Устозни йўқлаб

Устозни йўқлаб

Серқирра инсон

Ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Муҳаммадрасул Кимсанбоевни ортиқча мақтаб ўтириш шарт эмас. Уни таниган-билганлар “Муҳаммадрасул ака серқирра инсон-да,” деб таъриф беришади, жонсарак-лигига ҳавас қилишади.

Муҳаммадрасул ака узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали меҳнат қилиб, пенсияга чиққан, лекин тиниб-тинчимайди. Доимо хайрли ишларга қўл уради. Айниқса, ўзи анча-мунча ижод билан шуғулланиб туриши сабаб, китобхонликни тарғиб қилишни хуш кўради. Ўтган йиллар давомида жаҳоннинг таниқли адиблари — Жадсон Филиппс-
нинг “Бола ўғриларининг найранглари”, “Миш-мишлар шаҳри”, Дашил Хамметнинг “Мальта лочини”, Микки Спиллейннинг “Менинг қотилим” романларини, шунингдек, жаҳон халқлари эртакларини ўзбек тилига ўгирди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўзи истиқомат қиладиган Ёзёвон туманида боғ яратди.

Яқинда Муҳаммадрасул Кимсанбоев таржима қилган Дашил Хамметнинг “Мальта лочини” ва Раф Валлоненинг “Алвидо, полициячи” номли асарлари аудиокитоб ҳолида интернет тармоғига жойланди. Ҳозирда брайл алифбосидаги нусхалари ҳам нашрга тайёрланмоқда.

Муҳаммадрасул Кимсанбоев оддий деҳқон оиласининг фарзанди. Ўрта мактабни битиргач, Украинанинг Луганск шаҳридаги педагогика институтида таҳсил олди. Сўнгра собиқ иттифоқ ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлади.

Меҳнат фаолияти давомида Ёзёвон, Олтиариқ туманлари ИИБ  бошлиқлари ўринбосари, вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходими вазифаларида хизмат қилиш билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Постда” — “На пос-ту”, “Қалқон” — “Щит” нашр-ларининг Фарғона водийси бўйича мухбири бўлиб ишлади. Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг фаолияти ҳақида мақолалар, очерклар, лавҳалар ёзди.

Муҳаммадрасул Кимсанбоев халқ депутатлари Ёзёвон тумани Кенгаши депутати сифатида сайловчилар томонидан билдирилган ишончни оқлаш, жойлардаги муаммоларни ҳал қилиш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида тиним билмайди.

Устоз табаррук 70 ёшни қарши олди. Биз шогирдлар жонсарак, самимий ва дилкаш  инсон Муҳаммадрасул Кимсанбоевни табаррук ёши билан муборакбод этамиз.

 

Бўрибой ОМОНЗОДА,

Абдувосит СИДИҚОВ.