БАҲОРНИНГ БИР КУНИ ЙИЛНИ БОҚАДИ

БАҲОРНИНГ БИР КУНИ ЙИЛНИ БОҚАДИ

— Бободеҳқонларимизда “Баҳорнинг бир куни йилни боқади”, деган ҳикматли гап бор, — деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ёзёвон туманида чигит экиш мавсуми олдидан ташкил этилган амалий семинарда. — Шу боис жорий деҳқончилик йили тақдирини ҳал қиладиган ушбу
масъулиятли кунларда кластер корхоналари, фермер хўжаликлари, шу соҳага дахлдор барча корхона-ташкилотлар раҳбарлари масъулиятни жиддий ҳис этиши зарур.
2021 йил пахта ҳосили учун вилоятда 82 минг 80 гектар ерга чигит экиш
режалаштирилган. Айни жараёнда 12 та пахта-тўқимачилик кластерлари
томонидан 2420 та фермер хўжаликлари билан
шартномалар имзоланди.
Мавсум олдидан 730 та сеялка сифатли таъмирдан чиқарилди. Кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан юқори унумли янги сеялкалар ҳам сотиб олинди. Қишлоқ, дашт, чўл ҳудудларида табиий шароитни ҳисобга олган ҳолда чигит экиш ишларини ўн кунда якунига етказиш кўзда тутилмоқда.
— Чигит экиш, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ишлов бериш сингари барча агротехник жараёнларда ўн кун тушунчаси олтин қоидага айланиши керак, — деди вилоят раҳбари. — Чунки қишлоқ хўжалиги юмушларини бажаришда бу муддат энг маъқул ҳолат ҳисобланади.
Вилоят ва туман секторлари, қишлоқ хўжалигига дахлдор бошқарма ва бўлимлар, кластер корхоналари, чигит экиш отрядлари раҳбарлари қатнашган семинарда ерни тайёрлаш, техникалар созлиги, ниҳолларни бир текис ундириб олиш билан боғлиқ барча жараёнлар амалий машғулот тарзида тушунтириб берилди.
Вилоятда жорий йилда ”С-8290”, “Наманган-77”, “Султон” ва “Андижон-35” ғўза навларини экиш режалаштирилган бўлиб, ҳудудларнинг табиий-иқлим шароити, ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб жойлаштирилади. Шу мақсадда 155 та чигит экиш отрядларига 7727 та техника бириктирилиб, 134 та кўчма устахоналар ва ётоқхоналар, 75 та ёқилғи тарқатиш машиналари ажратилди. Мавсумда талаб этиладиган моддий-техника ва бошқа ресурслар тўлиқ ҳисоб-китоб қилинди.
— Чигит экишнинг энг мақбул муддатлари уч босқичга ажратилиб, ҳар бир ҳудуд бўйича секторлар кесимида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, — дейди вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алибек Турсунов. — Марказий Фарғона, Қолгандарё массивларида энг тажрибали мутахассислардан иборат алоҳида гуруҳлар фаолият олиб боради. Бу экишни барча ҳудудларда бирдек якунлаш ва сифатли ундириб олиш имконини беради.
Семинарда замонавий, юқори унум билан ишловчи техника воситалари кўргазмаси ташкил этилиб, кластер корхоналари ва илмий-амалий марказлар мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди. Пахтачилик соҳасига илмий, инновацион ғояларни кенг татбиқ этиш бўйича амалий йўл-йўриқлар кўрсатилди.
Ўз навбатида, мавсум масъулиятини теран ҳис этмаётган, тайёргарлик ишларини пайсалга солаётган, минерал ўғитлар жамғариш, техника воситаларидан унумли фойдаланишни йўлга қўя олмаётган кластер корхоналари, туман секторлари раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди. Қисқа фурсат ичида камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ўзбекона удумга кўра палов дамланиб, деҳқончиликка қут-барака, мўл ҳосил сўраб эзгу дуолар қилинди. Бир гуруҳ қиш-лоқ хўжалиги фахрийлари ҳамда мавсум иштирокчиларига вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.