Собиқ маҳкум: «озодликнинг қадрига етдим»

Собиқ маҳкум: «озодликнинг қадрига етдим»

Қилмишининг қонунга хилофлигини англаб, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган шахсларнинг афв этилиши халқимизга хос кечиримлилик ҳамда бағрикенгликнинг амалий ифодасидир. Давлатимиз раҳбари томонидан Наврўз умумхалқ байрами арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармоннинг имзолангани ҳам инсонпарварликдан далолатдир.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 140 нафар фуқаро афв этилди.
Афв этилганлар орасида 6 нафар фарғоналик маҳкумлар ҳам бўлиб, уларнинг ўз уйларига қайтарилиши байрам кунларида оналари, аёллари, фарзандлари қалбини шодликка тўлдирди.
Қува туманилик Абдуллажон Солиев ёшлик қилиб, диний оқим таъсирига тушиб қолди. 2012 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди ҳукми билан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Қилмишидан чин пушаймонлиги боис афв этилиб, оиласи бағрига қайтди.
— Озодликнинг буюк неъматлигини тушуниб етдим, — дейди у. — Оилам, яқинларим бағрига қайтишдан ортиқ саодат борми?! Бунинг учун Президентимиздан беҳад миннатдорман. Жазони ижро этиш муассасасида қилмишларимни ўйлаб, сидқидилдан пушаймон бўлдим. Меҳнати билан ишончни оқлаб, юрт равнақи учун бор куч-ғайратимни сарфлашга аҳд қилдим.
Бугунги кунда афв этилганларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш долзарб вазифалардан саналади. Вилоят ИИБ пробация бошқармаси томонидан бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, уларга бир марталик кўмак пули берилди, тиббий кўрикдан ўтказилди. Айни кунларда иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
М. Сулаймонов.