Орзулар руёбга чиқмоқда

Орзулар руёбга  чиқмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи вилоятимизда бўлиб, маънавий-маърифий ишларнинг ҳолатини ўрганди. Соҳадаги илғор тажрибалар билан танишилди, аниқланган камчилик-ларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Шу билан бирга шаҳар ва туманларда учрашувлар, анжуманлар ўтказилиб, ижодкор ва истеъдодли ёшларнинг янги қирралари кашф этилди.

Маънавият масаласига ҳеч қачон лоқайдлик билан қараб бўлмайди. Бугунги глобаллашув даврида у ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда. Хусусан, жойларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, тарғибот ишларини тизимли ташкил этиш муҳим вазифалардан саналади.

Ишчи гуруҳ аъзолари Марғилон шаҳридаги мусиқали мақом театрида бўлиб, бу ердаги жараён билан танишди. Айни кунларда ўзбек миллий мақом санъатини ривожлантириш йўлида театр жамоаси баҳо-ли қудрат ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқда. Актёрлар билан суҳбатда  бадиий жиҳатдан юксак асарларни саҳналаштириш, театрлаштирилган томоша ва концерт дастурлари орқали мақом санъатини кенг тарғиб қилиш борасида фикр алмашилди.

Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғи ва Эркин Воҳидов номини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилган эзгу ишлар халқимизнинг ардоқли шоирига юксак эҳтироми ифодаси бўлди. Бугунги кунда бу боғ нафақат вилоят аҳли, бутун Фарғона водийси ёки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келадиган меҳмонлар, балки хорижлик сайёҳлар учун ҳам суюкли масканга айланди.

Ижодкорлар боғига ташриф буюрувчилар худди она табиат қўйнида юргандек эмин-эркин, яйраб нафас олмоқда. Шу маънода, Эркин Воҳидов номидаги Ижодкорлар боғи руҳиятни, покиза ва бокира туйғуларни тарбияловчи маънавият-маърифат маркази сифатида намоён бўлади.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкали, истеъ-
додли ёшлар мактаб-интернати, Эркин Воҳидов мемориал музейи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биноси ва бошқа кўплаб иншоотлар қад ростлади. Ижодкорлар боғига қадам қўяр экансиз, шоирнинг дилга яқин шеър ва ғазаллари янграб, сизни беихтиёр адабиёт бўстонига чорлайди.

Меҳмонлар Ижодкорлар боғида бўлиб, дастлаб Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гуллар қўйди. Шундан сўнг унинг номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда адабий кеча бўлиб ўтди. Вилоятнинг таниқли ижодкорлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этган анжуман Фарғона маънавияти ва адабиётининг катта тантанасига айланди. Айниқса, мактаб-интернат ўқувчиларининг ижод намуналари барчага манзур бўлди.

Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш ҳамда ижодкорларнинг мазкур ишлардаги ўрни хусусида сўз юритди. Ёш ижодкорларнинг истеъдодига юксак баҳо берди.

— Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабини бемалол гуманитар академия деб атасак бўлаверади, — деди Президент маслаҳатчиси.—Бир неча йиллар олдин Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон Олтиариқдан келиб олтита жанрда ижод қиламан деган эди. Бугун мен саҳнада ўнлаб жанрларнинг намойишини кўрдим. Ижод мактаблари очилганида бизнинг сиёсатимизга мухолифатчи бўлганлар бу мактаблар маддоҳлар тайёрлашдан бошқасига ярамайди деган эди. Эркин Воҳидов ижод мактаби бу фикрларнинг қанчалар нотўғри, ўринсиз эканлигини исботлади.

Маъсуджон Сулаймонов.

***

Фарғона политехника институтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, маслаҳатчи ўринбосари Дилшод Кенжаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, шоир Рустам Мирвоҳид иштирокида вилоятимиздаги олий ўқув юрти талабалари билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

— Китоб ўқишни кундалик режаларинг орасига қўшинглар.  Инсон кўп мутолаа қилса, шунча фикр-лаш қобилияти юксак бўлади. Интернетда “палон амалдор қовун туширди” деган хабарни диққат билан ўқийсизлар. У амалдорнинг нима учун бундай ҳолатга тушгани билан қизиқмайсизлар ҳам. Барчасининг замирида маънавий қашшоқлик ётибди. Яъни, китоб ўқимаган инсон ҳар доим шунақа хижолатли вазиятга тушиб қолади. Сизлар ҳам бир кун келиб, катта амалдор бўласизлар. Ўшанда уялиб қолмасликларинг учун ҳозир албатта китобни севиб, мутолаа завқидан фойдаланиб қолинглар, — дейди  Хайриддин Султонов.

Талабаларга маънавият масаласи бугунги замонда нақадар долзарб эканлиги таъкидланди. Ёшлар  ҳар бир маърузани диққат билан тинглаб, зарур хулоса чиқариб олишди.

— Бугунги учрашув биз ёшларнинг хаётида муҳим аҳамиятга эга булди, — дейди Фарғона политехника институти  учинчи босқич талабаси Муроджон Ҳамдамов. – Қанча излансак, билим олсак, шунчалар яхши эканлигини  англадик.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.

Муқимжон Қодиров

олган сурат.