Сувни тежаш технологияси нима беради?

Сувни тежаш технологияси  нима беради?

“Фарғона ҳақиқати”- “Ферганская правда”

газеталари бирлашган таҳририятида

ташкил этилган давра суҳбати  шу мавзуга бағишланди

Иқтисодий самарадорлик кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги экинларига сарфланадиган сувдан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланишга боғлиқ. Бироқ, бутун дунёда бўлгани каби республикамизда сув тақчиллиги сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда. Шунинг учун ҳам тежамкор технологияларга эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сув манбаларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этишни рағбатлантириш, суғориладиган майдонларни сув билан барқарор таъминланишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар давлат  томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги натижасида ўтган йилнинг ўзида республикамизда қўшимча 133 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.

Давра суҳбатида қарор мазмун-моҳияти, белгиланган асосий вазифалардан келиб чиқиб, унинг Фарғона вилоятидаги ижроси доирасида фикрлар билдирилди. Соҳа мутахассислари, кластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ўз тажрибалари асосида қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишнинг афзаллиги, эришилган ижобий натижалар ҳақида тўхталиб ўтишди.

Давра суҳбатини “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Муҳаммаджон ОБИДОВ олиб борди.

Курраи заминимиздаги сувларнинг 2,5 фоизидан ортиғи фойдаланишга яроқли чучук сувдир, унинг 79 фоизи абадий музликларга, 20 фоизи ер ости сувларига, атиги 1 фоизи дарё ва кўлларга тўғри келади. Маълумотларга кўра, 2050 йилга бориб дунёда аҳолининг учдан икки қисми чучук сув танқислиги муаммосига дуч келади.

Президентимиз қарорида истеъмолга ва суғоришга яроқли сув манбаларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари самарадорлигини ошириш механизмлари аниқ белгилаб берилган.

Вилоятда сув тақчиллиги хавфини камайтириш ва қарор ижросини таъминлаш борасида қандай ишлар режалаштирилган? Саволларга дастлаб Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Алибек ТУРСУНОВ жавоб берди.

— Тўғри таъкидладингиз, — деди вилоят ҳокими ўринбосари. — Дунё аҳолисининг кўпайиб бораётгани, сув истеъмолига эҳтиёжнинг ортиши сувдан, айниқса, қишлоқ хўжалигида фойдаланишда янги технологиялар, инновацион лойиҳаларни қўллашни тақозо этмоқда. Вилоятимизда 362 минг гектардан ортиқ экин майдонлари мавжуд бўлиб, ундан 10 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари ва томорқа эгалари фойдаланади. Экинлар асосан қўшни республикалардан оқиб ўтадиган чучук сув ҳисобига суғорилади.

Ҳеч кимга сир эмас, соҳада шароит, қулайлик бўлсагина, мўл ҳосил етиштириш мумкин. Деҳқончиликда шароит деганда, энг аввало, кафолатланган сув билан таъминланиш тушунилади. Сув тақчиллиги сезилиб бораётган бугунги кунда ҳар қарич ердан, ҳар томчи сувдан унумли фойдаланиш эвазига бир йилда камида икки-уч марта ҳосил етиштириш, кўпроқ ҳосилдорликка эришиш учун замонавий технологияларнинг ўрни сезилиб қолмоқда. Қишлоқ хўжалигида инновацион лойиҳаларни қўллаш, биринчи навбатда, сув танқислигининг олдини олса, иккинчидан, қиммат бўлган минерал ўғитлар, механизация хизматлари, ёқилғи эҳтиёжига бўлган ресурслар харажатларини камайтиради. Булар натижасида кластер, фермер ёки томорқа эгаси кўпроқ даромадга эга бўлади.

Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни янада кенг жорий этиш учун хўжаликларга, интенсив боғ эгаларига, томорқачиларга қатор қулайликлар, имтиёзлар яратиляпти, банк кредитлари, давлат бюджетидан субсидиялар ажратилмоқда.

