МАМЛАКАТ ЖУРНАЛИСТЛАРИ “Чимён” медиафорумида

МАМЛАКАТ ЖУРНАЛИСТЛАРИ  “Чимён” медиафорумида

22-27 февраль кунлари вилоятнинг сўлим сиҳатгоҳида  анъанавий “Чимён-2021” медиафоруми бўлиб ўтади

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказиб келинаётган анъанавий “Чимён” медиафорумида илгари суриладиган эзгу ташаббуслар мамлакатимиз ОАВлари мазмун-мундарижасини бойитиш, ижодий фаолиятга янги анъана ва тенденцияларни кенг татбиқ этиш сингари жиҳатлари билан ғоятда аҳамиятлидир.

Анъанавий медиафорумнинг бу галги ижодий мулоқотларида иштирок этиш учун республика ОАВ бош муҳаррирлари, Қорақалпоғистон Респуб-ликаси, мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларидан вакиллар таклиф этилган. “Чимён-2021” медиафоруми дастурига кўра, иштирокчилар дастлаб Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Марказда ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт йўналишларида замонавий шарт-шароитлар муҳайё этилган. Баркамол авлод вакиллари билан юзма-юз суҳбатда журналистлар келажагимиз ворислари эришаётган ютуқларни юксак эътироф этишди.

Ипакчилар шаҳри Марғилонда қад ростлаган Ҳунармандлар марказида 400 дан ортиқ иш ўринлари яратилган бўлиб, атлас, ипакли адрас, сатин, шойи, аъло бахмал каби ўнлаб турдаги табиий ипак матолар МДҲ давлатлари, Осиё ва Европа қитъасига экспорт қилинмоқда. Ота-боболардан мерос анъанани изчил давом эттираётган моҳир ҳунарманд, Олий Мажлис Сенати аъзоси Иброҳимжон Султонов меҳмонларни марказ фаолияти билан батафсил таништирди.

Медиафорум иштирокчилари Фарғона шаҳридаги тошдан қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Fergana stone paper” корхонасига ташриф буюришди. Тадбиркор Абдураҳмон Ниёзов журналистларга Хитой технологияси асосида йилига 9 минг тонна қоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга истиқболли бизнес-лойиҳа хусусида маълумот берди.

— Шу йилнинг 4-5 февраль кунлари Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи давомида мазкур корхонада бўлиб, корхона синов режимида ишга туширилганидан ОАВ орқали хабардор бўлган эдик, — дейди “Шовот истиқболи” (Хоразм вилояти) газетаси бош муҳаррири Махбира Абдалова. — Бугун корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, тадбикорларимиз шу каби ноёб лойиҳаларни ҳеч иккиланмай ҳаётга татбиқ этаётганидан қалбим ғурур ва ифтихорга тўлди.

Миллий матбуотимиз равнақ-ривожини таъминлашда Фарғона журналистикаси, бир асрдан зиёд тарихга эга “Фарғона ҳақиқати” газетасининг ўз ўрни бор. Ҳозирги кунда ўзига хос тажриба мактаби яратилган таҳририят ижодий жамоаси эзгу анъаналарни изчиллик билан давом эттирмоқда.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ҳамкасблар таҳририят фаолияти билан танишиб, ижодий ютуқлар, замонавий қулайликларга ҳавас қилишди.

— Газета ададининг юқорилиги, босма нашр билан бирга унинг электрон нусхаларини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилаётгани эътиборга лойиқ, — дейди “Қоровулбозор тонги” газетаси (Бухоро вилояти) бош муҳаррири Баҳром Солиев. — Таҳририятнинг моддий-техник базаси, ижодий ходимларга яратилган шароитларга ҳам гап йўқ. Бундай ҳолатни одатда хорижий ОАВ фаолиятида кузатар эдик. Таҳририят жамоаси ва муассис – Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасидаги самимий ҳамкорлик намуна сифатида кўрсатишга арзийди.

Ўз навбатида медиафорум қатнашчилари Фарғона туманининг Лоғон қишлоғида ташкил этилган саноат корхоналарида бўлиб, қишлоққа саноатни олиб кириш, тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самараси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Шунингдек, меҳмонлар учун Фарғона шаҳрининг диққатга сазовор масканлари бўйлаб саёҳат ташкил этилди.

Ботир МАДИЁРОВ.