СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР САМАРАСИ

СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР САМАРАСИ

Фермернинг харажати бир йилда қопланди
Халқимиз азалдан сувни эъзозлаб, унинг ҳар томчисини тиллога менгзайди. Тирикликнинг асосий манбаи оби ҳаётдир. Кейинги йилларда мамлакатимизда сув танқислиги юзага келаётгани бу йўналишда тезкор чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда.

 


Фойдаланадиган сув ресурсларининг 80 фоизга яқини қўшни республикалар ҳудудидаги музликлар ҳисобига шаклланади. Маълумотларга кўра, глобал иқлим ўзгаришлари сабабли йилдан-йилга Тожикис-тон ва Қирғизистондаги музликлар камайиб боряпти. 2030 йилга бориб музликларнинг 20-30 фоизи йўқолиб кетиши башорат қилинмоқда. Шу боис бу неъматдан тежаб-тергаб фойдаланиш кечиктириб бўлмас вазифа саналади. Кўплаб ривожланган давлатларда аллақачон сув тежовчи технологияларни жорий этишга киришилган. Хусусан, чўлу биёбондан иборат, сув ресурслари кам бўлган Исроилдаги ўзига хос тажрибадан ибрат олиш мумкин. Ҳозирда сувдан унумли фойдаланиш оқибатида нафақат ўзининг аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлайди, балки экспорт ҳам қилмоқда.
Вилоятимизда ҳам мазкур йўналишда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланишига эътибор қаратиляпти. 2021 йилда 24 минг 378 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳамда суғориладиган 15 минг 800 гектар майдонни лазерли ускуна ёрдамида текислаш орқали 40 минг 178 гектар майдонда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда тежамкор технологиялар жорий этилса, ҳосилдорлик кўтарилиши билан бирга, сувни тежаш имконияти ҳам юзага келади.
Шу билан биргаликда сув тежовчи технологиялар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришда янги лойиҳалар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бир қатор имтиёзлар берилди, шунингдек, субсидиялар ажратилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 3 та ана шундай корхона фаолият кўрсатмоқда. Мақсад – бутловчи қисмларнинг импортини қисқартириб, маҳаллийлаш-тириш даражасини ошириш, таннарх пасайиши ҳисобига даромадни кўпайтиришдир.
“Palma invest plast” масъулияти чекланган жамиятида бир кунда 4 тоннадан ортиқ 16 дан 400 диаметргача бўлган полиэтилен қувурлар, томизғичли ленталар тайёрланади. Бу ерга 360 минг АҚШ доллари миқдорида инвес-тиция киритилиб, замонавий ишлаб чиқариш жиҳозлари олиб келинди, 20 та янги иш ўрни яратилди.
– Маҳсулотларимизга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда, – дейди иш бошқарувчи Нодирбек Нишонов. – Ҳар бир фермер, деҳқон хўжалиги талаб ва истакларини ҳисобга олиб маҳсулот ишлаб чиқарамиз, технологияларни экин майдонларига жойлаш, ишга туширишда ёрдам берамиз.
Ҳудудларда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиб, самарадорликка эришаётган фермер хўжаликлари сони тобора ортиб бормоқда. Қува туманидаги “Ашуров Мўминжон” кластери ўтган йилда 50 гектар майдонда мазкур тизимни жорий этди. Самарадорлик фермер кутгандан ҳам яхши бўлди.
Қува азалдан ўзининг миришкорлари билан донг таратган. Аҳоли зич жойлашган туманда йилдан-йилга экин майдонларига бўлган эҳтиёж ортмоқда. Аммо унумдор ерлар жуда кам. Каркидон адирликларида сувсизликдан қақраб ётган минглаб гектар тошлоқ ер майдонлари бор. Бу ерни ўзлаштириб, деҳқончилик қилишнинг ўзи катта машаққат.
“Турк” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Каримжон Ашуровнинг болалиги шу ерда ўтган, ҳар бир қарич ерни яхши билади. Отасидан деҳқончиликнинг сир-асрорларини яхши ўрганган. 2004 йилда “Ашуров Мўминжон” фермер хўжалигини ташкил этган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида нафақат пахта, ғалла етиштиришда, балки боғдорчиликда ҳам ўзига хос мактаб ярата олди. 2019 йилда у Туркияда сув тежовчи технологияларни обдон ўрганди ҳамда Қуванинг адирликларида уни қўллаш ғояси пайдо бўлди. Ўтган йилда ана шу тошлоқ жойлардан унга ер ажратиб берилди. 50 гектар майдонда Исроил технологияси асосида томчилатиб суғоришни йўлга қўйишга киришди. Албатта, бошида кўпчилик бу адирликларда бирор гиёҳ битишига ишонмади. Фермер ўз олдига қатъий мақсад қўйди. Ўзида барча техникалар бўлгани учун ҳам иш жадал тус олди, бу майдонларни тозалаш осон бўлмади.
— 120 минг доллар кредит ҳисобига Туркиядан замонавий технологияларни олиб келиб, ўрнатдик, — дейди Каримжон Ашуров. — Томчилатиб суғориш шланглари жуда сифатли, сув ва минерал ўғитлар бир меъёрда тақсимланади. Бу технологиялар масофадан бошқарилади, ортиқча иш кучи керак бўлмайди. 130 метр чуқурликда 2 та тик қудуқ қазилди ҳамда сув ҳавзаси қурилди. 50 гектар ерни суғориш учун қанчалаб сув, вақт керак аслида. Ҳозир шу майдонларни бир кунда жуда оз миқдордаги сув билан суғориш имкони пайдо бўлди. Ўтган йилда кўчатлар билан бирга, маккажўхори ҳам экдик. Бир йилда қилган барча харажатларимиз қопланди. 434 миллион сўм субсидия олиш учун ҳужжатларни тақдим қилганмиз. Аммо нимагадир унинг берилиши кечикмоқда.
Бугун фермер яна 30 гектар адирликдаги майдонни ўзлаштириб, сув тежовчи технологияларни жорий этишни бошлади. Яна бир янгилик. У Туркиядан тошларни майдаловчи ва боғларни бегона ўтлардан тозаловчи техникаларни харид қилди. Тез орада бу техникалар ишга туширилиб, томчилатиб суғориш асосида интенсив боғларни яратиш режалаштирилган.

Маъсуджон
Сулаймонов.

Шерзод Қорабоев
олган суратлар.