Жорий йил вилоятимизда 45 минг гектарга яқин майдонга сувни тежайдиган технологияларни татбиқ этиш режалаштирилган. Бу фермер хўжаликлари ерларининг 40 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, аҳоли томорқаларида, иссиқхоналарда, интенсив боғларда мини технологияларни қўллаш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Экин агротехникаси пайтида сувга бўлган талаб ортади. Суғориш учун қулай шароитга эга деҳқонлар ҳосилини сувга қондириб олиши мумкин. Бироқ кўп хўжаликлар ёки томорқа эгалари сувнинг танқислиги боис ҳосилдорликни йўқотади, кўзлаган мақсадига ета олмайди, даромади камаяди. Бу каби муаммоларга барҳам бериш учун албатта замонавий технологияларни қўллашимиз талаб этилади. Бу борада фермер хўжаликлари ва аҳоли ўртасида тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш тизимининг изчил йўлга қўйилгани ўз самарасини беряпти.

Тежалган сувни сақлаш ҳавзалари яратиладими, улардан такрорий экинларни суғоришда фойдаланса бўладими? — деган савол туғилиши мумкин. Деҳқончилигимизда сув билан таъминлашнинг учта манбаси бор. Улардан биринчиси, дои-мий ирригация тармоқларидан келадиган, иккинчиси, дренажлар орқали ер остидан олинади ҳамда зовурлардаги ташланма сувлардан қўшимча манба сифатида фойдаланилади. Тежовчи иншоотларнинг жорий этилиши сув йиғадиган ҳавзаларни ташкил этишни тақозо этади. Бу борада соҳа мутахассислари билан бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган, кафолатланган сув манбасига эга бўлиш имкониятлари доимий ўрганилиб бориляпти.

Давра суҳбатини давом эттирган “Сирдарё – Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Алломжон ФОЗИЛОВнинг таъкидлашича, республикамиз бўйича қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт тармоқларида ишлатилаётган сувнинг 80 фоизи қўшни республикалардан оқиб келади. Бу кўрсаткич Фарғона вилоятида деярли 98 фоизни ташкил этади. Яъни, вилоятимизни сув билан таъминловчи асосий иншоотлар — Катта Фарғона канали, Жанубий Фарғона канали, Катта Андижон канали, Исфайрамсой, Шоҳимардонсой, Сўх дарёлари манбаи Қирғизистон ҳудудидан оқиб келади. Маълумотларга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон тоғларидаги музлик-лар қисқариб бормоқда. Демак, тақчиллик йилдан-йилга сезилиб бораверади. Шунинг учун қишлоқ хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этишни жадаллаштириш табиат неъматидан самарали ва тежаб фойдаланишнинг оқилона йўлидир.

2021 йилда янги технологияларни жорий қилувчи талабгорларга 1,5 триллион сўм субсидия ажратилади. Айтиб ўтилганидек, фермерлар ва ердан фойдаланувчилар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида кўпчиликда инновацион лойиҳаларга қизиқиш ортди. Президентимиз қарори бўйича 24 минг гектар ерга сувни тежовчи технологияларни қўллаш белгиланган бўлса-да, биз талабгорларнинг хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, бу кўрсаткични 45 минг гектарга етказишни режалаштирдик.

Талабгор фермер хўжалиги ёки томорқачи сувни тежовчи технологияларни жорий этиш учун кимга мурожаат қилиши керак? Вилоятимизда шундай замонавий технологияларни ишлаб чиқарадиган корхона борми?

Алломжон Фозилов сўзини давом эттириб, ҳозирги кунда 20 дан ортиқ корхоналар, шу жумладан, вилоятимизда 2 та субъект шундай технологиялар ишлаб чиқараётганини айтиб ўтди. Талабгорлар ҳар бир туманда қишлоқ хўжалиги бўлимлари бошлиқлари раҳбарлигида ташкил этилган махсус штаб-ларга ёки тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилишлари мумкин.

— Ҳақиқатан ҳам сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳаётий заруратга айланди, — дея суҳбатга қўшилди “Сирдарё — Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим  бошлиғи Позилжон РАСУЛОВ. – Бу замонавий технологияларнинг бир неча турлари бор. Биринчиси, томчилатиб, иккинчиси, ёмғирлатиб суғоришдир. Бундан ташқари, кенг қамровли, яъни ҳам томчилатиб, ҳам ёмғирлатиб, ҳам дискретли суғориш технологияси мавжуд. Бу инновацион технология пульсар усулидир. Қудуқлар орқали ер остидан тортиб олинаётган сувни, ҳам электр энергиясини тежаш учун пульсар усули қўлланилади. Бу жараёнда қудуқдан чиқаётган сув ариққа туширилмасдан полиэтилен қувурлар орқали тўғридан-тўғри экин майдонига олиб борилади.

