МАКТАБ ОШХОНАСИ: Болаларнинг овқатланишини ким ташкил этади?

МАКТАБ ОШХОНАСИ: Болаларнинг овқатланишини ким ташкил этади?

Бу нафақат болалар соғлиғи, балки миллат саломатлигига дахлдор мавзу. Тўғри ва соғлом овқатланиш тартиб-таомилларининг ўзлаштирилиши ҳам айнан мактаб ошхоналарида шаклланади.
Вилоятимизнинг аксарият мактабларида ошхоналар фаолияти тўхтаб қолган, фақат ихчам буфетларгина хизмат қилиб келмоқда. Мактабда ҳар куни камида 7-8 соат вақтини ўтказаётган болажонлар 1-2 марта енгил овқатланиши зарур.
– Кейинги йилларда бу масала бирмунча эътибордан четда қолди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси соғлом овқатланишни ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш шўъбаси мудири Дилшод Мирзакаримов. – Ўқувчилар сонининг кўпайиши, синф хоналари, бинолар етарли эмаслиги сабабли мактабларда ошхоналар фаолият юритиши учун жой етишмаяпти. Бундан ташқари, пандемия муносабати билан карантин эълон қилиниши, мактаб раҳбариятининг эътиборсизлиги, ошхона эгаларининг даромадсиз қолиши каби сабаб-лар ҳам бор.
Мактаблар ошхона ёки буфетлардан моддий манфаатдор бўлмаслиги мумкин, аммо ўқувчилар соғлиғи, етарли ва тўғри овқатланиши долзарб масала. Вақтида овқатланмасликнинг бола таълим-тарбия олишида салбий таъсири бор.
– Болаларнинг бир кунда тўрт-беш маҳал овқатланиши жуда муҳим, – дейди Қўқон шаҳар 4-оилавий поликлиника бош шифокори Нодирахон Қурбонова. – Ошқозон-ичак касалликларининг келиб чиқишига ҳам вақтида овқатланмаслик сабаб бўлади. Айниқса, тушликда иссиқ овқат истеъмолини йўлга қўйиш, турли фаст-фудлардан тийилиш керак. Кўпчилик ота-оналарда нотўғри тушунча борки, болалари иссиқ овқатдан кўра, кўчада енгил ҳазм бўлувчи булочка ёки ширинлик истеъмол қилгани маъқул. Аммо бундай егуликларда организм учун фойдали элементлар мавжуд эмас. Бунинг оқибатида ошқозон касалликлари, йод етишмовчилиги, иммунитет сусайиши, хотира пасайиши, уйқусизлик ва бошқа асоратлар келиб чиқиши мумкин.
Риштон туманидаги 20-мактабда 1300 нафарга яқин ўқувчи ўқийди. Таълим икки сменада ташкил қилинган. Кенг-мўлгина ошхона ҳам, ихчам буфет ҳам бор. Лағмон, гўжа, ош, чучвара, қовурма лағмон, сомса каби турли миллий таомлар пишириб сотилади. Ошхона раҳбари Мадаминжон Салоҳиддиновнинг айтишича, кунига 300-400 минг сўмлик савдо қилинади.
– Болаларни яхши кўраман. Таомларга қатъий нарх белгиламаганмиз, – дейди у. – Икки-уч минг сўмгаям овқат қуйиб беравераман, ўзи баракасини беради. Уч томонлама шартнома асосида ишлаяпмиз. Электр энергияси учун бир ойда ўртача 250-300 минг сўм тўлаймиз.
Шу тумандаги 3-ўрта мактабда эса ҳолат бутунлай бошқача. Бир вақтлар ошхона бўлган бино авария ҳолатида, ҳозир омборхона вазифасини ўтаяпти.
– Мактабда ошхона ташкиллашга бир неча бор уриндик, лекин тадбиркорлар унамаяпти, – дейди 947 нафар ўқувчиси бор мазкур мактаб директори Нигорахон Паттаева. – Бир тадбиркор энди ишни бошлаганди, СЭСдан келиб жарима солишгач, ёпиб кетди. Синф хоналари етишмайди, шундай бўлсаям, бир хонани ажратиб, бошқа тадбиркор билан музокара олиб боряпмиз. Яқин кунларда фаолиятини бошласа ажабмас…
