ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ФОЙДАСИГА ҲАЛ ЭТИЛДИ

Аҳмад ал-Фарғоний номидаги вилоят Ахборот кутубхона марказида  Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши  курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси  раҳбарлари  иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда ОАВ вакиллари, давлат идоралари ва ташкилотлари матбуот хизмати ходимлари, блогерлар қатнашди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи А. Холматов, ҳудудий бошқарма ҳузуридаги истеъмолчилар  ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  ва реклама соҳасини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи А. Марозиқов соҳадаги ўзгаришлар, олиб борилаётган ишлар ҳақида  сўз юритди.

Ўтган йили бошқармага 111 та ёзма, 983 та оғзаки, 723 та электрон кўринишдаги мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 1808 таси жисмоний шахсларга, 9 таси юридик шахсларга тегишли.

Мурожаатлар бўйича ваколат доирасида олиб борилган ўрганишлар натижасида монополист корхоналар томонидан қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланди ва 3878,7 миллион сўм маблағлар истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди.

Вилоят ҳудудидаги 427 та ҳар хил турдаги ташқи реклама конструкциялари хатловдан ўтказилди. Шундан 319 таси қонун талабларига мос эмаслиги маълум бўлди. Бу ҳақда шаҳар ва туман ҳокимликларига тегишли кўрсатма хатлари берилди. Бугунга қадар 165 та ташқи реклама конструкциялари талабларга мослаштирилди.

Очиқ мулоқотда журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Ўз мухбиримиз.