Президент қарори – амалда!

Президент қарори –  амалда!

ТУБ БУРИЛИШГА ЮЗ ТУТГАН СОҲА

Ўзбекистон – олтин қазиб чиқариш бўйича дунёда еттинчи ўринда. Кумушга ҳам бой. Бу қимматбаҳо металлар хом ашё бўлиб хизмат қиладиган заргарлик саноатини ривожлантиришга катта имконият яратади. Қолаверса, туризмнинг тобора тараққий этаётганлиги туфайли миллий заргарлик буюмларига талаб ошиб бораётир. Маҳсулотни хорижга етказиш масаласи ҳам бор.

Кези келганда, заргарлик юртимизда бир неча минг йиллик тарихга эга эканлигини қайд этиш керак. Ўзбекистон ҳудудида топилган илк заргарлик буюмлари эрамизгача XII асрга мансуб бўлиб, улар Чирчиқ дарёси маншаидан эди. Амударё манбаида эса эрамизгача V асрда яшаган бақтриялик заргарларнинг буюмлари топилган. Сурхондарёнинг қадимий Далварзинтепасида умумий оғирлиги 32 килограммга тенг тилла ва кумушдан ясалган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган тақинчоқ, бошқа буюмлар аниқланганда, бу янгилик фан оламида катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Бу фактларни заргарлик юртимиз ҳудудида қадим замонларда томир отганлигини ҳамда санъат даражасига етказилган бу ҳунармандчилик турини янада ривожлантириш мавриди келганлигини қайд этиш мақсадида келтирдик.

 

Одатда заргарлар якка тартибда, ўзларининг мўъжаз устахоналарида ишлашган ва ҳозир ҳам шундай. Ўз ҳунарларини фарзандларига ўргатишган, шу тариқа заргарлар сулолалари юзага келган. Заргарлик заводлари эса ХХ асрда пайдо бўлган, шу жумладан, Тошкентда ҳам. Бугун эса пойтахтимизда бундай буюмлар ишлаб чиқарадиган иккита корхона бор: “Фонон” ва 1-заргарлик заводи.

Фарғонадаги собиқ “Универсам” магазини биноси “Gold city” МЧЖ тасарруфида бўлиб, унда заргарлик буюмлари сотиладиган қатор дўкон-расталар бор. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам банд этилмаган: тилла буюмларни сотиш билан шуғулланадиган аёллар марказий деҳқон бозори олдида савдо қилишади. Уларнинг “расталари” танг, тирбанд, серқатнов кўча бўйлаб тизилган бўлиб, хунук манзара кўринишида. Савдогар аёллар “Gold city”га ўтиб ишлашса бўларди, лекин улар “эркин-лик”ни хуш кўришади. Боз устига ихтисослаштирилган заргарлик марказида  ижара ҳақини тўлашга тўғри келади, бу эса буюмларнинг нархи оширилишини тақозо қилади. Тўғри, бозордаги тиллафуруш аёллар билан савдолашиб, нархни тушириш мумкин. Бу, албатта, тиллани хусусий савдогарлардан харид қилишнинг асосий афзал томонидир, лекин улардан сохта ёки нуқсонли тилла буюмни сотиб олиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бундай воқеа-ҳодисаларнинг ҳаммамиз бўлмаса-да, кўпчилигимиз гувоҳи бўлганмиз ёки ўқиб-эшитганмиз.  Шунинг учун ҳам магазиндан, ёрлиғида оғирлиги, софлик даражаси тамғаси кўрсатилган, пломбаси бор буюмларни харид қилиш  маъқул.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 22 февраль кунги заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қарори тармоқ ривожида туб бурилишга сабаб бўлиши муқаррар. Ҳужжатда, биринчидан, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни шартнома асосида тўғридан-тўғри сотиб олишга рухсат этилган. Уларга хом ашё Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари томонидан ёки товар-хом ашё биржаси орқали 15 фоизлик олдиндан тўловни амалга оширган ҳолда 180 кунга кечиктириб тўлаш шарти билан сотилади. Иккинчидан, заргарлик буюмларига асиллик даражаси ва ишлаб чиқарувчининг тамғалари туширилишига ҳам рухсат этилган.

Қарорда, шунингдек, микрокредитлар ажратиш, чакана савдо расталари ўрнига замонавий савдо дўконлари ташкил этиш кўзда тутилган. Ўзбек миллий заргарлик брендини жаҳонга танитиш мақсадида Дубайда ўтказилиши кўзланаётган “World Expo-2021” кўргазмасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тилла ва кумуш буюмлар намойиш этилади.

Бундан ташқари, заргарлик саноати билан боғлиқ масалалар билан шуғулланадиган ташкилот – “Ўзбекзаргарсаноати” ассоциацияси таъсис этилди. Хуллас, бу соҳа юксалишга юз тутди. Буни фарғоналик тадбиркор Ҳабибулло Юнусов ҳам таъкидлайди. Заргарликка берила бошланган эътибордан руҳланган ишбилармон шаҳарнинг Бешбола маҳалласидаги собиқ “Мазза” тўйхонаси биносини сотиб олиб, заргарлик фабрикасини очишга жазм қилган.

— Ҳозир бу бинода “Techno city” МЧЖ  ишчилари қурилиш-таъмирлаш  ишларини олиб боришмоқда, — дейди “Gold city” МЧЖ мутахассиси Бобур Неъматов. – Объектни апрель ойида ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Корхонанинг биринчи қаватида офис, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш цехи, сувенир магазини ҳамда шоурум жойлашади. Заргарлик буюмлари ва миллий сувенирларни корхонага ташриф буюрадиган сайёҳлар ҳам сотиб олишлари мумкин бўлади. Иккинчи қават эса Заргарлик академия-сига аталган бўлиб, унда уч ойлик курсларда тажрибали мутахассислар ёшларни ҳунарга ўргатадилар. Ўқув курслари 300 нафаргача йигитни ўқишга қабул қилиши мумкин. Янги корхона иш бошлагач, 80 нафар заргар ишга олинади.

— Корхонани очишдан олдин ўн беш йилча бу тармоқ ривожланган мамлакатларда бўлиб, заргарлик соҳасида банд ишбилармонлар тажрибасини ўргандим, — дейди мутахассислиги иқтисодчи бўлган “Gold city” МЧЖ муассиси Ҳабибулло Юнусов. – Орттирилган тажриба ва билим ишлаб чиқаришни кенгайтиришда қўл келади, албатта. Келажакда худди шундай корхонани вилоятимизнинг барча йирик шаҳарларида, Сўх ва бошқа туманларда эса уларнинг шохобчаларини ташкил этишни ният қилганмиз. Бу экспорт имкониятимизни кенгайтиришга ёрдам беради.

Ҳабибулло Юнусовнинг гапларига қараганда, айни пайтда “Gold city” МЧЖ Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Италиядаги ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда. Натижада, яқин вақтларда учта хориж мамлакат сармоядори инвестиция киритмоқчи. Мақсад эса аниқ: устувор ҳисобланмиш вазифа – Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини чет эл бозорларига чиқариш.

 

Тамара ТОШМАТОВА.