Огоҳ бўлинг, фирибгар!

Огоҳ бўлинг, фирибгар!

“ТЕКИН ПИШЛОҚ” ОПЕРАЦИЯСИ
Самад Мелиев (исм-шарифи ўзгартирилган) “текин пишлоқ”ни қопқонга илиб олиб, ўлжаларини бир эмас, бир неча марта чув туширди. Аввалига Раъно Тожибоеванинг “Агробанк” Олтиариқ филиали томонидан берилган пластик карточкаси махфий кодини билиб, бир миллион беш юз минг сўмни ўзининг “электрон чўнтаги”га туширди. Қилмишининг миси чиқмаганидан илҳомланиб, худди шу йўл билан Шаҳноза Ўринбоеванинг 927 минг сўмини киссасига урди.

Буни қаранг, бир эмас, икки марта жиноят содир этса ҳам ҳеч ким билмади. Демак, энди ҳеч кимса билмайди, деган ўйда Гулсара Мўминова (626 минг), Шоҳсанам Холбобоева (1 миллион 900 минг), Ҳакима Азизова (1 миллион 100 минг), Муҳаррам Абдуқодирова (1 миллион 400 минг), Дурдона Араббоева, Гулшаной Мўминова, Ҳамида Маханова (2 миллион сўм) каби ўнлаб аёлларни қопқонига илинтирган Самад Мелиев офисдан чиқмай, уяли алоқа аппарати орқали гўёки уддабуронлик билан пулни топиб ўтираверган.
Картадан картага пул ўтказиб беришни сўраганлар чув тушганини кейин пайқаганлар. Камига картасидан ойига 50 мингдан ечиб олинаверган. Аниқлик киритиш мақсадида банкка мурожаат қилганларида эса номига микроқарз расмийлаштириб қўйилганини билишган. Томдан тараша тушгандек ҳанг-манг қотган аёллар бу ишни кўчадаги етти ёт бегона эмас, ўзларининг ҳамкасби, хўжалик бўлими раҳбари С.Мелиев қилаётганидан воқиф бўлишгач эса ҳайратдан ёқа ушлашди…
Кўза кунда эмас, кунида синишидан бехабар шоввозга шу йилнинг 4 март санасида суд ҳукми ўқилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандига кўра иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Иқбол Аҳмадов (исм-шарифи ўзгартирилган) эса муқаддам бошқаларнинг молига кўз олайтиргани, ишончига кириб фирибгарлик қилгани беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, жиноятга жазо муқаррар эканига амин бўлган, панжара орти ҳаётининг заҳар-заққумини тотган бўлса ҳам, ўрганган кўнгли ўртаниб қўймади. Текин пишлоқнинг хумори тутди.
Қўқон шаҳрида танишиб қолган Сардор Қурбоновнинг тузоққа тушишини узоқ кутган Иқбол Аҳмадов йиллар давомида унинг ишончига киришга уринган. Ўн йил деганда танишининг етти бош қорамолини сотиб бериш мақсадида унга гўё яхшилик қилгандай бўлиб, 80 миллион 285 минг сўм миқдоридаги пулни чўнтагига жойлаган. Еттита қорамолга чув тушган С.Қурбоновнинг ички ишлар бошқармасига мурожаат қилгани натижасида пули тўлиқ қайтарилди. Фирибгар жазодан қутулиб қолмади. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168- моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, икки йил етти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди.
2021 йилнинг икки ойи мобайнида Фарғона вилояти ҳудудида содир этилган жиноятлар сони 2123 тани ташкил этган бўлса, уларнинг асосий қисми, яъни 50 фоиздан ортиғи фирибгарлик ва ўғрилик жинояти билан боғлиқ. Юқорида келтирилган икки мисол хамир учидан патир, холос. Фирибгарлик жиноятларининг 86 таси ишга киритиш, 58 таси телефон, 55 таси автомашина олди-сотдиси, 38 таси қурилиш ва саноат моллари, 29 таси маиший техникалар ҳамда 27 таси кўчмас мулк билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан фуқароларнинг муносабатга киришишлари давомида содир этилганлиги аниқланган.
Жиноят субъектлари бўйича таҳлил қилинганда, муқаддам судланган шахслар томонидан 122 та, аёллар томонидан 67 та, ёшлар томонидан 155 та, гуруҳ бўлган ҳолда 42 та фирибгарлик иши содир этилган.
Ҳақли савол туғилади: нега одамлар кўп ва тез алданиб қолмоқдалар? Нима учун фирибгарлар кўпаймоқда?
— Таҳлил натижаларини ўзингиз кўриб турибсиз. Икки ой ичида 86 та одамни ишга киритиб қўяман деб алдаган,– дейди Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев. – Одамлар енгил йўлни қидиришга, коррупцияга мойил. Бу 86 та жиноий иш нафақат фирибгарлик, балки коррупция билан ҳам боғлиқ. Кейинги масала, биз жуда ишонувчан халқмиз. Кеча кўриб қолган одамимизни ҳам бугун ака ёки укадек кўрамиз. Бу айрим масалалар, мана шундай вазиятларда панд беради. Сал ҳушёрроқ, сергакроқ бўлишимиз керак. Ким нима деса чиппа ишониб, қўлига пул ёки молимизни тутқазиб қўяверадиган замон эмас ҳозир.
Сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятининг умумий жиноятчиликдаги салмоғи ортиб бораётгани сабабли 2016 йил 26 декабрдаги қонун билан Жиноят кодексининг 168-моддасидаги жавобгарлик оғирлаштирилди. Шунингдек, Олий суд пленумининг фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги қарори янгитдан ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.
Қонунни писанд этмаганлар узоғи билан ўн йил озодликдан маҳрум этилар, ҳуқуқи чекланар, жаримага тортилар. Бу ҳаётда албатта қилмишига яраша жазосини олар. Аммо динимизда, Қуръони каримда келтирилган, у дунёи бу дунёсини куйдириб юборишга гувоҳлик берувчи сура-ю оятлардан ҳайиқмасмилар? Хусусан, Бақара сураси 188-оятда фирибгарлик жинояти молни ботил йўл билан ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бундай йўл билан топилган мол дўзах оташининг бир бўлаги эканлиги айтилган: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!”
Пайғамбаримиз соллал-лоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талафот етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талафот етказади” (Имом Бухорий ривояти).
Қопқонга одамларнинг ишончини текин пишлоқ қилиб илаётган паллада унутмангки, аслида қопқонга улар эмас, сиз тушгансиз. Энг ёмони шуки, мана шундай фирибгарларнинг ортидан ишонч деган туйғу тобора йўқолиб бормоқда. Ака укадан хавфсирайдиган, раҳбар ходимдан сергак тортиб турадиган, дўст дўстга кўнглини ёролмайдиган ҳолга келиб қолмоқда. Бундай маънавий зарарнинг ўрнини жарималар қоплай олармикан?!

Севара
АЛИЖОНОВА.