Брифинг

Брифинг

АҲОЛИ ЯШАШ МАНЗИЛЛАРИДА НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛИШЛАРГА БАРҲАМ БЕРИЛАДИ
Шу йилнинг 20 февраль куни Фарғона вилояти ҳокимлиги кичик мажлислар залида республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари учун брифинг бўлиб ўтди.


Брифингда таъкидлаб ўтилганидек, жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташриф буюрган Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳаллалар, айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли вакиллари учун муносиб турмуш шароити яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада секторлар раҳбарлари масъулиятини янада ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилиб, ноқонуний қурилишлар ва ушбу масала билан боғлиқ камчилик ва муаммоларни бартараф этиш вазифаси топширилди.
– Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида Фарғона шаҳридаги “Шодиёна” МФЙда бўлиб, барчамиз эътибор қаратишимиз керак бўлган камчиликларни кўрсатиб берди,-деди Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Дилшоджон Ҳожиаҳмедов. – Шу асосда бугунги кунда вилоят ҳокими бошчилигида Фарғона шаҳри, вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларида аҳоли яшаш манзилларидаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, ноқонуний қурилиш ишларига барҳам бериш, замонавий болалар майдончалари, дам олиш ва ҳордиқ масканлари барпо этиш чоралари кўрилмоқда.
Айни жараёнда вилоят ҳокимлиги ҳузурида вилоят ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, барча шаҳар-туманлар бош режаси асосида ҳудудларни ободонлаштириш, кенгайтириш ишлари олиб бориляпти. Вилоят ишчи гуруҳи томонидан қонуний асосга эга бўлмаган баъзи қарорларни бекор қилиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига етказилган зарарларни бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.
Брифингда иштирок этган Фарғона шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев бундан буён кўп қаватли уйлар атрофида қурилиш ишларини амалга оширишга рухсат этилмаслиги, ноқонуний қурилишлар тўхтатилиб, бузилган болалар майдончалари қайта тикланиши, кесилган дарахтлар ўрнига янгилари экилишини таъкидлаб ўтди.
Фарғона шаҳар прокурори Дилмурод Қобуловнинг қайд этишича, ноқонуний қурилиш ишларини бартараф этишда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳам инобатга олинади. Ўз навбатида ҳар бир ноқонуний қарор ва ҳолат бўйича тегишли тартибда муносабат билдирилади.
Брифингда бу борада бошланган эзгу ташаббусларни тўлиқ рўёбга чиқаришда ОАВ билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.