Президент ташрифидан сўнг

Президент ташрифидан сўнг

“Шодиёна” фарғонанинг обод маҳалласи бўлади

Шу кунларда фарғоналикларнинг суҳбат мавзуси битта — Президентнинг вилоятга ташрифи ҳақида. Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродова, риштонлик ҳунармандлар ва бошқа оддий одамлар даврасидаги фарғонача лутф билан бўлган мулоқотни рости ҳеч ким кутмаганди. Чунки бундан олдинги ташрифлар кўпроқ расмий кечарди.

Давлатимиз раҳбари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида маҳаллалардаги муаммоларни таҳлил қилиб бериб, аниқ вазифаларни топширди. “Вақт қанчалик тиғиз бўлса-да, бугун Фарғона шаҳридаги бир-иккита маҳаллага бораман” дея айтиб ўтди. Аммо режада маҳаллага бориш йўқ эди. Сессиядан сўнг «Шодиёна» маҳалласига режалаштирилмаган ташриф шаҳар мутасаддиларини довдиратди. Ахир бу ҳудуд муаммоларга қалашиб ётганди-да. Президентимиз пиёда юриб, маҳалла аҳли билан гаплашди. Ҳақиқий ҳолатни кўрди, муаммоларни ўрганди.

— Подьездимиз олдига давлатимиз раҳбари келаётганини кўриб, аввал ишонмадим, — дейди Кифоятхон Нурматова. — Рости, тушга ўхшади. У киши барчамиз билан самимий гаплашди. Шу кундан бери ўша ҳаяжон билан яшаяпман. Мана, маҳалламизда ўзгаришлар катта. Қўшнилар билан бу ерда ишлаётганларга ош дамлаяпмиз. Уйга киринглар, бир пиёла чойимиз бор.

Бу каби дил сўзларини маҳаллада яшовчи ҳар бир кишидан эшитиш мумкин. «Шодиёна» маҳалласида бугун улкан бунёдкорлик ишлари  бошланган. Бу ерда  1 минг 772 та хонадонда 6 минг 700 нафар аҳоли истиқомат қилади. 26 та кўп қаватли уйлар бор.

Маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси авария ҳолатида эди. Бу бино бузиляпти. Ўрнида барча қулайликларга эга замонавий маҳалла мажмуаси қад ростлайди. Кўчаларда электр энергияси, табиий газ, ичимлик  суви, канализация тармоғи бутунлай янгиланмоқда. Ички йўлларга асфальт ётқизиляпти.

Ҳудуднинг янгиланган режаси ишлаб чиқилиб, обод масканга айлантириш ишлари авжида. Давлатимиз раҳбари борган кўп қаватли уйларда ичимлик суви таъминотида муаммолар бор эди. Чунки қувурлар маънан эскирган бўлиб, юқори қаватларга сув чиқмасди. Ҳозирда 15 километр ичимлик суви тармоғи тортиляпти. 5 километр оқова сув тармоқлари тортиш бўйича амалий ишлар бошланди. Соатига 1000 м3 қувватга эга ичимлик сув иншооти қурилиши ҳам режалаштирилган. Шунингдек, бу ерда болалар майдончаси, соғломлаштириш йўлаклари, автотураргоҳ, хиёбон, маиший хизмат шохобчалари барпо этилмоқда.

Президентимиз доимо халқ орасида. Халқнинг дарди, муаммоларини ечишга, ҳаётдан рози қилишга ҳаракат қилади. Буни “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида бутун халқимиз яққол кўрди. Зеро, халқ ишончи ва меҳрини қозонишдан кўра улкан бахт бўлмаса керак.

 

 

Маъсуджон Сулаймонов.

Муқимжон Қодиров олган суратлар.