Қолаверса, ҳозирда маълум бир ҳудудларда экинларни ер остидан суғориш усули синаб кўриляпти. Экинларга томиридан керакли миқдорда намлик бериш ҳам замонавий технология сирасига киради. Мазкур технологиялар рисоладагидек жорий этилса, сувни тежайдиган технологияларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган субсидия миқдорини ошириш имконияти мавжуд.

Позилжон Расулов қарорнинг яна бир муҳим жиҳатига тўхталиб ўтди. Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи давлат бюджетидан қоплаб берилиши қайд этилган. Албатта, сув сарфини тежаш, юқори ҳосилдорликка эришишда ернинг текислиги муҳим аҳамиятга эга. Қарорда ҳар бир ҳудудда лазерли ускуна ёрдамида экин майдонларини текислаш ҳисобига сув сарфини камайтириш бўйича биттадан намунавий лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бу жараёнда ҳар бир гектар ер учун 1 миллиондан субсидия ажратилади. Бундан ташқари, агар сув тежовчи, томчилатиб суғорувчи технологиялар жорий қилинса, лазерли қурилмада ер текисланадиган бўлса, қўшимча субсидия берилади.

Субсидиялар ҳақида фикр билдирилар экан, суҳбатга яна “Сирдарё-Сўх” ирригацияси тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Алламжон Фозилов қўшилди.

— Президентимиз қарорида замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этувчиларга катта имтиёзлар қўлланилган. Ўтган 2019-2020 йилларда 1 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш жорий этилса, балл бонитетидан келиб чиқиб, субсидия қиймати белгиланган. Энди балл бонитети олиб ташланиб, сув тежовчи технологияни қўллаган талабгорларга 1 гектари ер учун 8 миллион сўмдан ажратилади. Шу билан бирга, насос станцияси, автоматлаштирилган фильтр, сувнинг ҳисоб-китобини ўлчаш мосламаси ўрнатилгани, пахталар ўртасига қўйиладиган ленталар қалинлиги каби жиҳатлардан келиб чиқиб, сифатлилик коэффициенти қўлланилади. Натижада 11 миллион сўмгача давлат субсидияси олиш имконияти вужудга келади. Бундан ташқари, авваллари бир гектар боғ учун 6 миллион сўмдан субсидия берилган бўлса, энди 8 миллион сўм этиб белгиланди. Янги технология-
лар амалиётда сифатли бажарилса, коэффициент қўлланилиб имтиёзлар белгиланади. Шунингдек, қарор билан фермер хўжаликлари 5 йил муддатга ер солиғидан озод қилинади, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мақбуллаштирилмайди.

Ўз навбатида, фермер хўжалиги ёки бошқа талабгор жорий қи-линган сув тежовчи технологиялардан беш йил фойдаланмаса, ажратилган субсидия қайтариб олинади. 2022 йил 1 январдан давлат ҳисобидаги зах қочириш скважиналаридан фойдаланаётган талабгорлар сув тежовчи технологияларни жорий қилмаса, ускунани юргизишга рухсат берилмайди.

Давра суҳбати иштирокчиси, вилоят прокурори ўринбосари Фарҳоджон ИСМОИЛОВ прокуратура органлари зиммасига қабул қилинаётган қарор ва фармонлар талабини нафақат назорат қилиш, балки уларнинг ижросида бевосита иштирок этиш ҳам юклатилганини қайд этиб ўтди.  Чунки ҳар бир ҳужжат мазмун-моҳияти замирида халқ манфаати мавжуд. Прокуратура органлари ходимлари ҳам Президентимизнинг қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш юзасидан қабул қилган қарори мазмун-мақсадини пахтачилик, ғалла-сабзавотчилик, боғдорчилик фермер хўжаликлари аъзолари ҳамда томорқачи аҳоли вакилларига учрашувлар, семинарлар орқали тушунтириб боришмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойили асосида фаолият олиб борилаётгани ижобий самарасини бермоқда.  Демак, бугун ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам ижрочи, ташкилотчи, ҳам назоратчи бўлиб хизмат қилишмоқда.

