“ЗИЁ” КИТОБ МАСКАНЛАРИ

“ЗИЁ” КИТОБ МАСКАНЛАРИ

Уларга ҳамма ерда ва ҳамиша эҳтиёж бор

 

Китобларни бежизга замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемаларига қиёслашмайди. Аслида, китобхонлик деб аталмиш юксак фазилат ёш танламаса-да, миллатнинг китобсевар авлодини тарбиялашда болаларни кичик ёшдан тафаккур кемаларига жалб қилиш, мутолаа-ни уларнинг севимли машғулотига айлантириш жуда муҳим. Қолаверса, ҳар бир туман-шаҳар, ҳар бир маҳаллада ёш-у қари бориб, севган китобини харид қилиши ёки ўша ернинг ўзида мутолаа қилиши мумкин бўлган зиё масканларининг бўлиши ҳам халқимиз орасида китобхонликни кенг ёйишга хизмат қилади.

Бу борада Фарғона тажрибасининг шаклланганлиги, вилоятимизда китоб дўконлари ва кутубхоналар сони йилдан-йилга ошиб бораётганлигини эътироф этсак, арзийди. Айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган қарори асосида ташкил этилган “Китобхонлик ойлиги” пандемия даврида ҳам давом этди. Ойлик дои-расида ўтказилган танловларда 190 минг нафардан ортиқ аҳоли вакиллари қамраб олинди. Шунингдек, “Ferghana bookland” QR-кодли электрон китоблар таблоси Фарғона халқаро аэропорти, Марғилон темир йўл вокзали ҳудудига, шунингдек,  юзлаб таълим муассасаларига ўрнатилди. Қолаверса, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти Бўка тумани, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани, Андижон, Хоразм, Бухоро, Наманган вилоятларидаги таълим муассасаларига ўрнатилган “Ferghana bookland”дан минглаб китобхонлар фойдаланишмоқда.

Жорий йилда ҳам китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса, ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш мақсадида муҳим вазифаларни амалга ошириш белгиланган. Жумладан, ҳар бир шаҳар ва туман марказларида жами 22 та “Зиё” китоб масканлари ташкил этилиб, аҳоли гавжум жойлар ҳамда таълим муассасаларида 100 та автоматлаштирилган китоб сотиш пунктлари,  2 та Библиобус фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанси китоб ва китобхонликдан бошланади. Ҳар қандай тамаддуннинг асосида, шубҳасиз, китоб мутолааси ётади. Китобхонлик оиладаги, маҳалладаги муҳитга, инсонни ўраб турган жамиятга боғлиқ. Китобга эътибор фарзандлар тарбиясида, айниқса, қўл келади. Китобни бежизга инсон тафаккурининг қанотларига ўхшатишмаган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлигидир. Илм-фанга оид қўлланмалар ўқувчи билимини оширса, бадиий асарлар инсон маънавия-тини шакллантиришга, бойитишга хизмат қилади. Ўқиш-ўрганишга қизиқиш ортса, китобхон аҳоли қанча кўп бўлса, ўша жамият, давлат ривожланиб, такомиллашиб бораверади. Ҳудудларда, маҳаллаларда маънавият зиёсини таратиб турган “Зиё” китоб масканлари эса халқимизни том маънода китобхонликка қайтариш, китобсевар авлодни камолга етказишда муносиб ўрин тутади.

Шоҳидбек АСЛОНОВ,

вилоят Ахборот

ва оммавий

коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.