Аччиқ, аммо очиқ гаплар

Аччиқ, аммо очиқ гаплар

Ҳувуллаган корхонанинг аянчли манзараси унинг фаолиятини йўлга қўйишга

ким масъул?

Фарғона тумани “Кончилар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Чимён таъмирлаш механика” заводи  бурғулаш учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, таъмирлаш ишларини бажарган.

Ўтган асрнинг ўрталарида ташкил этилган корхонада механика, пайвандлаш, дизель агрегатларини таъмирлаш, темир эритиш цехлари  фаолият кўрсатган. Яқин-яқингача 250 нафардан ортиқ ишчи-хизмачилар  меҳнат  фаолияти билан банд бўлган.

Бугун бу ерга келганлар хўжасизлик, эътиборсизлик, лоқайдлик сабаб талон-тарож қилинган, фаолият кўрсатмаётган, умумий майдони 3,5 гектар бўлган  корхона ҳувуллаб ётибди. Бино ва жиҳозлар очиқ осмон остида, занг босган,  кераксиз буюмдек ташлаб қўйилган. Бузиб ташланган ишлаб чиқариш цехлари  дилни хуфтон қилади.

Корхона  қимматли қоғозларини (акциялар) сотиб олган андижонлик тадбиркор Обиджон Дадажонов корхона фаолиятини  йўлга қўйиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, иш ўринлари яратиш, инвестиция киритиш хусусида ташаббус кўрсатмаяпти.  Ҳолбуки, замонавий қувватларни ишга тушириш учун муҳим бўлган табиий газ, сув, электр энергия, йўл сингари инфратузилма  тармоқлари мавжуд. Аммо йирик корхона фаолияти тўхтаб  турибди, икки юздан ортиқ ишчи ишсиз.

— Тадбиркор корхона акцияларини сотиб олаётганда жуда катта ваъдалар берганди, — дейди шу ер-

да қоровул бўлиб ишлаётган Маъ-руфжон Мамадалиев. — Амалда ҳеч нарса  ўзгармади. Ўн йилдан буён тайинли иш ҳақи  олмайман. Икки йил давомида 1 миллион  300 минг сўм маош беришди. Иш  стажи тўхтаб қолмаслиги учун борига қаноат қилиб турибман.  Бўш вақтларда  ёлланма ишлар билан шуғулланиб, тирикчилик қиляпмиз. Корхонамиз фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган  ташаббускор тадбиркорлар  кўп. Бироқ, мулк эгаси ўзи қилмайди, ўзгага ҳам бермайди.

Айтишларича, мавжуд ҳолатдан туман, вилоят мутасадди ташкилотлари хабардор.  Ҳамма келиб аҳвол билан танишиб кетади, амалий  чора-тадбирлар белгилаш  юзасидан таклифлар беради.  Амалда эса ҳеч нима  ўзгаргани йўқ.

Корхона фаолияти тўхтаганидан буён ҳудуддаги ишчилар ошхонаси, иссиқхона, нон ишлаб чиқариш цехи, кутубхона  ҳеч қандай сабаб-ларсиз бузиб кетилган.

— Пайвандлаш цехида  40 йил ишлаб нафақага  чиққанман, — дейди Мурувват кўчаси, 5-хонадонида яшаётган Тоҳиржон Эшматов. —Корхона мамлакатимиз нефть саноати, бурғулаш тизими учун бутловчи қисмлар  етказиб бериш, таъмирлаш билан шуғулланган. Маҳсулотларга талаб ҳамиша катта бўлган. Тўғри, бугунги кунда ишлаб чиқариш жиҳозлари  маънавий эскирган бўлиши мумкин. Лекин бу қўл қовуштириб ўтиришга асос бўлмаслиги керак. Тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш борасида қатор имтиёз ва имкониятлар  яратиб берилган бир паллада ҳайҳотдек корхона йиллар давомида тўхтаб турганлигини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди.

— Маҳалламизда нефть соҳасининг билимдонлари, сулолалари яшайди, — дейди маҳалла  фуқаролар йиғини раиси Шарифа Ибрагимова. – Бугунги кунда  250 нафардан ортиқ ишсиз ёшлар бор. Ҳудудимизда пайвандчилик, чилангарлик, дурадгорлик  соҳасида тадбиркорлик  фаолиятини кенгайтириш истагида юрган ташаббускорлар бўлиб, улар учун жой, инфратузилма тармоқлари керак. Афсуски, корхона маъмурияти “Жой меники, бу ерга мен хўжайинман” деб,  барча таклифларни  ҳамиша рад этиб келади,   гаплашишни истамайди,  телефон қўнғироқларимизга жавоб бермайди.

Эссиз бинолар, ишлаб чиқариш тармоқлари. Бу ерда  кичик саноат зонаси ташкил этиш, истиқболли лойиҳалар асосида иш ўринлари яратиш имконияти бор. Фақат ундан самарали фойдаланиш, янги ғояларни ҳаётга татбиқ этиш зарур.

Мулк эгасининг эътиборсизлиги, ўзибўларчилиги туфайли йиллар давомида тўхтаб, нураб бораётган корхона фаолиятини йўлга қўйишнинг қонуний ечимига ким масъул?  “Ўзим хон, кўланкам майдон” қабилида иш тутган “тадбиркор” га таъсир кўрсатишнинг қонуний имкони борми?

Биз бу мавзуга  яна қайтамиз.

Расулжон Камолов,

“Фарғона ҳақиқати” махсус мухбири.

Шерзод Қорабоев

олган суратлар.