Аччиқ, аммо очиқ гаплар Номсиз кўчалар, рақамсиз уйлар

Аччиқ, аммо очиқ гаплар Номсиз кўчалар, рақамсиз уйлар

Кўп қаватли уй олдида атрофга кезинаётган
ҳамсоямнинг хатти-ҳаракати эътиборимни тортди.
Тинчликми, ҳалова-тингиз йўқ?
— Нимасини ай-тай. Набирамнинг ҳарорати кўтарилиб хархаша қиляпти, “Тез ёрдам” чақирганимга алламаҳал бўлди…


Бу орада “Тез ёрдам“ етиб келди. Аммо улар чақирувда айтилган манзилни топишда қийинчиликка учрагани, кўча номи, уй рақами йўқлиги кечикишга сабаб бўлганини билдиришди…
Янги мавзелар, кўп қаватли уй-жойлар қурилиши шаҳар ва қишлоқлар меъморий қиёфасини ўзгартирмоқда. Лекин кўчаларга ном бериш, уйларни рақамлаштириш борасидаги ишлар бугунги кун талабларига мос эмас. Бу турли ноаниқлик ва тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.
Фарғона шаҳридаги “Шакарқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уй-жойларнинг аксариятида кўча номлари ўрнатилмаган, уй рақамлари кўрсатилмаган. Йўллардаги тартибсизлик, ўнқир-чўнқирлар аҳоли ва транспорт ҳаракатида ноқулайликлар туғдирмоқда.
— Кўчиб келганимизга икки йил бўлди, — дейди Нодирбек Пўлатов. — Зарурият юзасидан тез ёрдам ёки такси чақирмоқчи бўлсак, уйимиз жойлашган манзилни бирма-бир тушунтириш билан овора бўламиз. Маҳалламизда уй-жойларнинг жойлашуви бўйича харита ташкил қилиниб, кўзга кўринарли жойларга ўрнатилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
«Мирзо Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 55 та кўп қаватли уй-жойда кўча номлари, уй рақамлари йўқ. Айтишларича, бу уйлар Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган. Аммо ҳудудни айланиб, бирон-бир уйда бу ҳақда маълумот учратмадик.
— Аҳмад Яссавий кўчаси, 52-уйда яшайман, — дейди биз билан суҳбатда Виталий Сидиров. — Кейинги йилларда кўча номи ва уй рақамлари туширилган кўрсаткич белгилари турли баҳоналар билан олиб ташланди, мавжудлари ҳам талабга жавоб бермайди. Бу почта, тиббий ёрдам ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари, меҳмонлар учун ноқулайликлар туғдирмоқда. Тунги вақтларда кўча чироқлари йўқ .
— Билдирилаётган эътирозларда жон бор, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали тез ёрдам станцияси раҳбари Рамзбек Мирзараҳимов. — Хусусан, Тарона, Форобий, Соҳибқирон Темур кўчалари, Қиргули мавзесидаги кўча ва уй рақамларини топишда қийинчиликларга дуч келамиз. Айрим жойларда битта рақамда махсус белги билан кўрсатилган уч-тўрттадан уй бор. Аммо рақамлар қулай жойга, кўзга кўринарли қилиб жойлаштирилмаган, баъзиларида рақамлар йўқ. Шу сабабли манзилни аниқлаш учун сўраб-суриштириш, мижозлар билан телефон орқали қайта-қайта боғланишга тўғри келади. Бу тез ёрдам ва тиббий хизмат сифатига таъсир кўрсатмоқда, эътирозларга сабаб бўлмоқда. Мавжуд ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилганмиз. Аммо натижа йўқ.
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ўтказган монито-ринг натижасига кўра, вилоятда 89 та номсиз кўча ва 31 мингдан ортиқ рақамсиз уй борлиги аниқланди. 176 та кўча йўл ёқаларига пешлавҳалар ўрнатилиши талаб этилади. Хусусан, Бағдод туманида 47, Қува
туманида 35 та номсиз кўча бор-лиги маълум бўлди. Учкўприк туманида эса 8 минг 365 та рақамсиз уй бор.
— Айни кунда географик объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ва уларнинг номлари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, объектларга ном бериш, қайта номлаш борасидаги таклифларни экспертизадан ўтказиш, номларини мақбуллаштириш ҳамда давлат рўйхатига олиш ишлари амалга оширилмоқда, — дейди Кадастр агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Нодиржон Машрапов. — Шу кунга қадар 31 минг 509 та ҳовли-жой тўлиқ рақамлаштириб чиқилди.
Кўчаларни номлаш ва турар-жойларни рақамлаштириш ҳам маданият белгисидир. Зеро, бугунги кунда зарур манзилни ахтарган йўловчи сарсон-саргардон бўлмасин.

Расулжон Камолов.
Шерзод Қорабоев
олган суратлар.