Маънавият учун энг катта хавф — бепарволик

Маънавият учун энг катта хавф — бепарволик

Бу каби очиқ, рўйи-рост ва амалий анжуман кўпдан буён кутилар эди. Ниҳоят у содир бўлди. Мамлакат маънавият ва маърифат ишларига масъул энг юқори лавозим эгалари вилоятдаги мутасаддилар билан юзма-юз бўлиб бор аҳволни айтдилар ва бирламчи вазифалар белгиланди.

Видеомулоқот тарзида барча шаҳар-туман раҳбарлари, маҳалла раислари, таълим ташкилотчилари иштирокида ўтган вилоят маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида дастлаб соҳанинг республика раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ўз таҳлилини баён қилди.

– Муваффақиятлар ўзимизники. Шундай бўлса-да, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида кўрганларимиз мамлакат учун маънавий тарбия, маърифий ишларга андоза бўла олади. Аммо мен бугун асосан олдимиздаги вазифаларга тўхталсам.

– Маънавият учун энг катта хавф – бепарволик, – деди у. – Иқтисод керак, албатта, аммо миллий қад-риятлар асосида ёшларни тарбиялаш, халқни маърифатли қилиш унданда муҳимроқ. Афсуски, маънавий иммунитети заиф ёшлар, «оммавий маданият»нинг зарарли таъсирига берилиб қоляптилар. Аммо буни кўриб, билиб турган қўни-қўшни, маҳалла аҳли ўз вақтида танбеҳ бермаяпти, насиҳат қилиб тарбиясига олмаяпти.

Нотиқ таъкидлашича, жойларда “маънавият соати” ўтказиб туриш тўхтаб қолган. Кўча-кўйлардаги пештахталар рус, инглиз тилларидаги ёзувлар билан тўлган. Ҳолбуки, давлат тилига амал қилиш асло миллатчилик эмас. Шаҳар-туманлардаги маънавият идораларидаги лавозимлар бўш турибди. Наҳотки, бир зиёли инсон топилмаса?

Минҳожиддин Ҳожиматов кутубхоналар интернет билан боғланмагани, мактабгача таълим ташкилотларида олий маълумотли мутахассислар камлиги, кутубхона бинолари таъмирталаблиги, кўргазмали воситалар етишмаслигини таъкидлади.

– Вилоятда “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур” каби журналларга обуна бир неча ўндан ошмаслигини қандай тушуниш мумкин? Ахир маънавият тарғиботчисининг дунёқарашини шакллантирувчи энг зарур нашр – манбаку булар, – дея куюнчаклик билан гапирди нотиқ. – Билинг, жиноят ортида маънавиятсизлик туради.

Муҳокама ҳам қизғин мунозаралар тарзида ўтди. Фарғона давлат университети ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Фозилжон Отақулов, Бувайда тумани ҳокими Беҳзод Иброҳимов, Фарғона шаҳридаги 10-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Дилфуза Умрзақова ва бошқалар мавзу юзасидан тажриба ва муаммоларни айтдилар.

Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, маслаҳатчи ўринбосари Дилшод Кенжаев иштирок этдилар ва халқ маънавиятини юксалтириш, ёшларни маърифатли қилиб тарбиялаш муаммолари юзасидан зарур тавсиялар бердилар.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ишчи гуруҳ хулосалари ҳар бир жамоа учун муҳим тавсия бўлганини, маънавият ва маърифат ишларига ҳамиша энг бирламчи эътибор қаратилиши лозимлиги юзасидан видеомулоқот иштирокчиларига аниқ вазифалар топширди.

Сарвар Обид.

Муқимжон ҚОДИРОВ

олган сурат.