ФАРҒОНАНИНГ “ЛОЛА”СИ

ФАРҒОНАНИНГ  “ЛОЛА”СИ

Лола – гулларнинг маликаси. Нафис, гўзал, виқорли. Психологларнинг фикрига кўра, лола гулини ёқтирувчилар ўта уддабурон, мослашувчан кишилар бўлиб, ҳаётда учрайдиган қийинчиликлар уларнинг иродасини буколмас экан. Лола – ғайратли, ўзига ишонган, унча-мунчани тан олмайдиган кишилар гули. Фарғоналик машҳур фермер Лолахон Муротованинг тақдир йўллари, кечмиши ва шахсига назар ташлаб, нафақат бу гулни севувчилар, балки исми Лола аталган аёллар ҳам шу сифатларга айни мос эканини анг-лаб, ҳайратланаман. Ҳеч иш беҳикмат бўлмас…

 

Лола Муротова баъзан даласи ёки байрам тадбирларида атлас кўйлак кийиб суратга тушганида, унинг нафис ва мунис қалбини ҳис этасиз. Аммо у бундай пўримликдан ўнғайсизланади. Бир зумда ўзининг одми чит кўйлагини кийиб, бошига оқ дуррасини ўраб олади. Онасига ичиккан боладек яна далалари қучоғига ошиқади.

Лола опанинг пешонасига бир умр ерни ардоқлаш, элни севишдек муқаддас юмуш ёзилган экан. У эсини танибдики, тупроққа талпинади. Она ерни саришта қилиб фароғат топади, гулу райҳонлар экиб ерни эъзозлайди.

Шоирона таъбир билан айтганда, Лола Муротова Момо ер қизи. Унинг асл ва бебаҳо фарзанди. Ярим асрдирки, у Ер кўзини очади. Далаларга беқасам тўн кийдиради. Эрта кўкламда бир ҳовуч тупроқни кафтида сиқимлаб, ер уйғонишидан қалбида аллақандай кучни сезади. Бу – Ер севгиси. Ҳаёт унга ато этган неъматларнинг энг аълоси – Ер.

Қадимги “Авесто” китобида янги ерларни ўзлаштирган деҳқон худдики оила қуриб, бир этак фарзандлар тарбиялаган инсонга қиёсланган. Ҳатто Пайғамбаримиз илк марта деҳқоннинг қўлини ўпиб, бу қўллар дўзахда куймаслигини башорат қилган эди. Қақнус қушдай ўтда куймас ирода соҳибаси ғам ҳаётнинг турли синовли онлари, тақдир зарбаларида иродаси тобланиб комиллик мартабасига етишди. “Нурли обод” фермер хўжалигининг раҳбари бугун ушбу чўл ҳудудларни ўзлаштиришда асосан ўзи бош-қош бўлган 500 гектардан ортиқ ернинг мулкдорди.

Ернинг ҳам жони бор, у ҳам эътибор ва парваришга муҳтож. Инжиқ баҳорлар, оловли ёзлар, совуқ қорлар унинг ҳолатини ўзгартиради. Баъзан шўрланади. Баъзан сувга ташна бўлади. Лолахон опа тупроқ тилини билгани учун уни куйлатишга, сўзлатишга ҳам қодир аёл. Пахтаси, ғалласи ҳамиша ҳосилга тўлиб пишишининг боиси шу.

Марказий Фарғона ерларида Қўқон шамоли йилнинг тўрт фаслида ҳам деҳқонга асло тинчлик бермайди. Шамол оч бўридек увиллаб, қум барханлари далаларга тўфон бўлиб сочилади. Булутлар подаси мағрибдан машриққа қадар сел, жала ва ёмғирлари билан  “сайр” қилиб ўтади. Элнинг ризқ-насибасини яратиш учун ноқулай об-ҳаво туну кун Яратганга илтижо қилишга ундайди. Машҳур фермер тупроқни яқинда ёриб чиққан рамақижон чигит ниҳолларини кафтлари орасига олиб, “куҳ-куҳ”лаб иситади. Буғдой бошоқлари авжи ҳосил салмоғини ошириш даврида шамол ва ёмғир таъсирида ёнбошлаб олади. Шу тариқа инсон ва табиат ўртасида ҳаёт-мамот кураши давом этади.

— Чўл ҳавоси жуда ҳам ўзгарувчан, – дейди опа. – Кутилмаганда бўрон борлиқни ўз забтига олади, бироздан сўнг челаклаб шаррос ёмғир қуяди. Бу ерларда кутилган ҳосилни олиш учун деҳқончиликнинг тошдан ва темирдан қаттиқ нонини ейишга чидаш керак. Юрагингиз ботир бўлмаса, бу ерларда деҳқончилик қилмаган маъқул.

