Ижод мактаби – маънавият академияси Эркин Воҳидов номидаги Ижод мактаби фаолиятидан

Ижод мактаби –  маънавият академияси  Эркин Воҳидов номидаги  Ижод мактаби фаолиятидан

2018 йилда ташкил этилган Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёт, хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда 134 нафар ўқувчилар тарбияланмоқда. 11 та ўқув хонаси, 14 ўринли ахборот технологиялари зали,   3000 дан ортиқ китоблар жамланган кутубхона ёш ижодкорлар ихтиёрида. 90 ўринли ошхона, 140 ўринли ётоқхонада замонавий шароит-лар яратилган. 63 нафар педагог ва тарбиячилар ўқувчиларнинг барча фанлардан пухта билим олишлари, айниқса, она тили ва адабиёт, хорижий тилларни мукаммал ўрганишларига ҳам ижодий ёндашадилар.

Ёшлар назм, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима йўналишларида тинимсиз изланишади. Инглиз, рус, турк ва араб тилларида шеърлар ёзадилар, устоз Эркин Воҳидов шеърларини хорижий тилларга таржима қиладилар. Мактабда “Ўзбегим” радиоси ташкил этилган. Республика ва халқаро ижодий танловларда муносиб эътироф этилаётган ёшларни кўриб, бу даргоҳ ўқувчиларнинг ижодий юксалишларига замин яратувчи адабиёт мактаби бўла олишига ишончингиз ортади.

Таълим муассасасининг Толибжон Рўзибоев, Баҳодир Исо, Ўктамхон Солиева, Мунира Қўқонова, Гулчеҳра Асронова, Муҳаммадамин Нурматов, Давлатжон Каримов сингари устозлари бор.

Республикадаги 9 та Ижод мактаби ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадалари, кўрик-танлов, адабий анжуман ва мушоираларда ёш ижодкорлар ҳамиша ғолиблар сафида бўлишади. “Ғунча ифори”, “Қўштепа илҳомлари”, “Сиз билган, билмаган Анвар Обиджон”, “Бунда булбул китоб ўқийди” каби ёшлар  баёзига шеърлари киритилган Нилуфар Эргашева шундай ёзади:

Ватан, сенга баландпарвоз гап-сўзлардан,

Бир гард юқиб қолишидан қўрқувдаман.

Мана шу сатрнинг ўзиёқ Ватанни англашга, уни бетаъма, юрак-юракдан севишга интилаётган ёш ижодкорнинг ўзига хос ёлқини аслида.

“Олтин девор”, “Чашма”, “Бадиий таржима”, “Дилхирож” каби адабий тўгаракларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган устоз шоирлар раҳбарлик қилишади. Мактаб ўқувчиларининг аксарияти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Олтин қалам” тўгарагининг “кашфиёт”лари.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети ва Шарқшунослик институти билан ўрнатилган илмий-ижодий ришталар ҳам муносиб самаралар бераётир. Жорий йилда Ижод мактаби ташаббуси билан Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигига бағишланган “Қўшқанот қасидаси” баёзи чоп қилинди. Рамзий йўлбошчи сифатида устоз Эркин Воҳидов шеъри билан бошланадиган баёздан Ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчиларининг икки буюк даҳо ижодига эҳтиром руҳидаги шеърлари, ғазал ва рубоийларининг хорижий тилларга таржималари ўрин олган.

Ижод мактабида ҳар ўқув йили якунида 2 нафардан энг фаол ва иқтидорли ўқувчилар танлаб олиниб, “Эркин Воҳидов” номли стипендия ва замонавий планшет билан тақдирланиши анъанага айланган.

Эркин Воҳидов Ижод мактабининг бугунги куни, файз-у шукуҳи ҳақида энг яхши ва мухтасар таърифни ушбу сатрлардан топдик:

Шу Ватан, шу халқнинг обод мактаби,

Муҳаббат, садоқат – сабот мактаби,

Асли адабиёт – ҳаёт мактаби,

Эл меҳри, юрт ишқи – мурод мактаби.

Энг латиф, энг тоза баёт мактаби,

Бу -Эркин Воҳидов Ижод мактаби!

Жилғалар бир куни дарё бўлажак!

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.

Бир олам

яралди…

Бир олам яралди осмондек кенг ва

Коинотдан катта, юлдузлар бисёр.

Ошиқлари ажиб, кўзларида ишқ,

Юмуши ҳажр-у сўзлари изҳор.

 

Излашар якунни, кезиб очунни,

Лайлилар келади, Мажнунлари йўқ.

Чунки ишқ дунёси ошиқлари-чун,

Висол бегонадир, фироқ эрур чўғ.

 

Илоҳий ишқларга йўғрилган дунё,

Сўз қудрати ила гўзал бу лаҳза.

Унинг муаллифи Навоий эрур,

Очун номи эса аталур «Хамса».

 

Диёра

БАДИРДИНОВА,

10-синф ўқувчиси.

