Қарор ва ижро

Қарор  ва ижро

ЁРДАМГА МУҲТОЖ КОРХОНА

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Фарғона ўқув ишлаб чиқариш корхонаси 1963 йилдан бери фаолият юритиб келади. Матрас, бўз, ёстиқ, кўрпача ишлаб чиқарилади. Айни пайтда ўқув ишлаб чиқариш корхонасида 50 нафар ишчи бор. Уларнинг 37 нафари I ва II гуруҳ ногиронлари. Маҳсулотларга буюртма бўлмаганлиги сабабли ҳозирда ҳеч қайсиси иш билан банд эмас.

— Авваллари корхонамиз томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар буюртма асосида хориж давлатларига ҳам жўнатилган. — дейди Фарғона ўқув ишлаб чиқариш корхонаси директори Абдураҳим Қўлдошев. — Иш бир зум ҳам тўхтамас эди. Ўша вақтларда бир ойда 25-26 минг погоно метр шолча-пойандоз ишлаб чиқарар эдик.  Буюрт-малар кескин камайиб кетди.  Ўтган йиллардан сотилмай қолган 36 миллион сўмлик маҳсулотимиз харидорини кутиб ётибди. Корхона иш фаолиятини тиклаш учун кирмаган ташкилотим қолмади. Бюджет ташкилотларига жуда кўп мурожаат билан чиққанман. Лекин улар “узр, ўзимизнинг оладиган жойимиз бор” деб жавоб беришади. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 августда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бозор иқтисодиёти шароитида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаётган корхоналарнинг барқарор фаолият юритишини рағбатлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишга эътибор қаратилган. Бундан буён ишловчилар умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган, уларга тўланадиган иш ҳақи умумий иш ҳақи фондининг камида 50 фоизини ташкил этган   корхоналар, жамоат бирлашмалари ҳисобланган  юридик шахслардан олинадиган фойда, қўшилган қиймат ва мол-мулк солиқларидан озод қилинди. Шунингдек, ногиронлар жамоат бирлашмаларининг товарлари (ишлари, хизматлари)ни харид қилиш учун мажбурий квоталар миқдори давлат томонидан тақдим этилиши қарорда белгилаб қўйилди.

— 23 йилдан бери Фарғона ўқув ишлаб чиқариш корхонасида ишлайман, — дейди III гуруҳ ногирони Сорахон Собирова. — Буюртмалар камлиги боис кўп вақтимиз бекор ўтяпти. Топиш-тутишимизнинг “мазаси” йўқ. 451 минг сўм нафақа оламан. Уйда уч нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим I гуруҳ ногирони. Агар давлат томонидан корхонамизга буюртмаларни кўпайтиришга кўмак кўрсатилса, ишлардик, рўзғоримизга барака кирар эди.

— 30 йилдан бери шу ерда ишлайман, — дейди II гуруҳ ногирони Тоҳир Раҳмонов. — Баҳордан бери бирор тайинли иш қилганим йўқ. Корхона ҳудудини супириб, тозалаб юрибман. 435 минг сўм пенсия оламан. Бу пул икки нафар бо-ламни едириб-ичириш, кийинтиришга етмайди. Ишлайман десам, кўриб турганингиздек, иш йўқ. Қанийди, тезроқ қарорнинг ижроси таъминланса?

Ишлаб чиқариш корхонасидаги дастгоҳлар бир пайтлар тўхтовсиз ишлаган. Бугун эса  худди музейларда сақланаётган экспонатларга ўхшайди. Цех устаси Рустам Ҳусановнинг айтишича, бу ердаги 40 та дастгоҳ 2016 йилдан бери ишлагани йўқ экан.

 

Куни кеча вилоятҳокими ХайруллоБозоров корхонага ташриф буюрди.  Муаммоларга тез фурсатларда ижобий ечим топиши ҳамда замонавий дастгоҳлар олиб келиниши ҳақида дахлдор ташкилотларга топшириқ берди. Корхона биноси ва ётоқхонанинг таъмирланишини ҳам таъкидлади.

Шоҳсанам

ЭШМАТОВА.