Зичлаштириб Қуриш — Қонунга хилоф

Зичлаштириб Қуриш —  Қонунга хилоф

Охирги пайтларда Фарғонада кўп қаватли уйлар ҳовлилари ўртасига янги объект қуриш урф бўлиб кетди. “Бўлаверади” қабилида зичлаштириб қуриш маҳаллий аҳолининг ҳаёт шароитларини ёмонлашувига олиб келади, муҳими, бу, амалдаги қурилиш ва санитария қоидалари ва меъёрларига зиддир. Боз устига аввал режа асосида қурилган уйлар ўртасига янги бинонинг “ёпиштириб” қўйилиши уйғунликка путур етказяпти. Аслида, режага асосан қурилган уй-жойларда ҳар қандай қурилиш ман этилган.  Шундай бўлса-да, хусусий қурилиш ташкилотлари ўз фойдасини деб, соя-салқин берадиган дарахтларни ҳам, болаларнинг эпчиллик ва чаққонлик каби жисмоний фазилатларини ривожлантиришга кўмаклашадиган ўйин майдончаларини ҳам аямай, лойиҳаларини амалга ошириш ҳаракатида.

Бундай номаъқулчиликни шаҳарнинг деярли барча мавзеларида кузатиш

мумкин эди.

 

қинда ҳам “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини, Мотуридий кўчасидаги умумий ҳовлисига ҳамма-нинг ҳаваси келарди. Сабаби — ҳовлида дарахт сероб бўлиб, ёз кунлари ҳам салқин эди. Лекин шаҳарнинг собиқ ҳокими қарори билан тадбиркор Ш. Неъматовага бу ерда беш қаватли уй барпо этишга рухсат берилиб, ўнтага яқин дарахт кесилди, қурилиш техникаси келтирилиб, ишлар авж олган эди. Бироқ маҳаллий аҳолининг бефарқ бўлмаган вакиллари қурилишдан норози бўлиб, турли идораларга мурожаат қилишди. Натижада, қурилиш тўхтатилди.

—Қачонлардир ҳовлимизда мўъжаз сузиш ҳавзаси бўлган, энди пойдевор чуқури кўмилиб ташланганидан сўнг унинг ўрнида болалар майдончаси қурилар экан, — дейди 58-уйда яшовчи Наталья Ахмаджонова хурсандчилигини яшира олмай. — Биз эса ҳашар эълон қилиб, ҳовлимизни ободонлаштириш ниятдамиз.

“Алишер Навоий” маҳалла фуқаролар йиғини, Ойбек кўчасидаги ланг очилган китобни эслатадиган, бир-бирига қўшилиб кетган учта беш қаватли уй ҳовлисида ҳам зичлаштириб кўп қаватли уй барпо этилаётир. Қурувчилар берилган саволларга истамайгина жавоб беришди. Объект шундоққина болалар майдончасида қад кўтаряпти, ваҳоланки, улар орасида кам деганда 12 метр масофа қолдирилиши лозим эди. Лекин ҳайратга солган нарса бошқа — ҳовлининг нақадар ифлослиги, тартибсизлиги бўлди. Нима, қурилиш кетаётган бўлса, тозалаш ишларини тўхтатиш керакми?

Бу хунук манзарани кўриб: маҳалла раисининг ҳафтада бир марта ҳудудни айланиб чиқадиган одати бўлганда, бундай расвогарчилик бўлмасмиди, дейсан. Кези келганда, маҳаллий аҳолининг ўзи яшаб турган жойидаги тозаликка шунчалар бефарқ бўлмаслиги зарурлигини ҳам қайд этиш лозим.

“Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги қурилиш ҳам ҳайратлан-тирмай қўймайди. Тасаввур қилинг: иккита кўп қаватли уй ўртасида “Олтиариқ файз” МЧЖ қурувчилари янги уй-жой қуришга шайланганлар. Қурилиш майдонида вилоят ишчи гуруҳи аъзолари, маҳалла раиси ҳамда қурилишга қарши фуқаролардан Шерали Юлдашев ва Баҳромжон Мамажоновлар бор эди.

— Қаранг, — дейди вилоят ишчи гуруҳи аъзоси Муҳаббатхон Кошева, — янги бино қурилиб битган тақдирда, йўлакларни ҳисобга олмаганда уйлар ўртасида масофа қолмасди. Бундан ташқари, у аввал қурилган уйларни тўсиб, шамоллатишни истисно этиши  аниқ.

