Пресс-тур ҲУНАРМАНДЛАР ТАЖРИБА АЛМАШИШДИ

Пресс-тур  ҲУНАРМАНДЛАР ТАЖРИБА АЛМАШИШДИ

Риштон, Фурқат туманлари ва Марғилон, Қўқон шаҳарларида барпо этилган ҳунармандчилик марказлари, ҳунармандлар устахоналари ва галереяларини кенг тарғиб этиш, 2021 йилда ишга туширилиши кўзда тутилаётган миллий ҳунармандчилик марказлари қурилиши билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги, “Ҳунарманд” уюшмасининг ҳудудий бошқармаси мутасаддилари, ҳунармандчилик маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш ва сотишга кўмаклашиш бўйича мутахассислар, уста кулоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

– Кейинги пайтда Президентимиз томонидан ҳунармандчиликка катта эътибор қаратилмоқда. Риштон ўзининг уста ҳунармандлари, кулолчилик маҳсулотлари билан бутун дунёда довруқ қозонган. Пресс-турнинг айнан Риштондан, Халқаро кулолчилик марказидан бошланишида ҳам рамзий маъно бор. – деди Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси раиси ўринбосари Акобир Ҳакимов. – Келгусида миллий кулолчиликни янада ривожлантириш, халқаро миқёсда таништириш, кулолларимизга ҳар томонлама ёрдам бериш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш режаларини амалга оширишимиз керак.

Бухорода Ғиждувон, Самарқандда Ургут, Андижон кулолчилик мактаблари бор. Ҳунармандларга субсидиялар бериш, хориждаги элчихоналар орқали уларнинг маҳсулотлари савдосини ташкил қилиш, “Уста-шогирд” асосида ёшларни иш билан таъминлаш, кулолчилик учун зарур хом ашё карьерларини топиб, ҳунармандларга бириктириш сингари кўплаб масалаларни ўз ичига олган қарор лойиҳаси тайёрланяпти.

– Риштонлик уста-ҳунармандлар юзидаги қувонч, ишонч ва фахр кишини хушнуд қилади, – дейди “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси”, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Алишер Нарзуллаев. – Пресс-тур давомида кулолларимиз нафақат ҳунар сирлари билан ўртоқлашиб, тажриба алмашишади, балки янги режалар тузадилар, лойиҳаларни кашф қилишади, деб ўйлайман.

– 2021 йилда вилоятимизда 21 та ҳунармандчилик объектлари, хусусан, 13 та ҳунармандчилик марказлари ишга туширилади. Бу 4 мингдан ортиқ иш ўрни деган гап, – дея фикр билдирди “Ҳунарманд” уюшмаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. – Фурқат туманида наққошлик ва ёғоч-ўймакорлик мактаби, Бувайдада темирчиликка ихтисослашган мактаб, Марғилон ва Қўқонда туризм ва миллий ҳунармандчилик марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Риштондаги Халқаро кулолчилик маркази нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона ҳунар турига ихтисослашган марказ ҳисобланади. 2021-2023 йилларда туманда яна тўртта шунақа замонавий ҳунармандчилик шаҳарчалари қуриб битказилади. Давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга ошириладиган ушбу лойиҳаларга Фарғона тажрибаси дея ном берилиши замирида эса улкан масъулият мужассам.

Ҳунармандчилик марказлари инфратузилмаси, маҳсулотлар тарғиботи ва экспорти, интернет онлайн савдоси, соҳага ички ва ташқи туризмни жалб қилиш каби мавзулар  иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Президентимизнинг ушбу марказга ташрифини телевидениеда кўриб, жуда қувондим. Негаки, бу биз каби ҳунармандлар учун катта туртки бўлди, янаям ғайрат билан меҳнат қилишга ундади, – дейди Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидан ташриф буюрган кулол Ҳасанбой Умаров. – Росмана кулол бўлиш учун 5-10 йил вақт керак бўлади. Кулолчиликда вужудга келган ҳар бир мактабнинг ўз анъаналари, технологияси бор, Наманганда ҳам Ғурумсарой мактаби шаклланган.

Риштон туманида ўз уй-музей ва устахонасида фаолият кўрсатувчи усталар билан учрашув, Равшан Тожиддинов, Тоҳир Ҳайдаров устахоналарига ташриф пресс-тур иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.