ФАРҒОНАНИНГ АЁЛИ

ФАРҒОНАНИНГ АЁЛИ

Орзулари оппоқ тонгда беланчакка бойланган,
Туйғулари нур мисоли чаноқларга жойланган,
Тупроқларга сочган меҳри мўъжизага айланган,
Бу дунёнинг ёлғонлари бузолмагай хаёлин,
Орияти осмонча бор Фарғонанинг аёлин.
Қалби унинг гул япроғи, вале тоғдир бардоши,
Алласидан парчалангай вужудларнинг зил тоши,
Юракларга оташ солар бир нигоҳи қуёшдир,
Нозик дилли, олов феълли, садоқатли, вафоли,
Ул Қуёшнинг синглисидир Фарғонанинг аёли.
Юракларни бир софликка, садоқатга етаклар,
Фарзандига жасурликдан сўйлаб берар эртаклар,
Шул боис ҳам мард, вафодор, бир гаплидир эркаклар,
Севгисига паноҳ бўлар кўнглидай оқ рўмоли,
Муҳаббати оловча бор Фарғонанинг аёлин.
Қўшиқ айтса, қўшиқлари яшар мангу Сиз билан,
Байт ўқиса, дардингизни олар ўтли сўз билан,
Гар севсангиз, дилдан севинг, зинҳор севманг кўз билан,
Муҳаббатга муносибдир, фариштали, ҳаёли,
Муҳаббати офтобча бор Фарғонанинг аёли.
Пахтазорда кўринг уни, қадди минг бор эгилар,
Юрак қўри ҳар лаҳзада чаноқларга тўкилар,
Уйим, болам, рўзғор, дейди, ҳаммасига улгурар,
“Хўп” дейди-ю йўқдир унинг “Нега?” деган саволи,
Садоқатнинг тимсоли бу – Фарғонанинг аёли.
Бу аёлга меҳр беринг, ганжу тилло керакмас,
Бир сўз билан бой бўлар у зару зўрлар енголмас,
Фақат унга чин сўзни денг, ёлғонларга чидолмас,
Кўрсатмасин кўз ёшларин, қайноқ меҳр заволин,
Кўз ёшлари уммонча бор Фарғонанинг аёлин.
Сиз аёлнинг кўз ёшларин артиб қўйинг, мард эркак,
Рўзғорингиз бут қилди у, фарзанд берди бир этак,
Ҳар тонг унга бир илиқ сўз, байрамда бир гул керак,
Меҳрингиздан меҳр унар, кунлар ўтар сафоли,
Кунда кулса, яйраб юрса Фарғонанинг аёли.
Аёл гулдир, аёл ҳурдир, аёл ёрдир қаламқош,
Олис йўлга тушдингизми, феълларига беринг дош,
Ўзга гулни орзу қилманг, ундан яхши йўқ сирдош,
Зуҳро айтар юракдаги орзуларин, хаёлин,
Бир Оллоҳга сажда қилар ўзбегимнинг аёли.

Зуҳра АЛИЕВА