Ватанимга

 

Мени кечир, офтоб еган бу елкангдан,

Кетмонингни олмоққа ҳеч етмас кучим.

Розимисан эзгуликнинг кетмонини,

Елкадамас, кўкда тутсам сенинг учун.

 

Шоир бўлгум сени алқаш учун эмас,

Хушомадгўй мисралардан сиқувдаман.

Ватан, сенга баландпарвоз гап-сўзлардан,

Бир гард юқиб қолишидан қўрқувдаман.

 

Сен чорлагин боғларингга кетаётиб,

Дарёларни элтиб берай суғоргани.

Бугун шахдам қадам ташлаб борар қизинг,

Товонингдан тиканларни суғургани.

 

Ғам кўрмаган бахт исмли шаҳарчадан,

Бахт чечаклар териб келай сенга, юртим!

Нилуфар

ЭРГАШЕВА,

9-синф ўқувчиси.

Мен баҳорман!

 

Мен баҳорман!

Кўксимда баҳорий чечаклар унган,

Эгнимда гуллайди эзгулик, чаман.

Юрагим жуда ҳам улуғвор, ўктам,

Тупроғим ҳаётбахш, уни севаман.

 

Мен баҳорман!

Ҳаттоки тошдан ҳам ниҳол ўстириб,

Булутлар кўзидан томчилатиб ёш,

Музлаган  жилғалар чиқар отилиб,

Нурли тафтлари ҳам мен учун қуёш.

 

Мен баҳорман!

Яхшилик исмимнинг эгизи бўлган,

Дилни гуллатади ҳар битта оним,

Бетакрор ва жўшқин қўшиқларимни

Жўр бўлиб айтади Ўзбекистоним.

Ҳожиакбар ЗИЙНАТШОЕВ,

9-синф ўқувчиси.

Мураббо

 

Қўшнисининг уйига,

Кириб келди Собиржон:

-Мураббо бериб туринг,

Ойим аҳволи ёмон.

 

Уч кундирки ойимнинг

Томоғи қаттиқ оғрир.

Дори ичиб кўрдилар,

Тузалмади барибир.

 

-Идиш олиб чиқмабсан,

У бўлмаса нетаман?

-Оввора бўлманг, хола,

Ейман-у сўнг кетаман.

Сарвиноз ИКРОМОВА,

10-синф ўқувчиси.

Эсингиздами, дада?

 

Кенг дала,  этаги осмонга туташ,

Сиз кетмон чопасиз, чой дамлаш менга.

Эҳтимол, бир умр топмасам керак,

Бахтга қоришилган шу дамлар тенгин.

 

Қандай сабаб билан ёдимда йўқ-ку,

Радио қулоғини бурайман…титроқ…

Биз исмини билмас нотаниш ҳофиз

«Ўзбегим» қўшиғин айтар эзгинроқ.

 

Фақат шундагина сукутда дала,

Ҳатто мен-да жимман, ҳеч тинчимас қиз.

Яхши англаганман. Дада, кетмонга

Фақат  шундагина ўйчан боққансиз.

 

Кўнгилга туташган қўшиқ тинмайди,

Бир талай аллома исмини айтиб.

Сел бўлиб тинглайсиз «Ўзбегим»ни сиз…

Бу  мискин ҳолатни кўрмадим қайтиб.

 

Асл шеър кўнгилга қуйилиб кирар,

Кўтара олсак бас унинг юкини

Қачонки дунёлар кашф этилади,

Ўзбек англаганда ўзбеклигини.

Муаттар

Маматкаримова,

11-синф ўқувчиси.

У яна

қайтади,

қайтганда

баҳор

Илк бора кўргани бойчечак бўлди,

Тинглагани эса унинг эртаги.

У ҳаётни фақат баҳор деб билди,

Аммо эртак эди юрагидаги.

 

Шодон қўшиқ айтар ёнида гуллар,

Дунёсида йўқдай бахтлироқ ундан.

Эртасига ҳаво айниши билан,

Асар ҳам қолмади бирорта гулдан.

 

У илк бор айрилиқ таъмини тотди,

Дарахтдан йиқилди мевалар бир-бир.

У йиғлаб аланглар турфа томонга,

Эртакнинг бу жойи йўқ эди ахир.

 

Кўзини чанг босган, юзи шалаббо,

Дарддан вужуд, жони сарғаяр ғамгин.

Қичқирар дўстлари ётган ер томон,

Бойчечак, қайдасан ёлғончи кампир?

 

Наҳот сиғдирмаса шу қари дарахт,

Митти япроқларнинг митти жуссасин.

Унинг эртагида куздан йўқ нишон,

Унинг эртагида ҳамма яшасин.

 

Ёлғон эмас эди бойчечак сўзи,

Қари эртакчининг айтганлари чин.

У яна қайтади, қайтганда баҳор,

Эртакнинг давомин эшитмоқ учун!

 

Исмоилжон

ОДИЛОВ,

11-синф

ўқувчиси.