Касаба уюшма фаолияти

Касаба уюшма фаолияти

БЕШАРИҚДА ХОТИН-ҚИЗЛАР УЧУН

300 ТА ЯНГИ ИШ ЎРНИ ЯРАТИЛДИ

Касаба уюшмалари томонидан хотин-қизлар учун муқим иш ўринлари яратиш ва шу орқали доимий даромад манбаи билан таъминлаш, айни жараёнда “Аёллар дафтари”га киритилган оила бекаларини қўллаб-қувватлаш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

Бешариқ туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган 1 миллиард сўм маблағ эвазига “KORK” тикувчилик фабрикаси фаолият бошлади.

Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, корхонада яратилган замонавий шарт-шароитларни алоҳида эътироф этди ва лойиҳа доирасида ишлар кўламини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

“Sherwood Design” корхонаси раҳбари Шерзод Эркаев касаба уюшмалари ажратган маблағ эвазига хориждан 84 дона замонавий тикув машинаси, дазмол, тикув дастгоҳларини олиб келиб ўрнатди. Натижада  тикувчилик фабрикасида “Аёллар дафтари”га киритилган икки юз нафар бешариқлик хотин-қизлар ишли бўлди.

Корхона иш юритувчиси Фурқат Турсуновнинг қайд этишича, бу ерда катталар ва болалар учун кийим-кечаклар тикилади. Маҳсулотнинг асосий қисми экспортга мўлжалланган. Иш икки сменада ташкил этилган.

— “Аёллар дафтари”га киритилган 76 нафар хотин-қизларнинг 35 нафари маҳалламизда фао-лият бошлаган мазкур корхонага ишга жойлашди, — дейди “Файзиобод” МФЙ раиси Гулбаҳор Азимова. — Тикувчилик фабрикасига ишга қабул қилинган маҳалладошларимиз жуда ҳам мамнун.

“Аёллар дафтари”да турувчи Маҳлиё Холматова оиласи доимий даромад манбаига эга бўлганидан бағоят хурсанд. Бундан чамаси бир ойча аввал хонадонига касаба уюшмаларидан вакиллар келиб, муаммоларини ўрганиб кетишган эди. Ўшанда оила бекаси ишсизлигини айтганди. У орадан ҳеч қанча вақт ўтмай корхонага тикувчи бўлиб ишга кирди.

— Оилада беш кишимиз, — дейди “Қоражийда” МФЙда истиқомат қилувчи Марҳабо Тўйчиева. — Турмуш ўртоғимнинг устачилик орқали мавсумий ишлардан топган даромади етарли эмас эди. Шу боис “Аёллар дафтари” рўйхатига олингандим. Бу корхонада ишлаб, бундан буён мен ҳам оиламиз фаровонлигини яхшилашга ҳисса қўшаман.

Корхонада иш бошлаган “Сойлаби” МФЙда яшовчи Меҳринсо Аҳмедова, “Олтин водий” МФЙда истиқомат қилувчи Севара Хурсаналиева сингари аёллар чеварчилик сир-асрорларини тезда ўрганиб олишди. Ҳозирда чеварлар бир неча турдаги ки-йимларни ҳеч бир қийинчиликсиз тикишмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган маблағ эвазига туманнинг “Ворух-дашт” МФЙ ҳудудида “Адиробод ғунчалари” ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил этилди.

Кооперация учун ажратилган 20 гектар ер майдони “Аёллар дафтари”га киритилган 100 нафар хотин-қизларга 20 сотихдан ажратиб берилди.

Кооперация аъзоларининг ишдан сўнг мароқли дам олиб, ҳордиқ чиқаришлари учун замонавий шийпон ҳам қад ростлади. Шийпонда аёллар хонаси, дам олиш хонаси, кутубхона, ошхона, ювиниш хоналарининг мавжудлигини  кооперация аъзолари учун яна бир қулайлик сифатида эътироф этиш мумкин.

“Янгиқўрғон” МФЙда яшовчи Солияхон Ибрагимова оиласига ажратилган 20 сотих ер бодом ва ўрик меваларини экишди. Оила аъзолари қатор ораларига дуккакли экинлар уруғини сепишади.

Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда касаба уюшмалари томонидан бу борадаги алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқил-ган ва шу асосда изчил саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.

 

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.