ХОРИЖГА СОТИЛАЁТГАН СУПУРГИ ТОЛАСИ ТЎҚИЛИШИНИ БИЛАСИЗМИ?

ХОРИЖГА СОТИЛАЁТГАН СУПУРГИ ТОЛАСИ ТЎҚИЛИШИНИ БИЛАСИЗМИ?

Бағдод туманидaги  Муллавали, Истироҳат, Қароқчитол, Миришкор, Бардон, Чўлиюнус қишлоқлари аҳолиси буғдойдан бўшаган ерларда такрорий экин сифатида супурги жўхори ўстирадилар.  Маҳсулотларини нафақат ички бозорларимизда, балки хорижий давлатларга ҳам сотишмоқда.

упурги етиштириш билан 10 йилдан буён шуғулланиб келаман, – дейди Миришкор қишлоғилик Зафаржон Имомалиев. – Бу экинни чиқитсиз ўсимлик деса бўлади. Толасидан супурги тайёрланса,  дони чорва ҳайвонларига ем,  пояси  тандирга ўтин бўлади.

– Бир гектар ердан қанча даромад олиш мумкин? – сўраймиз ундан.

– Ҳосил яхши бўлса, гектаридан икки минг дона супурги чиқади. Ҳозир бозорларимизда супургининг донаси 10 минг сўмдан 15 минг сўмгача. Демак, экинни ўзи етиштириб, боғлаб сотган одам 20-25 миллион сўм атрофида даромад қилиши мумкин. Бунга дони, ўтин сифатида  ишлатиладиган поясини ҳам қўшсангиз, фойда янада кўпаяди.

Харажатларга қизиққанимизда, уларни экиннинг донидан тайёрланадиган ем қоплаб кетишини суҳбатдошимиз яшириб ўтирмади.

Маҳмуджон Ғаниев ярим тайёр маҳсулотни қайта ишлаб, хорижга экспорт қилиш билан шуғулланар экан.

– Деҳқонлардан барги ва донидан тозаланган ярим тайёр маҳсулотни сотиб оламиз, – дейди у. – Дасталаб  боғлаш билан эркаклар шуғулланади. Тўқиш (толасини ёйиш) аёллар зиммасида. Бу ишларга 30-35 нафар ҳамқишлоғимизни жалб этганман. Бир йилда 50-55 минг дона супурги экспорт қиламиз. Ҳамкорларимиз Украина, Молдова давлатларида.

Маҳмуджон  гап орасида экспортбоп супургилар одатдагидек сим билан эмас, сунъий ип билан боғланиши, оғирлиги тенг баробар кам бўлиши,  толаси 2 йўлдан 4 йўлгача тўқилиши (толасини ёйиш учун)ни ҳам айтиб ўтди.

Супурги толасининг тўқилиши  янгилик эди. Шу боис тўқувчи аёллар ишлаётган хонадонга йўл олдик.

Ҳовлига кираверишдаги айвонга тайёр супургилар 100-200 тадан қилиб териб қўйилибди. Маҳмуджон улардан бирини қўлига  олиб,  тушунтириш берди:

– Хотин-қизларимиз қўлида сайқал топаётган супургилар шулар. Кўриб турганингиздек, булар одатдаги супургилардан фарқ қилади. Қўлимдаги 3 йўл тўқилибди. Толанинг узун-қисқалигига қараб,  тўқув йўллари озайиши ёки кўпайиши мумкин. Тўқиш толалар синишининг олдини олиб, супургидан фойдаланиш муддатини узайтиради.

– Кунига 80-100 та супурги тўқийман, – дейди ўзини Шоҳиста Алижонова деб таништирган  аёл. – Ҳар бир тўқилган супурги учун 500 сўмдан 600 сўмгача ҳақ оламиз.

Супурги жўхорини ўриш, юқори қисмини кесиб олиш, барги, донидан тозалаш,  дасталаш, боғлаш, тўқиш каби барча ишлар қўлда бажарилади. Аҳоли ҳалол меҳнат қилиб даромад топаётганидан мамнун.

Асқарали Турсунов.