Ғалла парваришида зарбдор ойлик

Ғалла парваришида зарбдор ойлик

Олтиариқ тумани Файзиобод ММТП ҳудудидаги “Исмоил Нозимобод файз” фермер хўжалигида “Ғалла экинлари парваришида бегона ўт, зараркунанда ва касалликларга қарши уйғунлашган ҳолда курашиш” мавзусида вилоят семинари бўлиб ўтди.
— Ғалла экинлари парваришида зарбдор ойлик эълон қилинди, — деди Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Алибек Турсунов. – Ойлик давомида суғориш, ўғитлаш, кимёвий ишлов бериш ишларини сифатли бажариб, мўл ҳосилга замин ҳозирлаш зарур.
Ғалла ҳосили салмоғи бугунги ҳаракатга боғлиқ. Фермерлар мутасадди ташкилотлар мутахассислари билан майдонларда хатлов ўтказишлари керак. Бунда экиннинг ривожига қараб майдонлар учга ажратилади: ҳолати яхши, қониқарли, қониқарсиз. Агротехник тадбирларни амалга оширишда ана шу омиллар ҳисобга олинади. Ҳолати қониқарсиз деб топилган майдонларда зудлик билан қўшимча озиқлантириш, суғориш ўтказилади. Бу билан ниҳолларнинг баравж ўсиши, туплашига шароит яратилади.
Минерал ўғитлар суспензияси экинлар ривожини тезлатади. Бунда майсалар ер устини тўла қоплаганлигига алоҳида эътибор берилади. Чунки сепилган суспензия ўсимлик барги орқали ўзлаштирилади. Сус-пензия билан озиқлантирилган майдонлар кечиктирилмасдан суғорилади.
Бегона ўтларга қарши курашиш чораларини кўриш муҳим тадбирлардан. Улар 2-3 та чинбарг чиқарганда кимёвий ишлов ўтказиш лозим.
Бошоқли дон экинларида ун-шудринг, сариқ занг, қўнғир занг, сариқ доғланиш касалликлари учрайди. Кимёвий ишлов ўтказилмаса, битта далада ривожланган касаллик минглаб гектар майдонга тарқалиб кетади. Шуни инобатга олиб, кимёвий восита (фунгицид)ларни касаллик тарқалишини кутиб турмасдан қўллаш зарур.
Жорий йилда вилоятнинг 99 500 гектар майдонида ғалла парваришланмоқда. Ҳосилдорликни икки баробар ошириш ният қилинган.
Семинар сўнгида иштирокчилар тадбир ўтказилган фермер хўжалиги ғаллазорларини кўздан кечиришди.
– Шу кунгача ғаллани 3 марта ўғитлаб, 5 марта суғордик, – дейди фермер хўжалиги бошлиғи Козимбек Мадраҳимов. – Айни кунда суспензия сепиш ҳаракатидамиз.
Семинарда ғаллачилик кластерларига минерал ўғит шохобчаларини кўпайтириш, энтомолог-агроном штатларини ташкил этиш, агротехник тадбирларни ўташда отряд усулидан кенг фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.

А. ТУРСУНОВ.
Э. ОЛИМОВ олган суратлар.