Вилоятимизнинг бошқа туман-шаҳарларида ҳам аҳвол шу тахлит: қайсидир мактабда ошхона фаолияти йўлга қўйилган, бошқасида эса умуман йўқ ёки буфет билан чегараланган.
Ушбу мавзуда ота-оналар ва ўқитувчилар билан ҳам суҳбатлашдик. Уларнинг фикрича, мактабда овқатлар сифатли ва арзон бўлиши шарт.
– Ота-оналар болаларининг уст-боши, буюмига эътибор қаратишяпти-ю, нима еб-нима ичаётганига бефарқ. Ўзим ҳам кўп йиллар мактабда ишлаганман. Ошхона бўлгани яхши, – дейди Бағдод тумани «Боғишамол» МФЙда яшовчи Муҳаммаджон Исақов. – Шаҳарлар ёки туман марказларидаги мактабларда бу борада аҳвол бирмунча яхши, лекин чекка ҳудудларда эътибор берилмайди.
Бағдод тумани, Навбаҳор қишлоғидаги 7-ўрта мактабда “ўқувчи сони камлиги, яқинда мактабнинг филиали қуриб битказилиши ва ўқувчиларнинг ярми ўша ерга бориб ўқиши” баҳонаси билан ошхона ишламаяпти. Мактаб директори Жавоҳир Абдураҳмонов эса “ошхона фаолият юритиши учун доимий хўрандалар керак-да, овқатни сотиб олувчи бўлмаса…” дея бу муаммога ечим топишга ожиз.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сонли қарорида кўрсатиб ўтилишича, таълим муассасаларида ошхоналар фаолиятини йўлга қўйишга туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари масъул, тадбиркорлик субъекти (ижарага олувчи)-таълим муассасаси (балансда сақловчи)-бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази (ижарага берувчи) ўртасида уч томонлама шартнома имзоланиши зарур.
– Мактабимизда 100 ўринли ошхона уч томонлама шартнома асосида доимий фаолият олиб боради. Уни қўли ширин ошпаз Адҳамжон Акбаров 20 йилдан буён бошқаради, – дейди Бағдод туманидаги 1-ўрта мактаб директори Зироатхон Абдураҳмонова. – Ўқувчиларимиз вақтида овқатланади, кўчадаги дўконлардан егулик сотиб олишмайди. Ошхонада ҳамиша қайнаган сув тайёр туради. Раҳбар озгина ташаббускор бўлса, тадбиркорларни қизиқтира олса, ошхона фаолиятини бемалол йўлга қўйса бўлади.
Зироатхон опанинг айтишича, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ўқувчилар рўйхати ошпазга ҳам тақдим қилинган. Яъни, бундай ўқувчилар ошхонада бепул овқатланиши мумкин.
– Таълим муассасалари ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари, овқатланиш учун тўланадиган тўловлар (ошхона маблағлари) ҳисобидан ошхона фаолиятини ташкил этиши ҳам кўзда тутилган. Мактаб ошхонасида фаолият кўрсатиш учун бир қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, овқатланиш зали, фойдаланилмайдиган хоналар учун ижара ҳақи ҳисобланмайди, – дейди бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Аброржон Раҳмонов.
Вилоятимизда 950 дан зиёд ўрта таълим муассасалари мавжуд. Уларда енгил конструкцияли, санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ошхоналар қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва ишга тушириш масалага ечим ҳисобланади.
– Вилоят ҳокимлигининг 2020 йил 15 декабрдаги “Вилоятдаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги 327/01-49-сонли йиғилиш баёни асосида ҳозир ўрганишлар олиб борилмоқда, – дейди вилоят Молия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ғанижон Солиев. – Келгуси ўқув йилида фарзандларимизнинг санитария талабларига мос ошхоналарда доимий овқатланиши тўлиқ йўлга қўйилишига эришамиз.
Бу мавзуга яна қайтамиз.

Ҳ. Бойбобоев.