Сув билан ер, меҳнат билан эл кўкарар

Сув билан ер, меҳнат билан эл кўкарар

Қува гуллари олис Олмонияга экспорт қилинади

Қувалик миришкорлар азалдан гулчилик, кўчатчилик, боғдорчиликда донг таратганлар. Асосий майдони қир-адирлардан иборат туманнинг бугун гуллаб-яшнаган гулзору боғ-роғларга бойлиги ҳам шундан бўлса керак. Туман ҳудудига кириб келишингиз билан баҳорги юмушларнинг “қайнаб” кетганига гувоҳ бўласиз.

Илгари Шредер номли республика боғдорчилик ва мевачилик илмий текшириш институти Фарғона филиали  номи билан машҳур бўлган “Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази” жойлашган “Гулистон” МФЙда бўлдик. Экиш-тикиш палласи эмасми, хонадонлар олдига турли-туман дарахт, гул кўчатлари томирлари тупроққа кўмиб териб қўйилган: харидорлар танлаб, саралаб олиб кетишмоқда. Илмий-амалий марказда ҳам одам гавжум, баҳорги агротехник тадбирлар, янги навлару бугунги нархлар хусусидаги суҳбат қизиган.

– 400 гектарга яқин еримизнинг 180 гектари мевали, 200 гектардан ортиғи ёш боғлардан иборат, – дейди биз билан суҳбатда марказ раисининг ўринбосари Ҳожиакбар Ҳожиматов. – Бугунги кунда 280 дан зиёд пудратчилар билан ижара шартномаси асосида иш олиб бориляпти. Айни пайтда барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, етилган кўчат ниҳолларини сотиш авж палласида. Жумладан, республикамизнинг барча вилоятларидан келиб, мевали ва манзарали кўчатларни олиб кетишяпти. Мавсум охиригача ҳар бир вилоятга бир миллион тупдан арзон нархларда кўчат етказиб бермоқчимиз.

Бу ерда етиштирилган янги навли кўчатлар, гул ниҳоллари, мева-чевалар нафақат ички бозорда сотилади, балки хорижга экспорт қилинади. Экспортёр корхоналар, хусусан, Абдурасул Ҳа-санов, Хурсан Исмоилов каби ўнлаб тадбиркорлар томонидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия давлатларига кўчатдан тортиб мева, полиз маҳсулотларигача экспорт амалга ошириб келинади.

– Олма, беҳи, нок каби уруғли дарахтларга кузда шакл берилса, ўрик, шафтоли сингари данакли дарахтлар баҳорда кесилади. Пудратчиларимиз ёш боғлар қатор ораларида кўчат ниҳоллари, қулупнай, помидор каби экинларни парваришлашади. Шу орқали ижара ҳақини тўлаб, яна салмоқли даромад ҳам олишади. Миришкор деҳқонларимиз етиштирган атиргуллар ҳатто Германияда ҳам  харидоргир, – дейди бош ҳосилот Аҳмаджон Мусаев.

Марказда томорқа ер эгаларини сифатли уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш, селекция, интенсив боғлар яратиш, замонавий иссиқхоналар қуриш, томчилатиб суғориш каби соҳаларда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Юртимизда етиштириладиган мева навларининг барчасидан бор. Ёнғоқ, бодом, нок, узум, анжир, дуб, арча, гуллар… Шафтолининг 100, ўрик, олма, нок каби меваларнинг 50 дан ортиқ навлари яратилиб, парваришланмоқда. Биргина ўрикнинг “Қилич”, “Йўлдош”, “Лола” каби ҳам ички бозорда харидоргир, ҳам экспортбоп навлари яратилиб, оммалаштирилмоқда. Илмий асосда орттирилган бой тажрибалар, замонавий агротехник тадбирлар, яратилган янги
навлар, соҳадаги ислоҳот ва янгиликлар билан тадбиркорлар, боғбонлар ва томорқачилар мунтазам таништириб борилади. Томор-қадан унумли фойдаланиш, боғдорчилик, гулчилик каби йўналишларда доимий ўқув курслари фаолият олиб боради. Жумладан, 2020 йилда 2700 нафар, шунингдек, вилоятимиздаги барча МФЙ раис ўринбосарлари ўқув курсларида ўқиб, тажриба ўрганиб кетишди.

“Қишки боғ” лойиҳаси эътиборимизни тортди. Томчилатиб суғориладиган 18 сотихлик иссиқхонада йил давомида, хусусан, қиш мавсумида ҳам лимон, мандарин, қулупнай, бодринг, помидор каби мева ва полиз маҳсулотлари эл дастурхонига тортиқ этилади.

“Гулистон” МФЙ раиси Исмоилжон Умурзоқовнинг айтишича, ҳудудда ҳар йили декабрь-апрель ойларида ишчи кучига эҳтиёж юқори. Ҳар куни 200 дан ортиқ мавсумий ишловчилар банд бўлишади.

– Қишлоғимиз одамлари жуда меҳнаткаш, ўз ишининг усталари. Деярли ҳаммаси мана шу марказнинг пудрат-чилари ҳисобланишади. Томорқачиликдан йилига 50-60 миллион сўм даромад олишади. Ҳозирги пайтда маҳаллада “Темир дафтар”га киритилганлар қолмади. Рости, битта бор эди. Ишсиз Сардоржон Юсуповга марказ тасарруфидаги бир гектар ерни бир йиллик ижарага бердик, – дейди маҳалла раиси. – Агар астойдил меҳнат қилса, шартнома шартларини ўз муддатида бажариб борса, камчилиги бўлмайди.

– Марказ тасарруфидаги бир гектар ерни шартнома асосида ижарага олганмиз, – дейди намунали пудратчилардан бири Қаҳрамонжон Мадалиев. – Гилос боғимиз мевага киргунича қатор ораларида 6,5 миллион туп турли навдаги кўчатларни етиштирганмиз. Харидорлар кўп. Бу йил кўчатнинг ўзидан 50-55 миллион сўм даромадни кўзлаганмиз.

Марказда Корея, Хитой технологиялари асосида намунали иссиқхоналар барпо этилибди. Ҳар бирининг ўзига хос афзаллик жиҳатлари бор.

Ҳаётжон Бойбобоев.

Шерзод Қорабоев

олган суратлар