Турар жойлар ўртасидаги қурилишлар тўхтатилади

Турар жойлар  ўртасидаги қурилишлар  тўхтатилади

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги “Дўстлик” ва ”Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, ҳудудлардаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари билан танишди, аҳолининг яшаш шароитларини ўрганди, таклиф ва муаммоларини тинглади.

Мулоқотлар чоғида фуқаролар кўп қаватли турар жойлар яшил майдонларидаги манзарали дарахтлар кесилаётгани, сайр йўлакчалари ва болалар майдончалари бузилиб, кўп қаватли уйлар қурилаётгани, коммуникация тизимларига қўшимча қувватлар уланаётгани бўйича эътирозларини билдиришди.

— Бундан буён кўп қаватли турар жойлар ўртасидаги барча қурилишлар тўхтатилади, пойдевор учун қазилган котлованлар кўмилади, болалар ва спорт майдончалари қайта тикланади, мевали ва манзарали дарахтлар кесилмайди, — деди вилоят ҳокими.

Хайрулло Бозоров шу ернинг ўзида Фарғона шаҳар ҳокими ва прокурорига, сектор раҳбарларига, кўп қаватли турар жойлар ўртасида олиб борилаётган барча қурилишларни тўхтатиш, бундай объектларни қуришга рухсат берилган қарорларнинг қонунийлигини ўрганиш ва бекор қилиш юзасидан топшириқлар берди. Ўз навбатида, тўхтатилган қурилишлар ўрнига тадбиркорларга бошқа жойлардан ер майдони таклиф этилишини таъкидлади.

Ўрганиш жараёнида вилоят ҳокими маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги тозаликка, атроф-муҳит ободончилигига эътибор қаратди. Жойларда ахлат-чиқиндилар тўпланиб қолгани, баҳор эшик қоқиб турган бўлса-да, ободонлаштириш ишлари бошланмагани бўйича дахлдор ташкилотлар раҳбарларига, йиғин раисларига ва фуқароларга ҳақли эътирозларини билдирди.

— Фарғона шаҳридаги турар жой массивларида файз бўлиши шарт, — деди вилоят ҳокими. — Бунинг учун ҳамма биргалашиб, баҳамжиҳат ишлаши керак. Халқ ҳашари каби миллий анъаналаримизни унутмаслигимиз лозим.

Вилоят ҳокими Фарғона шаҳар ҳокими М.Убайдуллаевга маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиш топшириғини берди. Мотуридий кўчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи катта ариқ устида қурилган объектлар олиб ташланиб, қирғоқ бўйлаб велосипед ҳамда сайр йўлаклари ташкил этилади.

Ўз мухбиримиз.