 

Вилоят насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Аброр ХОЛИҚОВ давра суҳбатида вилоятимиздаги суғориш қудуқлари, уларни юритиш учун сарфланадиган электр энергияси, янги суғориш технологияларини жорий қилиш орқали эришиладиган иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Вилоятимиздаги мавжуд 2174 та қудуқларнинг 900 таси орқали қишлоқ хўжалиги экинлари суғорилади. Улар 30 000 гектар ерни қамраб олган.  Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар ерни суғориш учун 1000 метр3 сув керак бўлади. Ботирма насослар билан шунча миқдордаги сувни тортиб олиш учун 8 соат мобайнида 260 киловатт электр энергияси сарфланади. Агар суғориш технологияси жорий қилинадиган бўлса, 1 гектарга 360 метр3 сув кетади. Томчилатиб суғориш учун эса атиги 96 киловатт электр энергияси сарфланади.

Томчилатиб суғоришда босим ҳосил қилиш учун яна 22 киловаттлик электродвигатель ишлатилади. Бунда 3 соат ичида ҳовуздаги сувни чиқариб юбориш учун 66 киловатт, жами 162 киловатт электр энергия сарфланади. Кўриниб турибдики, бир гектар ерни суғоришда 94 киловатт электр энергияси иқтисод бўляпти. Бу 43000 сўм дегани.

Давр суҳбатида Фарғона вилоя-ти ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов янги қудуқлар қазиш борасида 2021 йил учун режалаштирилган лойиҳаларга ҳам тўхталди. 2020 йилда вилоятимизда 8700 гектар самарасиз ерлар экин майдонларига қўшилди. Қолаверса, 10 мингга яқин ишчи ўрни яратилмоқда, озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжни қўшимча 20 фоизга қоплашга замин яратилмоқда. Пандемия шароитига қарамай 130 дан ортиқ сув қудуқлари қазилди. Жорий йилда 33 087 гектар фойдаланилмаётган ерлар бўйича 700 дан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бунинг учун қарийб 480 миллиард сўм миқдорида сув иншоотлари, сув ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш, қудуқ қазиш режалаштирилган. Барча лойиҳалар учун 320 миллиард сўм субсидия, 120 миллиард сўм маблағ давлат томонидан ажратилмоқда.

Мисолларга тўхталадиган бўлсак, Қува туманида томчилаб суғориш технологиясини жорий қилиб, гилосчилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича, Қувасой шаҳрида гилоснинг экспортбоп турларини етиштириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган.

Сувни тежовчи технология-ларнинг афзаллиги нимада, деган саволга Фарғона туманидаги “Чимён шуҳрати” фермер хўжалиги раҳбари Шавкат ҚАЮМОВ ўз тажрибаси асосида жавоб берди. Унинг таъкидлашича,  2019 йилда фермер хўжалигининг 20 гектар майдонига томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. 1 гектар майдонга 16 миллион сўм харажат қилинган бўлса, унинг 8 миллион сўми давлат субсидияси орқали қопланди. Олинган 320 миллион сўм банк кредитининг 160 миллион сўми ҳам давлат томонидан ажратилди, 24 фоизлик кредитнинг 10 фоизи Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш фонди маблағи ҳисобига қопланди.

Кутилганидан бир неча баробар кўп ҳосил олинди. Аввалги йилларда пахтани суғоришга 40-43 кун сарфланган бўлса, томчилатиб суғориш жорий қилингандан сўнг 4-5 кунда суғориш жараёни якунланади. Сувни тенг тақсимлашга эришилди. Ўтган йили яна 22 гектар майдонга ёмғирлатиб суғориш жорий қилинди.

Шундай самарадорликка Риштон туманидаги “Замин мавзуни” фермер хўжалиги ҳам эришди. Хўжалик раҳбари Улуғбек ТОҲИРОВ сўзларига қараганда, 20 гектар майдонга қўлланилган янги технология кўчатларни бир вақтнинг ўзида суғориш имконини берди. Бу майдон аввал ҳафталаб суғорилган, янги усул ёрдамида 24 соатда тўлиқ суғоришга эришилди. Биринчи теримнинг ўзида гектаридан 42 центнер ҳосил олинди. Ҳосилдорлик ошди. Энг асосийси, вақт, маблағ, ишчи кучи тежалди. Даромад сезиларли даражада ошди.

“Фергана глобал текстил”кластери катта мақсадларни кўзлаб қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга киришган. Кластер мутахассиси Нодиржон РАҲМОНОВнинг давра суҳбатидаги фикрлари эътиборга молик.

