Менда таклиф бор

Менда  таклиф  бор

Сартарошхоналарда китоб бурчаги бўлса…

Маҳалламиздан унча узоқ бўлмаган сартарошхонага бордим. Тўланбой сартарош ўз

касбининг устаси бўлиб кетган. Дўконидан мижозларнинг қатори узилмайди.

Якшанба куни эди. Навбат кўплигидан икки ярим соатлар чамаси кутишимга тўғри келди. Навбатим келгач, уста сочимни калталатаётиб, бир таклифни айтди.

— Интернетда ўқиб қолдим, — деди у. — Ҳиндистонлик бир сартарош дўконида китоб бурчагини ташкил этибди. Мижозлар навбати келгунча китоб мутолаа қилишар экан. Энг ибратлиси, китоб ўқиган мижозга хизмат ҳақидан 30 фоиз чегирма қиларкан.  Ака, 20-30 та китоб сотиб олсам, маҳаллий газеталарга обуна бўлсам, дўконимда китоб бурчаги ташкил қилсам, деб ўйлаб турибман. Мен ҳам 30 фоизли чегирма қилардим. Эътибор берган бўлсангиз, мижозларимнинг деярли барчаси телефонини “титкилаб ўтиради”.

Сартарош укамнинг гаплари, рости, ме-
ни ҳайратга солди. Ҳам қувондим. Так-лифини қўллаб-қувватладим. Фақат гап бўлиб қолмаслиги учун унинг таклифини “Фарғона ҳақиқати” газетаси орқали кўпчиликка етказишга қарор қилдим.

Чекка бир қишлоқдаги оддий сартарошнинг мижозларига зиё улашмоқчи эканлиги савобли иш эмасми?!

Достонбек ХОЛМАТОВ.

ТАҲРИРИЯТДАН:ҳақиқатан ҳам, сартарошхоналарда, гўзаллик салонларида моҳир усталарнинг навбат кутиб ўтирган мижозларига кўзимиз тушади. Уларнинг қўлларида телефон, ижтимоий тармоқлардан кўз узишмайди. Агар сартарошхона каби маиший хизмат масканлари ёки дўконларида китоб бурчаги бўлса, мижозлар қўлига китоб, газета-журнал олишига ишончимиз комил. Ижодий ходимларимиз эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, таклиф билдирган сартарош укамизга бир даста китоблар совғасини тайёрлаб қўйишди. Келгуси ойдан бошлаб “Фарғона ҳақиқати” газетасини ҳам йил  давомида олади.