Ташқи реклама бозорига талаблар белгиланди

Ташқи рекламани ўрнатиш тартиб-қоидалари қандай?

У.ЮНУСОВ, Фарғона шаҳри.

 

Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 20 февралдаги 104-сонли “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори билан реклама фаолияти соҳасида талаблар белгиланди.

 

Унда ташқи реклама объектларини қуриш тартиби ва унга бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш, қуриш ҳуқуқини электрон аукцион орқали бериш, тўловлар миқдорини аниқлаш тартиблари тўғрисидаги низом ва хавфсизлигининг умумий техник регламенти 5 та илова асосида тасдиқланди.

Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун тузилган шартномалар, берилган паспортлар, гувоҳномалар, сертификатлар, рухсатномалар ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатларнинг амал қилиши ер участкаларига ташқи реклама объектлари учун – 10 йил муддатга,  давлат мулки бўлган бино ва иншоотлардаги ташқи реклама объектларига 5 йил муддатга узайтирилди.

Давлат хизматлари марказлари орқали муддати узайтирилган реклама жойлари паспортларини бериш йўлга қўйилади.

Тўлов бир марталик йиғим суммасини тўлаш орқали амалга оширилиб, бир йил давомида ҳар ой тенг тақсимланган ҳолда туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетига ўтказилади. Видео экранли ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган йиғим миқдорига 0,5 коэффициент қўлланилиши белгиланди.

Қалбакилаштирилган ҳужжатлардан фойдаланганлик, шунингдек, тегишли ваколатли органнинг қарорисиз ўрнатилган ташқи реклама объектлари бўйича ҳужжатларнинг муддати узайтирилмайди ва улар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

Барча ташқи реклама объектларини мазкур қарор талабларига мослаштириш учун олти ой муддат белгиланган. Мослаштирилмаган реклама объектлари эгалари томонидан ихтиёрий равишда ўз кучи билан олиб ташланиши ҳамда ер майдони тартибга келтирилиши керак. Акс ҳолда қурилмалар суд тартибида тегишли ҳокимлик томонидан демонтаж қилиниб, барча харажатлар реклама объектлари эгаларидан ундирилади.

Биринчи даражали марказий кўчаларда фақат видео экранли ва иккинчи даражали қатнов кўчаларида эса аралаш турдаги, юқори технологияли ташқи реклама объектлари жойлаштирилиши белгилаб берилди.

Г.ИБРАГИМОВА,

“Мадад” НТТ Қувасой шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси.