Муҳаммад Жаҳонгир Алам: Бангладеш Фарғона билан туризм, таълим ва тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Алам билан суҳбат

Муҳаммад Жаҳонгир Алам:  Бангладеш Фарғона  билан туризм, таълим ва тўқимачилик соҳасида  ҳамкорлик қилишга тайёр  Бангладеш Халқ Республикасининг  Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси  Муҳаммад Жаҳонгир Алам билан суҳбат

Мустақиллик санаси – 1971 йил 26 март

Пойтахти – Дакка

Майдони – 148 460 км2

Аҳолиси – 166 миллион кишидан ортиқ

Давлат тузилиши – унитар, парламентар республика

Давлат тили – бенгал тили

Дини – Ислом (сунний)

2020 йили Бангладешнинг таъсирчан иқтисодий муваффақияти кўплаб мамлакатлар оммавий ахборот воситаларида муҳокама мавзусига айланди. Сабаби, ривожланган давлатлар Covid-19 глобал пандемияси туфайли салбий ўсишни бошдан кечираётган бўлса, Бангладешда юқоридаги вазиятнинг акси ўлароқ, бу борада ижобий натижалар қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Бангладешнинг иқтисодий куч сифатида кўтарилиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВФ) 2020 йил октябрь ойида “Жаҳон иқтисодий истиқболлари: узоқ ва қийин кўтарилиш” деб номланган ҳисоботида Бангладеш халқи жон бошига ЯИМ 1888 AҚШ долларини ташкил этиб, Ҳиндистонга етиб олганлигини эълон қилди. Маълумот учун, бир неча йил-лар олдин Ҳиндистонда аҳоли жон бошига ЯИМ Бангладешникига нисбатан 40 фоизга юқори эди.

Иқтисодиёти диверсификацияланмаган, турмуш даражаси паст саналган, шунингдек, дунёнинг ривожланмаган мамлакатларидан бири бўлиб қолаётган Бангладеш давлати сўнгги йилларда тўқимачилик, тикувчилик, трикотаж саноатининг муваффақиятли тараққий топишига эришди. Хусусан, жаҳондаги кийим-кечакларнинг иккинчи экспортчиси ва AҚШнинг катта сиғимли бозорларига энг катта маҳсулот етказиб берувчилардан бирига айланди…

Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Аламни “Бангладеш мўъжизаси” сири, Ўзбекистон — Бангладешнинг келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳамда Фарғонага ташрифи таассуротларини билиш мақсадида суҳбатга чорладик.

— Жаноб элчи, Бангладешнинг дунёда тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилувчи энг йирик мамлакатлардан бири эканлиги барчамизга маълум. Мамлакатингиз иқтисодиётининг тез суръатларда ўсиши ҳамда бошқа етакчи соҳалар фаолияти ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Саволингиз учун ташаккур. Авваламбор, “Фарғона ҳақиқати” рўзномасининг Ўзбекистондаги бетараф ва ишончли янгиликлар манбаи экани боисидан таҳририят жамоасига чексиз ҳурматимни изҳор этмоқчиман. Саволингизга қайтсам, Бангладеш кўп жиҳатдан муваффақият ҳикояларини ярата олди. Биринчиси, шубҳасиз, тўқимачилик соҳасидаги мисли кўрилмаган ютуқларимиз. Мен келтира оладиган бир асосий хусусият шундаки, хотин-қизлар ижтимоий фаолликка жалб этилди. Aнъанага кўра, Бангладешдаги аёллар (ҳатто яхши маълумотга эга бўлганлар ҳам) оиласи учун карьерасини қурбон қилади. Ижобий ечим сифатида фрилансерлик  фаолия-ти танланди ва шу тарзда улар уйда туриб ишлашларига имкон яратилди. (Таҳририятдан:Фриланс сўзи инглизча freelance сўзидан олинган бўлиб, free – эркин, lance – найзалини англатади ва бу ибора XIX асрнинг бошларидан мулоқотга кирган. Бу фаолият мустақиллик, эркин иш шакли, уйда ишлаш имконияти, фақат ўзи учун ажратилган ишни бажариш, қулай иш шароитлари, иш ва оила ўртасида мақбул мувозанатга эришиш, қизиқ бўлмаган, ноқулай лойиҳалардан бош тортиш каби афзалликлар беради).

Бу нимага олиб келди? Шубҳасиз, тараққиётга. Ҳозирда тикув-тўқув соҳасида 4,5 миллион нафарга яқин аёл ишлайди. Улар эркаклар билан бир сафда нафақат юртимизда, балки Иордания ва Эфиопиядаги тикувчилик фабрикаларида ишлаётганларини эшитиб, мамнун бўламиз. Аёлларнинг жамият ва давлат қуриш ишларида фаол иштирок этиши, шунингдек, Ўзбекистон учун ҳам тақлид қилиши мумкин бўлган муваффақият тажрибасидир.

Фриланcерлик, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, интернетни такомиллаштириш, анъанавий хизматлардан рақамли хизматларга ўтиш, аёллар ва ёшларга имконият яратиб бериш орқали Бангладеш ўз иқтисодиёт мўъ-жизасини яратди. Хусусан, Бангладеш онлайн ишчилар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Ҳозир мамлакатда 650 мингга яқин фрилансерлар мавжуд. Шулардан 500 минг нафари фаол ишлайди ва ҳар йили 100 миллион доллар ишлаб топади. Уларнинг 22 фоиздан кўпроғи ITда, 25 фоизи ижодкорлик ва мультимедиада,  ва энг муҳими, 40 фоизи савдо ва маркетингни қўллаб-қувватлаш соҳасида тўпланган. Бундан ташқари, фрилансерлик – бангладешликлар орасида ишсизликка қарши курашишнинг самарали усули. Бунинг учун мамлакатда кўплаб ўқув курслари мавжуд.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва янги хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун бутун мамлакат бўйлаб 28 та юқори технологик парк барпо этилмоқда (жами 64 та бўлиши режалаштирилган). Энди имконият-

лар – биз фақат орзу қилишимиз мумкин бўлган 100 га яқин эркин иқтисодий ҳудудлар.

Бангладеш ҳукумати ўз олдига 2021 йилгача мамлакатни 100% интернетга уланишини таъминлашни мақсад қилиб қўйган. Ҳозирда 93 миллион нафар интернет фойдаланувчиси ва 160 миллион нафар мобиль алоқа фойдаланувчиси мавжуд. Бу – Осиё-Тинч океани минтақасида 5-ўринда, дунёда эса 9-ўринда, дегани.

Фуқароларга маъмурий хизматларни кўрсатиш учун 5000 тага яқин замонавий рақамли марказлар мавжуд. Марказларда оддий сертификат олишдан тортиб паспорт бериш каби муҳим хизматлар амалга оширилади.

– Ўзбек ва бангладеш тадбиркорлари фаолиятидаги ўхшашлик ва фарқлар нимада деб ўйлайсиз? Мамлакатингизда тадбиркорлар учун қандай имтиёз ва эркинлик-лар яратилган?

– Бангладешлик тадбиркорлар асосан тўқимачилик, чарм, жут, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига, шунингдек, мотоцикл, телевидение, уяли телефон саноати ва бошқаларга ихтисослашган. Ўзбекистонлик тадбиркорлар эса пахта ва калава, автомобиль, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, кимё, боғдорчилик, чорвачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг илмини олган. Ўйлайманки, тажриба алмашиш ҳар икки мамлакат халқига кўп томонлама фойда келтиради. Икки мамлакат тадбиркорлари кўплаб соҳаларда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беришлари мумкин.

 

Кейинги саволингизга тўхталсам, Бангладеш ҳукумати чет эллик тадбиркорларга бир қатор имтиёзларни тақдим этмоқда. Улардан баъзилари:

 

  • Саноат ҳудудлари, қайта ишлаш ва экспорт зоналаридан ер участкалари ажратиш;

 

  • тармоқлар учун инфратузилманинг мавжуд бўлишига ёрдам бериш;

 

  • хорижий ва маҳаллий инвес-торлар ўртасида дўстона алоқа ўрнатиш;

 

  • чет эл инвестицияларини давлат мусодарасидан ҳимоя қилиш;

 

  • даромад солиғи тўғрисидаги тегишли қарорлар рўйхатида кўрсатилган соҳаларда ишловчи хорижий техник ходимларни даромад солиғидан 3 йилгача озод қилиш.

 

Хорижий тадбиркорларга, шунингдек, солиқ таътили (Дакка ва Читтагонг зонаси 5 йил, Ражшаҳи, Кҳулна, Силҳет, Барисал ва Читтагонгдаги учта  саноат зонаси 7 йил муддатда) ҳамда худди маҳаллий тадбиркорлар сингари муаллифлик ҳуқуқи ва ҳақини олиш каби имтиёзлар мавжуд. Шунингдек, инвестиция қилинган капитал, фойда ва дивидендларни қайтариш тўлиқ ҳажмда ўтказилиши, тадбиркорлар ўзлари танлаган ишчиларни жалб қилишлари мумкин. Чет эллик ишчилар учун кўп марталик кириш визаси берилади. Хорижий тадбиркорларга интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа кўплаб қулайликлар тақдим этилади.

– 2020 йилнинг ноябрь ойида “Uzbekistan GTL” лойиҳаси дои-
расида Қарши шаҳридаги инжиниринг компаниясида 329 нафар бангладешлик иш билан таъминланди. Жами 888 нафар бангладешлик меҳнат муҳожири Ўзбекистонга келиши айтилган. Бангладеш ҳукуматининг чет элда муқобил меҳнат бозорларини излашига нима сабаб бўлмоқда?

– Бангладеш – малакали ва ярим малакали ишчи кучининг улкан бозоридир. Тахминан 1,1 миллион нафар бангладешлик ишчи Яқин Шарқ мамлакатлари, Сингапур, Корея, Малайзия, AҚШ, Буюк Британия ва кўплаб Европа мамлакатларида меҳнат қилмоқдалар. Улар самимий, пунктуал, меҳнатсевар ва итоаткор бўлгани учун халқаро меҳнат бозорида уларга талаб катта. Чет элга жўнатишдан олдин улар одатда Бангладешда ташкил этилган Техник институтларда Корея, Япония, Германия, Саудия Aрабистони, Қувайт, БАА ва бошқа биродар давлатлар мутахассислари кўмагида амалий машғулотлар ўтадилар. Эслатиб ўтамиз, Бангладеш 166 миллион аҳолиси бўлган мамлакатдир. Ҳукуматимиз ушбу улкан аҳолини оила, жамият ва мамлакатимизга юк бўлиш ўрнига, уни бойликка айлантиришга ҳаракат қилмоқда. Биз инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида катта ютуқларга эришдик. Эшитишимча, Ўзбекистондаги қўшма корхоналар Туркия, Ҳиндистон, Россия каби бошқа мамлакатлардан ишчилар олиб келмоқда. Худди шу тарзда Бангладешнинг малакали ишчилари ҳам Ўзбекистондаги юқори технологияли қўшма корхона лойиҳаларига ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин. Бангладешлик ишчилар ҳар қандай лойиҳани белгиланган муддатда бажарадилар.

– Фарғонага ташрифингиздан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз. Қайси жиҳатлар эътиборингизни тортди? Сизнингча, келажакда қайси соҳаларда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболли бўлади?

– Фарғона вилоятини ривожлантириш, шунингдек, Бангладеш —Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш учун вилоят ҳокими жаноб Хайрулло Бозоровнинг узоққа мўлжалланган режа ва мақсадлари мени ҳайратлантирди. Фарғона вилоятининг истиқболли режалари ва дастурлари билан бирга ҳудуднинг потенциал имкониятлари ҳам таҳсинга лойиқ. Мен жаноб ҳокимнинг Бангладешга ташриф буюриш режаси ва муносабатларимизни янги босқичга кўтариш учун қилаётган саъй-ҳаракатларини қадрлайман.

Бундан ташқари, ипакчилик саноати, Марғилонда ипакдан тайёрланган матолар, кийим-кечаклар ва гиламлар, машҳур Риштон сопол идишлари ва кулолчилик буюмлари мени жуда ўзига маҳлиё қилди. Бангладеш Фарғона билан тўқимачилик, таълим ва туризм соҳасидаги тажрибаларини баҳам кўришга, ҳамкорлик қилишга тайёр. Таъкидлаш жоизки, Бангладеш тикувчилик соҳасида катта тажриба тўплаган, Ўзбекистонда эса сифатли пахта ва яхши ишчи кучи бор. Бундан ташқари, Ўзбекистон МДҲ давлатларига божсиз кириш ҳуқуқига эга. Фарғона вилоятидаги ушбу қулай сармоявий муҳит икки томонлама манфаатли қўшма корхоналар ташкил этишга ёрдам беради.

 

Суҳбат чоғида Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Алам ўз давлатида сифатли пахта толаси, фармацевтика маҳсулотлари, ҳар хил турдаги зираворлар, шунингдек, пиёз, саримсоқпиёз, қовун, айниқса, олма, ўрик каби янги узилган меваларга Бангладешда эҳтиёж мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, туризмни ривожлантириш борасида ҳам бир қанча таклифларни айтиб ўтди. Вилоятимизда Шоҳимардон, Ёрдон, Водил тоғ-тоғолди ҳудудлари, Хўжа Маъоз, Саткак ота, Ҳувайдо мақбаралари каби кўплаб диний қадамжолар мавжудлиги Бангладешдан сайёҳларни жалб қилиш, Бангладешда эса дунёдаги энг узун денгиз пляжи, қуёш чиқиши ва ботишини томоша қилиш мумкин бўлган Куаката денгиз бўйи майдони, Ҳазрат Шоҳжалол, Ҳазрат Шоҳ Параннинг боғлари ҳамда мозорлари каби кўплаб археологик аҳамиятга эга гўзал мас-канлар борлиги ва бу ўзбек халқининг Бангладешга ташрифи учун яхши сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади. У савдо алоқалари ва туризмни кенгайтириш мақсадида Дакка-Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри йўловчилар парвозларини тиклаш, пахта ва ип-калава саноати соҳасида қўшма корхоналар қуришни таклиф қилди.

Бугунги таклифлар эртанги йирик лойиҳаларга асос бўлса ажаб эмас.

 

“Фарғона ҳақиқати” газетаси махсус мухбири

Севара АЛИЖОНОВА суҳбатлашди.