Кичик ҳикояларда улкан маъно…

Кичик ҳикояларда  улкан маъно…

Драббл (инглизча drabble – парча, бўлак) – ҳикоянинг ўзига хос кичик жанри. Унда, асосан, бирор воқеанинг қисқача тарихи берилади. Драбблни кутилмаган ечим билан якун топувчи энг қисқа ва тугал ҳикоя дейиш мумкин. Эҳтимол, бунга Антон Чеховнинг ёки Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи бир бетлигу, аммо олам-олам маъно-мазмунга эга ҳикояларини ҳам мисол қилсак бўлар.

1980 йилда Буюк Британияда драббл деб номланган ҳикоянавис-ликнинг янги жанри вужудга келди ва бундай кичик асар бор-йўғи 100 сўздан иборат бўлиб, тугалланган ғоя ва ўзига хос шаклга эга бўлиши лозим деган талаб ёзувчилар олдига қўйилди. Драббл ўз ватани Бирмингем университетида ғаройиб сўз ўйини сифатида қабул қилинди. Кейин Европанинг кўпгина мамлакатлари ёзувчилари бу борада ўзларини синаб кўришди. 1987 йилда эса Стив Мосс “New Time” журнали орқали танлов ўтказиб, иштирокчилар олдига 55 сўздан иборат тугал ҳикоя ёзиш вазифасини қўйди. Буни қарангки, ёзувчилар бунинг ҳам уддасидан чиқишди. Хуллас, драббл деган янги жанр вужудга келди ва у кўпчиликни қизиқтириб қўйди…

Қадрли газетхон, бугун кичик ҳикоялар – драббллардан намуналарни сизга ҳам илиндик.

 

Бемор

(Ҳикоя)

Осмон йироқ, ер қаттиқ.

(Мақол)

Сотиболдининг хотини оғриб қолди. Сотиболди касални ўқитди – бўлмади, табибга кўрсатди. Табиб қон олди. Бетобнинг кўзи тиниб, боши айланадиган бўлиб қолди. Бахши ўқиди. Аллақандай бир хотин келиб толнинг хипчини билан савалади, товуқ сўйиб қонлади… Буларнинг ҳаммаси, албатта, пул билан бўлади. Бундай вақтларда йўғон чўзилади, ингичка узилади.

Шаҳарда битта докторхона бор. Бу докторхона тўғрисида Сотиболдининг билгани шу: салқин, тинч паркда, дарахтлар ичига кўмилган баланд ва чиройли оқ иморат; шиша қабзали кулранг эшигида қўнғироқ тугмаси бор. Чигит пўчоқ ва кунжара билан савдо қиладиган хўжайини Абдуғанибой омборда қулаб кетган қоплар остида қолиб ўладиган бўлганида бу докторхонага бормай Симга кетган эди. Докторхона деганда Сотиболдининг кўз олдига извош ва оқ подшонинг сурати солинган 25 сўмлик пул келар эди.

Бемор оғирлашди. Сотиболди хўжайинининг олдига арзга борди, аммо бу боришдан муддаоси нима эканини аниқ билмас эди. Абдуғанибой унинг сўзини эшитиб кўп афсусланди, қўлидан келса ҳозир унинг хотинини оёққа бостириб беришга тайёр эканини билдирди, кейин сўради:

– Девонаи Баҳоваддинга ҳеч нарса кўтардингми? Ғавсул-аъзамга-чи?

Сотиболди кетди. Беморнинг олдидан жилмаслик ва шу билан бирга тирикчилик учун хонаки бир касб қилишга мажбур бўлди – ҳар хил саватчалар тўқишни ўрганди. У эртадан-кечгача офтобшувоқда гавронлар ичига кўмилиб сават тўқийди.

Тўрт яшар қизчаси қўлига рўмолча олиб, онасининг юзини карахт, нимжон, хира пашшалардан қўрийди; баъзан, қўлида рўмолча, мукка тушиб ухлаб қолади. Ҳаммаёқ жим. Фақат пашша ғинғиллайди, бемор инқиллайди; ҳар замон яқин-йироқдан гадой товуши эшитилади: «Ҳей дўст, шайдулло баноми олло, садақа радди бало, бақавли расули худо…»

Бир кечаси бемор жуда азоб тортди. У ҳар инграганда Сотиболди чаккасига буров солинган кишидай талвасага тушар эди. Қўшниси бир кампирни чақирди. Кампир беморнинг тўзиган сочларини тузатди, у ёқ-бу ёғини силади, сўнгра… ўтириб йиғлади.

