Ижодкорларнинг янги китоблари тақдимоти

Ижодкорларнинг янги китоблари тақдимоти

«Бадиий ижод – қалбингни одамларга ишониб очиб бермоқдир» деган эди таниқли норвег ёзувчиси Юхан Борген. Чиндан ҳам. Ёзувчи таъбири билан айтганда, “Одамзодни фаолроқ қилмоқ, унинг қобилиятлари, хаёлот кучини рағбатлантирмоқ учун ва шу билан унга ато этилган ҳаётни янада тўлақонли қилмоқ учун” керак бўлган ҳар қандай ижод намунаси фақат юракларни макон тутишга интилади.
Бугун янги китоби нашр этилган 7 нафар фарғоналик ижодкор ҳам ўз қалбини китобхонларга ишониб топширмоқда ва шубҳасиз ёзганлари ўқувчининг кўнглида акс-садо беришини орзуламоқда.
Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ҳанифа Умматқулованинг “Ишонч қўрғони”, Ўктамхон Солиеванинг “Опоқижон, опоқи”, истеъдодли ёш ижодкорлар Дилшода Эргашеванинг “Юрак тортмаси”, Дилнавоз Қўлдошеванинг “Кўнглимга кўчади фарғонагуллар”, Мунира Қўқонованинг “Қуёшга айланса юрагим маним”, Мамлакат Ўктамнинг “Вужудимга беркинган кўнглим”, Оқилжон Ғофуровнинг “Меҳрдан яралган дунё” асарларининг тақдимоти адабиёт байрамига айланди. Унда адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, шеърият мухлислари жам бўлишди.
Тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова мамлакатимизда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилгани, уюшманинг молиявий кўмагида чоп этилиб, бугун тақдимоти ўтказилаётган асарлар ҳам халқимиз маънавий оламини бойитиш, замон қаҳрамонлари образларини яратиш, сара асарларни китоб ихлосмандларига тақдим этиш сингари эзгу ишларнинг жонли намунаси эканлигини таъкидлади.
Фарғона давлат университети олимлари – филология фанлари доктори, профессор Сиддиқ Мўминов, филология фанлари номзоди, доцент Гўзалхон Муҳаммаджонова, докторант Рустам Умрзоқов янги китобларнинг бадиий-адабий таҳлили, ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритдилар.
“Калишчаси оқиб кетган,
тўнчаси бор,
Юрагида ўзи тенги уйчаси бор.
Қуёшелка, бодомқовоқ
отасининг
Кетмонига етар-етмас
бўйчаси бор”,
дея қишлоқ қизининг оташин туйғуларини шеърга солаётган ёки “Кўк синди, дунёни
синдирди чақин,
Ишқ яқин, ишқ яқин,
ишқ яқин…” сатрларини шеърхонга қадрдон қила олган Дилшода,
“Кўзларимни ювади томчи,
Юрагимга санчилгандир тиғ.
Кипригимни қучоқлаб олиб,
Карвон келар, у соғинч отлиғ” дея китобхонни ўз қалбига бошлаб бораётган, бошқаларга ўхшатиб ёзишдан қочаётган Мунира,
“Боқсанг, бургутнигоҳ кўзларингда боқ,
Унга ярамайди чалажон оҳлар.
Бошингни осмонга
тутқазиб қўйиб,
Тупроқни севишни
ўргатар тоғлар”
дея табиатнинг инсон руҳияти билан муштарак ҳақиқатларини излаётган Дилнавознинг шеърларини мутолаа қилиб, ёш ижодкорларнинг доимо саросар кўнгли, жонсарак қалби, ўзигагина хос бўлган оламини тинглагандай бўласиз. Уларнинг бадиий ижоддаги иқрори, англаганлари, англатмоқчи бўлганлари тобора қалб-у шуурингизга яқинлашади.
Бола олами билан дўст тутиниш, сирлашишни ният қилган, унинг яхшилик ва чексиз орзу-умидларга ошно этишга интилаётган шоира Ўктамхон Солиеванинг ёзганлари, Мамлакат Ўктамнинг қоғоз ва қаламдан топган бахтини ифода этган мисралари шеърга ташна юрак-ларга, албатта, керакли, ўқимишли бўлишига умидлар билдирилди. Синовлар олдида ожиз турган одамлар қалбига яшаш ҳикматини сингдиришни мақсад қилган Моҳитун (Ҳанифа Умматқулова), атрофидагиларни фақат меҳр ва садоқат либосида кўришни орзулаётган Оқилжон Ғофуровнинг қисса ва ҳикоялари сизни қадрдон туйғулар сайрига чорлаши эътироф этилди.
Янги китоб муаллифларининг дил сўзлари тингланди.
— “Кўнглимга кўчади фарғона-гуллар” – менинг учинчи китобим, рамзий маънода учинчи ижодий фарзандим, демак. Унинг дунёга келиши, элга туҳфа қилинишида катта кўмак берган вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига раҳматлар айтаман. Елкамдаги маънавий қарзимни юксак ижодий изланишлар, муваффақиятлар билан адо этишга, бу ишончни баланд шеърлар, ёниқ сўзларим билан оқлашга интиламан, — деди ёш ижодкор, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Дилнавоз Қўлдошева.
Китоблар тақдимоти Наврўз мушоирасига уланди.
Китобни офтобга қиёслаш – энг гўзал таъбир, аслида. Фарғона халқининг китобхонлик, ижодсеварлик фазилати бу қутлуғ заминга маънавий қуёш ҳамишалик йўлдош эканлигини англатади. Бугун ўқув-чиларга туҳфа қилинган китоблар ҳам юртдошларимиз қалбига ижод нури, адабиёт ёлқинини олиб кирса, не тонг.

Ўз мухбиримиз.