Хайрулло БОЗОРОВ:Сўх тумани тадбиркорлар масканига айлантирилади

Хайрулло БОЗОРОВ:Сўх тумани  тадбиркорлар масканига  айлантирилади

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят сектор раҳбарлари, бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари билан бирга Сўх туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, маҳаллий лойиҳалар ҳамда бунёдкорлик ишлари билан танишиш, аҳоли вакиллари, шу жумладан, ёшлар билан учрашиш мақсадида анклав ҳудудда бўлди.

Ташриф аввалида вилоят ҳокими ўтган йили туманда юз берган тартибсизликларда талафот кўрган Бекназаровлар хонадонида бўлиб, бу оилага давлат томонидан қуриб берилган турар-жой билан танишди. Оилага қимматбаҳо совғалар, уй-рўзғор анжомлари тақдим этди.

Вилоят ҳокими «Ҳазрати Али» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган ёшлар кичик саноат зонасини бориб кўрди. Айни кунда 3 гектар ер майдони 41 нафар ёш тадбиркорларга ажратиб берилган. Умумий қиймати 11 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ бўлган лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 205 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади. Сўхлик ёшлар билан учрашган вилоят ҳокими келажак эгаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликни тадбиркорликни ривожлантириш орқали бартараф этиш масалалари ҳақида гапириб ўтди.  Бунинг учун  туманда шароит ва имкониятлар мавжуд.

– Ҳар бир минтақанинг ўзига хос “ўсиш нуқтаси” бўлиши лозим. Сўх тумани сиз каби ёшларнинг ташаббуси билан ривожланади. Туман яқин келажакда тадбиркорлар масканига айланади. Соҳа тараққиётига ҳисса қўшишга интилган ҳар бир тадбиркорга доимо кўмакдош ва елкадошмиз, — деди вилоят ҳокими.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги арафасида “Сойбозор” мавзесида “Ёшлар илмий-ижодий маркази” фойдаланишга топширилди. Масканга ташриф буюрган Хайрулло Бозоров ижод аҳлига яратиб берилган шароитларни юқори баҳолади. Санъат ва ижодга қизиқувчи ёшлар учун олти йўналишда машғулотлар олиб борилаётган марказ туман халқ таълими бўлими ихтиёридаги бўш бинони таъмирлаб, жиҳозланиши натижасида барпо этилган. Бу ерда ижодий машғулотлар билан бирга фан олимпиадаларига қатнашувчи ўқувчилар учун қўшимча дарслар ташкил этилган. Ёзувчилар, шоирлар, таниқли шахслар билан учрашувлар йўлга қўйилган.

Хайрулло Бозоров қиймати 93 млрд. сўмга яқин “Қайроқ” сув насос станцияси, “Шарқобод” маҳалласида 5 млрд. 166 млн. сўм эвазига қурилаётган янги кўприк, лойиҳа қиймати 19 млрд. 670 млн. сўм бўлган “Сўх савдо комплекси”да олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Туманда Президентимиз кўрсатмаси билан замонавий аэропорт қурилмоқда. Самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончасининг умумий майдони 7 гектарни ташкил этиб, лойиҳа қиймати 7 миллиард сўмга яқин. Қурилиш ишлари “Сўх асфальт-бетон қурилиш” МЧЖ томонидан олиб борилмоқда. Вилоят ҳокими мазкур объектда ҳам бўлди, қурувчилар билан суҳбатлашди. Иншоотларни сифатли ва кўркам барпо этиш бўйича тавсиялар берди.

Туманнинг “Қалъача” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Жавпая” массивида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 1500 гектар ер майдони бўлиб, сув чиқариш, ўзлаштириш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш имконияти вужудга келади. Ташриф давомида вилоят ҳокими “Жавпая” массивини ўзлаштиришга доир тавсия ва таклифларини айтиб ўтди. Мутасадди раҳбарларга масала бўйича топшириқлар берди.

Туманнинг “Тул” маҳалласида ёш тадбиркор Ҳомитали Ҳайдаров ташаббуси билан “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этилган. Гузарда тикувчилик ўқув маркази, 6 фан йўналишидаги репетиторлик курслари, компьютер саводхонлиги фаолияти йўлга қўйилган. Фитнес-клуб ҳам маҳалла ёшлари ихтиёрида. Хайрулло Бозоров гузар фаолияти билан яқиндан танишди. Тадбиркорлар, ёшлар билан суҳбатлашди, уларнинг таклифларини эшитди. Мулоқот давомида кўплаб муаммолар муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими “Ленбур” маҳалла фуқаролар йиғини биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Лойиҳа қиймати 1 млрд. 300 млн. сўм бўлган мазкур бино ёш тадбиркор, “Табассум Сўх-савдо” хусусий корхонаси раҳбари Қосимжон Ҳайдаров томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилди. Шунингдек, вилоятимиз раҳбари “Умабара” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 16-ўрта таълим мактабида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан ҳам танишди.

Шу куни туманга озиқ-ов-
қат ва қишлоқ хўжалиги маҳсу-лотларидан иборат “Саховат ва кўмак” карвони етиб келди. Бу маҳсулотлар кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга тарқатилди.

Сўх тумани ҳокимлиги

ахборот хизмати.

М. ҚОДИРОВ олган суратлар.