– Бегуноҳ гўдакнинг саҳарда қилган дуоси ижобат бўлади, уйғотинг қизингизни! – деди.

Бола анчагача уйқу ғашлиги билан йиғлади, кейин отасининг ғазабидан, онасининг аҳволидан қўрқиб, кампир ўргатганча дуо қилди:

– Худоё аямди дайдига даво бейгин…

Бемор кундан-кун баттар, охири ўсал бўлди. «Кўнгилга армон бўлмасин» деб «чилёсин» ҳам қилдиришга тўғри келди. Сотиболди тўқиган саватчаларини улгуржи оладиган баққолдан йигирма танга қарз кўтарди. «Чил-ёсин»дан бемор тетик чиққандай бўлди; шу кечаси ҳатто кўзини очиб, қизчасини ёнига тортди ва пичирлади:

– Худо қизимнинг саҳарлари қилган дуосини даргоҳига қабул қилди. Дадаси, энди тузукман, қизимни саҳарлари уйғотманг.

Яна кўзини юмди, шу юмганича қайтиб очмади – саҳарга бориб узилди. Сотиболди қизчасини ўлик ёнидан олиб, бошқа ёққа ётқизаётганда қизча уйғонди ва кўзини очмасдан одатдагича дуо қилди:

– Худоё аямди дайдига даво бейгин…

АбдуллаҚаҳҳор.

 

 

 

Бахт излаб…

Бувам билан бувимнинг тўйларига бугун эллик йил тўлди. Ҳелен билан яшаётганимга бир йил бўлмай туриб ажралишга қарор қилган куним шу ҳақда ўйладим ва оёғимни қўлимга олдим-да, уларнинг ҳузурига югурдим.

– Эллик йил бирга яшаш бахти нима? Буни қандай уддаладингиз?

Бувам жавоб беришидан аввал мириқиб кулди.

– Бу саволни берган экансан, демак, рафиқанг билан тил топишишда қийналяпсан. Бошқалар каби оғриқ бераётган тишдан дарҳол қутулиш ўрнига уни сақлаб қолишга уринаётганингдан хуpсандман. Мен бенуқсон аёлни излашдан тўхтаб, ўзим бенуқсон эркак бўлишни истаган куним бувингни топганман.

 

Роберт Рул.

 

Гулдон

  • Ахир бу қиммат гулдон эди! – кучдан қолган қари қайнонасига бақирди келин. – Нима қилиб қўйганингизни биласизми?

Қўпол муомаладан кампирнинг кўзларига ёш айланди.

Орадан анча вақт ўтди. Қўлидаги гулдонни синдирган аёл қўрқа-писа унинг синиқларини йиғиштириб ола бошлади.

– Вой, ўлай! Бу нимаси?! Ажалимдан беш кун бурун гўрга тиқмоқчимисиз мени? Бўлди, етар! Қилиқларингиз ҳиқилдоғимга келди. Дадам Париждан олиб келган гулдонни ерга отиб синдирганингизни ва бу қилмишингизни қандай яширишга уринганингизни ўғлингизга айтиб бераман. Нарсаларингизни йиғиштиринг! Қариялар уйига олиб бориб қўяман! Сизнинг жойингиз ўша ерда!

Уқубатдан юзларидаги чизиқлари билиниб, кўнгли озор чеккан аёлнинг юзи ғалати тарзда қийшайиб қолди ва бир вақтлар қайнонасига айтган мана шу таниш сўзларини эслаб, ҳўнграб йиғлаб юборди.

Артур Л.Уиллард.

Шоирга

Агар сени юз кишидан тўқсон нафари мақтаса, ундай даврадан қоч. Агар юз киши ҳам: «Тасанно!» – деб олқишласа, шеър ёзишни ташла-ю, этикдўзга шогирд туш. Борди-ю, ўша юз киши жаҳли чиқиб: «Жинни! Телба хаёлпараст!» – деб таъна-ю маломат қилса, хафа бўлмасдан, уларга қараб жилмай. Сабаби, улардан кейин яна камида юз киши ёзганларингни астойдил ўқиб кўради.

