Фарғоналик спортчи Осиё рекордини янгилади

Фарғоналик  спортчи Осиё рекордини  янгилади

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 10-14 февраль кунлари пара енгил атлетика бўйича жаҳон Гран-при мусобақаси – XII Fazza халқаро енгил атлетика турнири бўлиб ўтди.

Токио Паралимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарини тақдим қиладиган ушбу мусобақада пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 13 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 24 та медални қўлга киритди.

Эътиборлиси, диск улоқтириш мусобақасининг F57 классида иштирок этган Фарғона вилояти Учкўприк туманилик Моҳигул Ҳамдамова 32.49 метр натижа кўрсатиб, мусобақа олтин медалини қўлга киритди ва Осиё рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Шунингдек, Моҳигул ядро улоқтириш мусобақасида кумуш медаль соҳибига айланди.

Бу натижа билан Моҳигул ўз ҳисобига Токио-2021 лицензияси учун муҳим рейтинг очколарини қўштириб қўйди. У айни дамда Токио ўйинларига лицензия берувчи рейтинг жадвалида 1-ўринда бормоқда.

 

М. Сулаймонов.