари, бассейн ва бошқа барча зарур шароитлар яратилган. Энг кам ойлик 1,5 миллион сўм, — дейди бригадир Тўлқинжон Тўйчиев. — Заводимиз экологик жиҳатдан тоза, давлат стандартларига тўлиқ жавоб беради. 2 миллион доллар эвазига чангни ушлаб қолувчи қурилмалар ўрнатилган. Мана қаранг, атрофда ғубор кўрмайсиз.
120 миллион АҚШ доллари сарфланиб, йил охиригача иккинчи босқич ишга туширилса, яна 300 нафар одам ишли бўлади. Ана шунда корхонада кунига 5,5 минг тонна цемент ишлаб чиқарилиб, йиллик қуввати 2 миллион тоннага етади. Маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга чиқарилади.

КИЧИК САНОАТ ЗОНАЛАРИ
ФАРОВОНЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Туман секторлар кесимида тўртта кичик саноат зонаси ташкил этилиши ”Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни муқим иш ўрни, даромад манбаи билан таъминлайди. Тадбиркорларга имконият яратади, иқтисодиётни, халқ турмуш фаровонлигини юксалтиради. “Бахмал 1”, “Бахмал 2”, “Адиробод” кичик саноат зоналари, “Тараққиёт” ёшлар кичик саноат зонасида тадбиркорлар қурилиш материаллари, тайёр трикотаж маҳсулотлари, сутни қайта ишлаш, ёғ, ун, нон, асфальт ишлаб чиқаришни ташкил этиш сингари жами 70 миллиард сўмлик 18 лойиҳани амалга ошириб, 243 та янги иш ўрни яратадилар.
—Менга “Бахмал 1” кичик саноат зонасидан жой ажратилди, — дейди ёш тадбиркор Шерзод Мамадалиев. — Қиймати бир миллиард сўмлик лойиҳамни амалга оширяпман. Қурилиш материаллари, хусусан, травертин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, 5 нафар тенгдошимни иш билан таъминлайман. Ижтимоий инфратузилма яратиляпти. Газ, сув ва электр тармоқларини тортиш ишлари бошланган.
“Адиробод” кичик саноат зонасида “Барокатли Асроржон савдо” масъулияти чекланган жамия-ти тўртта – шифер, оҳак, ламинат ва бурама мих ишлаб чиқариш тармоғини йўлга қўяди. Бир гектардан ҳудудда амалга ошириладиган ҳар бир лойиҳа қиймати 500 миллиондан сўмдан 10 миллиард сўмгача. Тадбиркор Аброржон Халилов шу йўл билан 85 та янги иш ўрни яратади.
“Тараққиёт” ёшлар кичик саноат зонасидан ярим гектар ер олиб иш бошлаган “Жумабой“ фермер хўжалиги 4 миллиард сўм эвазига ёғ ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширади.
— Ажратилган жойда 20 миллион сўмликдан зиёдроқ иш бажардик. Йил охиригача лойиҳа тўлиқ амалга ошириб, 10 нафар “Ёшлар дафтари” да турган йигит-қиз ишли бўлади. Аммо ҳали бу ерга электр токи тортиб келинмаган. Шу масала сал ўйлантириб турибди, — деди биз билан суҳбатда ёш тадбиркор Латифжон Жумаев.
“SHERWOOD“НИНГ “ТЕМИР
ДАФТАР”ДАН ЧИҚҚАН ҚИЗЛАРИ
«Юқори Зарқайнар» МФЙ да яшовчи Зумрадхон Азимова икки марта эгизак фарзанд кўрди. Оиласини зўрға тебратарди. Эгиз чақалоқлари ўн саккиз кунлик бўлганда бахтсиз тасодиф туфайли эрининг қўлини арра кесиб кетди. Етти ой гипсда юрди. Сўнг бир қўли бутунлай ишга яроқсиз бўлиб қолди. Шундай ночор кунларда у кечалари пишириқ тайёрлаб сотиб, норасидаларига егулик олди. Эри бир қўли, икки оёғи билан лой қорида, Зумрадхон ғишт қуйиб, бир хонали уй тиклашди. Атрофи девор билан ўралмаган, дарвозаси йўқ. Аёл яхши кунлар келишидан умидини узмади. ”Темир дафтар”га киритилганда шикас-та кўнгли ёришди.
Бугун Зумрадхон уйи яқинида очилган “SHERWOOD” корхонасининг тикувчилик цехида 100 нафар чевар дугонаси билан бирга ишлаяпти. Уларнинг 50 нафари ўзига ўхшаб “ Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”дан чиққан аёллар.
Цехда трикотаж маҳсулотлари тайёрланади. Кенг ва ёруғ цехга 95 та замонавий тикув машинаси ўрнатилган. Бешариқлик аёллар тиккан болалар, катталар ва хотин-қизлар кийим-кечакларини россияликлар суйиб харид қилишяпти.
— Корхонамизда мебель ва мебель тўпламлари, металл конструкция, савдо жиҳозлари, реклама баннерлари, омбор стеляжлари, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, — дейди корхона таъсисчиси Шерзод Эркабоев, — 200 нафар ҳамюртимизни иш билан таъминлаганмиз.
Зумрадхон ҳар тонг икки ёшли эгизакларини қизига қолдириб, ишга жўнайди. Рўзғорини бутлай, дейди. «Юқори Зарқайнар» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари шу муштипар аёлнинг ҳеч бўлмаганда ҳовлисини девор билан ўрашга кўмаклашса, зўр иш бўларди!
ИСТИҚЛОЛГА ТЕНГДОШ
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Шуҳрат” медали соҳиби Бохиржон Турдалиев Бешариқнинг ёш, энг биринчи тадбиркорларидан. ”Водий наслли парранда” фермер хўжалигини мустақиллигимизнинг дастлабки йилида ташкил этган. Ўттиз йил ўтиб хўжалик иқтисодий бақувват, қўлини қаерга узатса етадиган бўлди. Фермер нафақат вилоятда, республикамизда таниқли инсонга айланди.
Бугун 270 минг бош товуқ боқилади. Барча жараёнлар автоматлашган. Германиянинг “Хелманн” компанияси линиялари ўрнатилган. “Ломанн” зотли товуқларни 120 нафар ишчи қийинчиликсиз, компьютерлар орқали парвариш қилишяпти.
— Паррандалар озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида Сирдарё бўйларидан 500 гектар кам ҳосилли, шўрланган ерларни маҳаллий ўғитга тўйинтирдик. Қишлоқ хўжалиги машина-механизмлари, экиш агрегатлари сотиб олдик. Товуқчиликни янада ривожлантириш мақсадида Германия давлати билан шартномалар имзоладик, — дейди Бохиржон.