— Қурилишдан норози фуқаролар менга бир ой аввал мурожаат қилишган эди, — дейди “Маърифат” МФЙ раиси Сиддиқ Ҳамроқулов. — Аммо, шаҳар ҳокимининг қарорига қарши нима ҳам қила олардик… Мана, маҳалламизнинг яна иккита жойида 77 ва 77 “а” уйлари олдида ҳам зичлаштириб, янги бинолар қурилиши бошланган.

— Шаҳримизнинг Юксалиш кўчасида, Аҳмад ал-Фарғоний кўчасининг 14 “а” уйи олдида ҳам бор, — қўшиб қўяди кимдир.

— Опа, — деб мурожаат қилади бешинчи қаватдаги хонадон соҳибаси Гулнора Холдорова деразадан қараб. — Ёш болам бор, ташқарига чиқа олмайман. Ҳовлимизда фарзандларим, қўшниларим фарзандлари яйраб ўйнаган майдонча бор эди. Уни бузишиб, ўрнида нақ рўпарамизда янги уй қуришмоқчи. Менинг тўртта ёш болам энди қаерда ўйнасин?! Ёзнинг жазирама кунлари димиқиб қолмаймизми?

Тадбиркор Ш.Неъматовага автодром депарасида ер ажратиладиган бўлиб, “Гулзор” маҳалласидаги уй-жой қурилишини тўхтатиб қўйган.  Айбдорлар кесилган дарахтлар ўрнига янги кўчатлар экишадиган бўлишди. Бу тадбиркордан фарқли ўлароқ, Маърифат маҳалласида уй қурмоқчи бўлган “Олтиариқ файз” ниятидан қайтмоқчи эмас. “Мен тендерда қатнашиб, ғолиб чиққанман. Нима бўлганда ҳам уйни қуриб оламан”, деб туриб олибди. Уни тушунса бўлади: шаҳар марказидаги ер – қиммат, бу ерда қурилган уйлардаги хонадонларни сотиш анча осон кечади. Лекин мавжуд  кўп қаватли уйлар орасида  барпо этиладиган уйда яшашни хоҳловчилар кўп бўлмаса керак. Чунки мақбул ҳаёт шароитлари, яъни умумий ҳовлининг кўкаламзор, обод эканлиги, болалар майдончаси, автомобиль тўхташ жойи-нинг борлиги хонадон танлашда бош мезон бўлиб ҳисобланади. Зичлаштириб қуриш эса яхши ҳаёт шароитларининг ёмонлашувига олиб келади, хусусан,  машинада ҳаракатланишда қийинчилик  туғдиради.

Шуни тан олиш керакки, кўп қаватли уйлар ўртасида катта жой бўлган мавзелар ҳам бор. Масалан, А.Қодирий номли мавзе. Ўша ерларда янги иморатлар барпо этса бўлади, лекин тадбиркорлар марказни афзал кўрадилар. Сабаби эса маълум.

Нима бўлганда ҳам, уй-жойни лойи-ҳалаштиришда Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексига кўра, қурилиш ва санитария қоидалари, меъёрларига риоя этиш мажбурий. Кодексда, жумладан, уй-жой иморатлари орасидаги масофа белгиланиб, инсоляция, шамоллатиш, болалар ва спорт майдончалари, дам олиш жойлари назарда тутилган. Ҳатто умумий ҳовлининг унда истиқомат қилувчи ҳар бир шахсга қанча квадрат метри тўғри келиши ҳисоблаб чиқилган. Агар тегишли мансабдор шахслар, лойиҳачи ва қурувчилар томонидан бу ва бошқа талабларга амал қилинганида эди, фуқароларнинг тинчлиги бузилмас эди. Ҳаёт шароитларининг ёмонлашувидан, соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқидан маҳрум этилганларидан норози  бўлмасдилар.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг топшириғига биноан, Фарғонада зичлаштириб қурила бошланган биноларни барпо этиш тўхтатиб қўйилди. Қурилишларнинг қонунийлигини ўрганиш шаҳар ҳокими ва прокурори зиммасига юкланди.

 

Тамара ТОШМАТОВА.