Вилоят ҳокими қабулида

Вилоят ҳокими қабулида

ЭРОН КОМПАНИЯСИ ФАРҒОНАГА ИНВЕСТИЦИЯ КИРИТАДИ

Шу йилнинг 16 февраль куни вилоят ҳокимлиги қабуллар ўйида Хайрулло Бозоров Эроннинг “Group Presentation” компанияси делегациясини қабул қилди.

Учрашувда компания раҳбари Алиризо Ражаби мамлакатимизга инвестиция киритиш борасида ишлаб чиқилган бизнес-лойиҳа бўйича тақдимот ўтказди.

Таъкидланганидек, Эроннинг йирик компанияси томонидан лойиҳа доирасида уч босқичда мамлакатимизга 15,2 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган бўлиб, ички бозор, қолаверса, МДҲ давлатлари ва Европага экспорт қилиш учун кимёвий ўғитлар, чорва озуқаси учун биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарилади.

Айни пайтда компания тасарруфидаги 12 та корхонада 40 турдан ортиқ нефть, нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Компания маҳсулотлари Туркия, Россия, Таиланд, Афғонистон сингари ўндан ортиқ давлатларга экспорт қилинади.

  • Ўзбекистонга келишдан олдин юртингиздаги ижобий ўзгаришлар ҳақида эшитган фикрларни ўз кўзимиз билан кўриб қувондик,-дейди Алиризо Ражаби. – Қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғитлар, чорва озуқаси учун биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш учун юртингизда хомашё захираси етарли. Шу боис компаниямиз томонидан босқичма-босқич Фарғонада бир неча корхоналар қуриш режалаштирилмоқда.

Вилоят ҳокими эронлик тадбиркорларнинг ушбу лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, эзгу ташаббусни амалга ошириш учун барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.

  • Вақтдан ютиш ва рақобат бозорида тезроқ мустаҳкам ўрин эгаллаш учун бизнес-лойиҳани уч босқичда эмас, бир пайтнинг ўзида амалга оширган маъқул,-деди вилоят раҳбари. – Бунинг учун “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ёки вилоятдаги исталган кичик саноат зонасидан ер майдони ажратиб берилади.

Самимий мулоқот давомида яқин истиқболда икки томонлама ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.