Бешариқда боғлар ҳосилга ётаяпти. Чигит экиш ўн кунда тугалланади. Тадбиркорлар янги-янги лойиҳаларини амалга оширишга енг шимаришган. Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, боғлар яратиш, уй-жойлар барпо этиш ишлари авжида. Йигит-қизлар ғайрат камарини маҳкам боғлаган. Истиқлолимизнинг 30 йиллиги нишонланадиган йилда барча соҳаларда маррани баланд олиб меҳнат қилишяпти. Нуронийлар уларнинг эрта баҳорда яхши ният билан бошлаган ишлари баракотли, юзлари ёруғ бўлишини тилаб, қўллари дуода.
Абдужалил БОБОЖОНОВ.
Элёржон ОЛИМОВ олган суратлар.

10 та бир подъездли 5 қаватли, 5 та 5 қаватли уй қурилиб, 384 оила янги жойларга кўчиб ўтади.
***
Йил якунига қадар мактабгача таълим ташкилотларига 13712 нафар бола жалб этилиб, қамров 70,1 фоизга етади.
***
Ўтган йилда 11 та корхона томонидан 15 млн. 581,2 минг Ақш долларлик маҳсулот экспортга чиқарилди. Бу йил кўрсаткич 17 млн. 492,3 минг АҚШ долларига етказилади.
***
2020 йилда 880 миллиард сўмлик 31 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. 2021-2022 йилларда 182 та инвестиция лойиҳалари ҳисобига 3442 та иш ўрни яратилади.
***
2021 йилда туман халқ таълими бўлими муассасаларини мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларига 10 миллиард 150 миллион сўм маблағ ажратилади.