Александр Неверов.

Етимча

Бир киракаш шаҳарнинг машҳур давлатмандини уйигача обориб қўйди. Манзилга етган мижоз ҳисоблагичга қараб, пул тўлади. Бойнинг сахийлик қилишига астойдил ишонган ҳайдовчининг эса ҳафсаласи пир бўлиб:

– Тавба, ота-ю ўғилнинг ўхшамаслигини энди кўриб турибман. Куни кеча ўғлингизни шу ерга келтириб қўйганимда, ҳисоблагичга қарамай, юз доллар узатганди…

Бой жилмайиб, шундай жавоб қилди:

– Нимасини айтасиз, ўғ-
лимга ўзимам ҳавас қила-ман. У бойнинг ҳотамтой бойваччаси, лекин камина ғирт етимман!

 

Дэниел Жей Эггерт.

Бахтли яшаш сири

Чиннинг сулув қизи Ли-Ли суйганига турмушга чиқди. У бахтли эди, бироқ ширин ҳаётига қари, инжиқ қайнонаси заҳар томизиб турарди. Қайнона-келиннинг адоқсиз жанжалларидан тўйган эркак уйга келмайдиган одат чиқарди. Ўз оиласини сақлаб қолишни истаган келинчак табиб ҳузурига борди ва дардини тўкиб солди. Нуроний унга кукунга ўхшаш бир дори тутқазди.

– Бу аста-секинлик билан таъсир қиладиган заҳар, – деди кекса табиб, – уни уч ой давомида ҳар кун оз-оздан қайнонангнинг таомига қўшиб берасан! Қайнонангнинг ўлимида сендан гумонсирамасликлари учун унга энг сара таомларни тайёрлаб, яхши муомалада бўл!

Ли-Ли чолнинг айтганига амал қилди. «Яхши гап билан илон инидан чиқади» деганларидай, келиннинг мулойим муносабати қайнонани тамомила ўзгартирди. Улар она-ю қизга айланди. Ёш келин ўзини оғир юк босаётгандай ҳис қилиб, қилмишидан пушаймон бўлди ва чолнинг ҳузурига келди.

– Қайнонамнинг қонини заҳардан тозаловчи дори беринг, илтимос. Унинг ўлишини асло истамайман!

Чол кўзлари ёшланиб, жавдираб тикилиб турган Ли-Лига қараб, қаҳ-қаҳ отиб кулди.

– Қизалоғим-а, сенга берганим дармондорилар эди. Улар қайнонангнинг кучига куч қўшарди. Ҳақиқий заҳар, аслида, миянгда эди. Сен ундан халос бўлдинг. Энди чинакамига бахтли яшайсан, – деган экан табиб.

 

Ба Сзин.

Сабоқ

Ҳаётидан яхшилик изламайдиган бир қизга отаси сабоқ бериш учун ошхонага чорлади. Уч хил идишдаги қайнаган сувга картошка, тухум ва қаҳва доналарини солди. Йигирма дақиқадан сўнг барини идишга бўшатиб, қизига юзланди:

– Қандай ўзгариш юз берди?

Қиз картошка юмшаганини, тухум қат-тиқлашганини, қаҳва эса хуштаъм шарбатга айланганини айтди.

– Лекин бу билан нима демоқчилигингизни тушунмадим?

– Ҳаёт машаққатдан иборат. Машаққатлар исканжасида картошкадай эзилиб қоласанми ё қалбинг тухум каби қаттиқлашадими, ё бўлмасам, қаҳва доначаларидек, ғамга бўйин бермай ўзингни комиллаштириб, ҳаётингга айрича таъм ҳадя этасанми?

Қиз ўзининг ношукрлигидан уялиб қолди. Шунда ота қизининг бошини силаб:

– Ҳаёт ҳикмат излаб яшаш учун берилган. Унга кулиб боқсанг, ҳаёт ҳам сенга кулиб боқади, – деди.

 

Леч Макдональд.