— Қўштепа туманида фаолият олиб бораётган “Фергана глобал текстил” кластери Марказий Фарғона чўл ҳудудидаги унумдорлиги паст ерларни танлаб олиб, Исроилнинг “Нетафин” корхонаси билан томчилатиб суғориш тизимини жорий этди. Бугунги кунда 213 гектар майдонда инновацион лойиҳани қўллаш жадал олиб борилмоқда. Асосий мақсад — гектаридан атиги 20 центнергача пахта ҳосили олинган майдонларда  ҳосилдорликни ўртача 50 центнерга етказиш. Аҳамиятлиси, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар ҳамда Тошкент ирригация ва мелиорация институтларини битириб келган  йигит-қизларнинг 10 нафари амалий тажрибага эга мутахассисларга бириктириб қўйилди. Келажакда шу ёшлар ёрдамида янги технологияларни 2000-3000 гектарга жорий қилиш кўзланган.

Нодиржон Раҳмонов қумлик-лардан иборат “Солижонобод” зонасида 20 центнер ҳосил олиш учун 1 гектар ерга солинадиган минерал ўғит миқдори, ерларни культивация қилиш, ёқилғи, сув, ишчи кучи сарфи умумлашмасида рентабеллик жуда паст бўлишини, томчилатиб суғоришни жорий қилиш натижасида эса фермер хўжалиги катта даромад олишини аниқ мисоллар ёрдамида ҳисоб-китоб қилиб берди.

“Сирдарё – Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Алломжон Фозилов кластер мутахассиси фикрларини қўллаб-қувватлади. Экинларни суғоришда янги технологияларни жорий қилиш фақат сувни тежаш дегани эмас, балки ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, меҳнат ресурси, минерал ўғитлар иқтисод қилинади. Ҳосил сифати яхшиланади, ҳосилдорлик ортади.

Шу билан бирга, давра суҳбати-да иштирокчилар халқаро экспертлар хулосасини келтириб ўтишди. Унга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон энг сув танқис бўлган 50 та давлатлар қаторига киритилади. Бу ҳозирги мавжуд сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш қанчалик муҳимлигини кўрсатади.

Таъкидланганидек, мутахассислар ёрдамида вилоятимизда 44 000 гектардан ортиқ майдоннинг ер, ҳаво, сув, иқлим шароитлари ўрганилиб, томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар белгиланган. Жумладан, 25 000 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш жорий этилади. Афсуски, айрим фермер хўжаликлари томонидан суғориш маданиятига эътибор қаратилмаяпти.

Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларнинг жорий этиш меҳнат ресурсларининг камайишига, ишсизлар сонининг ортишига олиб келмайдими, деган ижтимоий аҳамиятга эга савол туғилади. Фарғона вилоя-ти ҳокими ўринбосари Алибек Турсуновнинг фикр билдиришича, сувни тежовчи технология-ларни жорий этиш экинларни суғоришнинг инновацион усули. Шунинг учун қишлоқ хўжалигида сувчи, механизатор кучига эҳтиёж қолмайди деган ўйда бир томонлама мулоҳаза юритиш нотўғри бўлади. Очиқ осмон остидаги ҳар қандай экиннинг кундалик қарови, кундалик  агротехник тадбирлари бор. Бунинг учун, албатта меҳнат ресурси керак. Қолаверса, иқтисод қилинган маблағ ва топилган даромад ҳисобига фермер хўжаликлари кўп тармоқли хўжалик ташкил этиши, замонавий ишлаб чиқаришни жорий қилиши мумкин.

Айни вақтда “Фергана глобал текстил” кластери мутахассиси Нодиржон Раҳмонов ўз тажрибаларини айтиб ўтди. АҚШнинг “Лумс” қўшма корхонаси билан ҳамкорликда пахтани қайта ишлайдиган технология жорий қилингани, янги иш ўринлари яратилгани, даромад миқдори ортгани таъкидлаб ўтилди.

Давра суҳбати сўнггида вилоят прокурори ўринбосари Фарҳоджон Исмоилов сувни исроф қилган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чораларига тўхталиб ўтиб, кўпчиликни қизиқтирган масалага ойдинлик киритди.

Давра суҳбатини

Рустам ОРИПОВ ёзиб олди.

Шерзод ҚОРАБОЕВ

олган суратлар.