БАҲОР ИЧРА…

БАҲОР ИЧРА…

ДИЛБАР ҲАЙДАРОВА (ДИЛБАР БОНУ)

1952 йили Наманган вилояти, Учқўрғон туманида таваллуд топган. 1977 йил НамДУни, 1982 йил Москвадаги Максим Горький номли жаҳон адабиёти институтини битирган. 1983 йилдан 1995 йилгача Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган. 1996 йилдан Намангандаги “Мураббий” номли ўқитувчилар газетасида муҳаррир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Норин мавжлари”, “Кўклам қизи”, “Ишқ сўқмоғи”, “Гуллар нафаси”, “Наманганские яблоки”, “Ватан сўзи”, “Кўнгил боғи”, “Дилис-тоним”, “Настарин”, “Гул фаслим”, “Сайланма”, “Онажон”, “Чимилдиқ”, “Зарафшон фожиаси”, “Тоғ йўли” сингари китоблари чоп этилган. Шеър ва ҳикоялари турли тилларга таржима қилинган.
ДАРЁЖОН
Ғамнинг бозорида юриб чарчадим,
Ўзимни ўтларга уриб чарчадим,
Яхши-ёмонларни кўриб чарчадим,
Юзингга юзимни қўяй, дарёжон,
Соғиндим, меҳрингга тўяй, дарёжон.
Гул давримга етдим қишлардан ўтиб,
Ҳажр водийсида аламлар ютиб.
Қошингга эгилдим борим унутиб,
Юзимни юзингга қўяй, дарёжон,
Соғиндим меҳрингга тўяй, дарёжон.
Ичимда йиғлайман, ташимда сирман,
Шошма дарё, мен ҳам сенга асирман,
Мингта булбулингга ўзим татирман,
Юзимни юзингга қўяй, дарёжон,
Соғиндим, меҳрингга тўяй, дарёжон.
Куйдим, ёндим, оташ бўлдим, ўт бўлдим,
Соҳилингда сабза урдим, ўт бўлдим,
Охир бориб тўрт томонга ўт бўлдим,
Юзимни юзингга босай, дарёжон,
Кўз ёшим бағрингга тўкай, дарёжон.
Осмонда ой гувоҳ, ерда сен гувоҳ,
Худо битта бўлса сен ҳам бирсан оҳ,
Асли девонаман, кўнгил эса шоҳ,
Юзингни юзимга қўйгил, дарёжон,
Оқизиб, оқизиб суйгил, дарёжон…

ВАТАН
ЯХШИДИР
Оғзингни тўлдириб ватан дегани,
Яхши-ёмонингга бир тан дегани,
Тупроғи бир куни кафан дегани,
Ватан яхшидир.

Юртим деб йиғлаган мусофирларга,
Дарёда чўкмаган у Тоҳирларга,
Кўнгли яримларга, ярим пирларга,
Ватан яхшидир.

Ватансиз инсон йўқ, бойсан, носирсан,
Дилда ғаминг билан қайга шошурсан,
Дунё камларидан олатасирсан,
Ватан яхшидир.

Дунёни кезсанг-да осмонда, ерда,
Фаришта елкангда, шайтон ёнингда,
Ғам-алам босганда, ўтса жонингдан,
Ватан яхшидир.

Дунёда яшамоқ, бир кун ўлмоққа,
Баҳорда очилиб, кузда сўлмоққа,
Қувончинг-ғамингни бир кун тўкмоққа,
Ватан яхшидир.

Ёлғончи дунёнинг ёлғонларидан,
Буғдойи тўкилган сомонларидан,
Қочгани дунёнинг ёмонларидан,
Ватан яхшидир.

Умрни яшамоқ бир лаҳза холос,
Қолгани азобдир, азиятга хос,
Дунёни унутиб қўйгани ихлос,
Ватан яхшидир!
Видо
Офат йилим, азобли йилим,
Кун санадик, соат санадик.
Минг бўлакка бўлинди дилим,
Минг хил синов, ғамга ярадик.
Бемор йилим, сазойи йилим,
Асрларга татиди лаҳза.
Баҳор ичра суймадим гулим,
Ёпиқ бўлди ҳатто дераза.
Битта-битта кетавердилар,
Ҳижрон дардин кўтара олмай…
Эшик орти ҳижрон дедилар,
Ичкарида йиғладик, найлай…
Соғинч бизни бирлаштирган чоқ,
Хатлар ёздик, телефонлашдик.
Дунё шундай нафис, бир қучоқ,
Хайр дедик, гоҳ видолашдик.
Космос асрин шу экан ҳоли,
Осмон эмас, ерли бўлайлик.
Борлигимиз эмас малолли,
Ўлсак ҳам шу ерда ўлайлик.
Умр тиланг, деб келар садо,
Йиғиштиринг машваратларни.
Юз йил яшанг, майли мабодо,
Сал унутинг, айш-ишратларни.
Рақамлари чиройли йилга,
Тикка турдим айтиб хайру хўш.
Келақол деб шу Янги йилга,
Замин бағрин очди ялангтўш.
Хайр, дейман қўлларимда тош,
Хайр, дейман юрагим зада.
Хайр, дейман кўзларимда ёш,
Хайр, дейман, дардим зиёда.
Офат йилим, азобли йилим,
Юпун бўлдик, сенда таландик.
Дунё бўлди тилим ва тилим,
Шу тоб кет, деб сенга эландик.
Хайр сенга, яна алвидо,
Дунё узра из тизиб кетдинг.
Яқинлардан қилганча жудо,
Ақлимизни киргизиб кетдинг