Ўқидингизми?

Ўқидингизми?

“Ўзбекистон” ўйингоҳи таъмирланмоқда

Яйпаннинг “Турон” жамоаси бу йил футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг Суперлигасида иштирок этади.

Клуб уй ўйинларини ўтказадиган “Ўзбекистон” ўйингоҳи ФИФА талабларига жавоб бермайди. Шунинг учун бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. “Яйпан овози” газетасининг ёзишича, ўйингоҳ майдони стандартга мосланмоқда, ўриндиқлар сони кўпайтириляпти. Замонавий электрон табло, ёритиш чироқлари ўрнатиш ишлари қизғин кетмоқда.

Жамоа таркибини мустаҳкамлаш мақсадида сербиялик ярим ҳимоячи Синиша Бабич билан келишувга эришилган.

“Сунъий тўсиқ кимга фойда келтиради?”

“Марказий Фарғона” газетасида чоп этилган мақолага шундай сарлавҳа қўйилган.

Пахтачилик, ғаллачиликка ихтисослашган хўжаликлар “My insurance” суғурта компаниясига ихтиёрий-мажбурий равишда 4 фоизли суғурта бадали тўламаса, 2021 йил ғалла етиштиришга олинадиган имтиёзли кредит ресурслари ажратмаслик ҳолатлари учрамоқда. Бошқа суғурта компанияси полиси “Агробанк” томонидан инобатга олинмаяпти. Бу фермерлар эътирозига сабаб бўлмоқда, деб ёзади Ёзёвон тумани Тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши раиси У.Турдиев.

Сизни қизиқтирган саволга жавоб бор

Нима учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда мустақил фаолият юритадиган котибият ташкил этилди?

Бу савол кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз. Қўштепа туманининг “Истиқбол йўли” газетаси “Қоғоз эмас, натижа муҳим” сарлавҳали мақолада мазкур мустақил тузилмани ташкил этишдан мақсад ва унинг вазифаларини туман ҳокимлиги масъул ходими жавоби асосида ёритган.

Қайси экин қачон экилади?

Остонада баҳор фасли. Экин-тикин мавсуми бошланиши арафасида. Баъзи миришкор деҳқонлар эса аллақачон ерга уруғ қадашди.

Лекин қайси қишлоқ хўжалиги экинини қачон экишнинг вақти-соати бор. Кимдир буни билади, биров билмайди. “Фермер ва томорқачи” газетасининг 2-сонида сабзавот, полиз ва мевали дарахтлар кўчатларининг экиш муддатлари, уларнинг агротехникаси эълон қилинган бўлиб, танишиб чиқсангиз, томорқачиликда жуда асқотади.

Ҳувайда момо тоғасининг рекордини янгиламоқчи

“Отам 101, аммам 125, тоғам 130 йил умр кўрган. Мен уни янгиламоқчиман”. Бувайдалик 126 ёшли Ҳувайда момонинг гапларини келтирган “Табиат кўзгуси” газетаси.

Уч асрни кўрган момонинг 7 фарзанди, 32 невараси, 70 эвараси, 67 чевараси борлигини ўқир экансиз, дилингизга “Ҳар кимга ҳам шундай бахт берсин” деган ўй келади.

 

Рустам ОРИПОВ.