Аслида табиат баъзи-баъзида ана шундай енгиллаб олиши ҳам зарур. Қани эди, инсон ҳам худди табиат сингари баъзан қалбидаги ғуборларни ювиб, тозалаб тура олса нур устига аъло нур бўларди.

Лола Муротова нафақат зукко деҳқон, шу билан бирга зўр иқтисодчи. Тўғри, бир қарашда унинг ҳаётий фалсафаси жуда ҳам жайдари. Лекин ҳисоб-китоби аниқ ва пухта. Нафсини жиловлаб олган, ҳар бир сўмни жой-жойига ишлатади. 2020 йилда ҳам фермер хўжалиги аъзолари 347 гектар ерда парваришланган ғалланинг ҳар гектаридан режадаги 46 центнер ўрнига 70 центнердан ортиқ ҳосил олишга эришди. Ҳар гектар ердан олинган ҳосилдорлик ўтган йилга нисбатан 20 центнердан кўпроқни ташкил этди. Давлатга режадагига қараганда 400 тоннадан зиёд ғалла топширилди.

— Манзура, қани битта аччиқ кўк чой дамлаб кел-чи! – дея ёрдамчисига юзланиб, белидаги қийиғига пешонасидан оқаётган терларини артиб опа муҳташам шийпондаги супага ўтиради. – Режани бажара олмаган қўшни фермерлар буғдойни бозор нархида сотиб олишга нақд пул таклиф қилишди. Аммо биласан, мен ҳеч қачон буғдой, пахта сотмайман. Ундан кўра белгиланган нарх бўйича давлатга топширамиз, керак бўлса, бугунги пандемия шароитида режадан ортиқча буғдойни давлатга бепул берамиз. Шундай қилдик ҳам.

Опадаги мардлик, тантилик анча-мунча эркак фермерларнинг ҳам қўлидан келмайди. Марказий Фарғона ерларида пахта ҳосилини зарарли ҳашаротлардан сақлаб қолишнинг ўзи бир санъат. Қўшни фермерлар ҳашаротларга қарши курашиш учун чўнтагидаги маблағни сарфлашни истамай буғдой даромади, сомон ва такрорий экинлардан келадиган фойдани кутади. Лола опа эса ҳашарот теришга ўн миллион сарфлаш керак бўлса, шу бугун ушбу пулни ҳеч иккиланмай аъзоларига нақд санаб беради. Бу пулнинг ҳисоб-китобини билмасликдан эмас. Ҳамма гап унинг ерни боқсанг, ер сени боқади, деган эски, лекин ҳеч қачон эскирмас ҳаётий нақлга амал қилиш одатига содиқлигида, холос.

Лола опа ланжланиб ўтиришни ёмон кўради. Шу агротехник тадбир учун маблағ ажратиш керакми, тамом, орага бошқа гап сиғмайди. Вилоят ҳокими,  вазирлик ва идоралар раҳбарларига ҳам Марказий Фарғона ҳудудига хос шўрланиш, суғориш, ҳосилдорлик салмоғини ошириш билан боғлиқ муаммоларни дангал айтиб, масалани шарта-шарта кўндаланг қўяди. Шунинг учун ҳам ҳудуддаги фермерлар бирор бир жиддий муаммони ҳал қилиш учун Лола опанинг атрофида гирдикапалак бўлиб айланиб қолишади. Унинг фақат ўзига ярашадиган чапани феъл-атвори, янгиликлар қилишдан қўрқмаслиги шундай пайтларда роса иш беради.

Полосоннинг тор ва диққинафас жин кўчаларида тенгдошлари билан тўптош ўйнаб юрган сочлари жингалак қизалоқ йиллар ўтиб, Олтиариқ, Фарғона, Ўзбекистон Лоласи сифатида эъзозланмоқда. Бугун фермерлик ҳаракатида Лола Муротова ёшларга ибрат мактаби, ўзига хос тимсол бўлаётгани айни ҳақиқатдир. Дориломон кунлар ортидаги армонлар эса фақат ўзига, меҳри дарё қалбига аён. Унинг сокинликка йўғрилган сукунати бўронлар, тўфонлар қудратини яширгандек гўё.

Лола Муротова бир умр она заминга таъзим қилиб, тупроқдай хокисор бўлиб, ўзи ҳам тобора азиз ва мукаррам бўлиб бораётган фидойи ҳамюртларимиз сирасига киради. Азамат юртимиз, зийрак Юртбошимиз эса бундай фидойи фарзандларини ҳамиша боши узра баланд кўтаради.

Лола гулларнинг маликаси бўлса, Лола Муротова – ўзбек аёлларининг маликасидир.

Севара АЛИЖОНОВА.