Чилги ҳосил—мўл ва баракали

Чилги ҳосил—мўл ва баракали

Пиллачиликда озуқа базасини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бувайда туманида ташкил этилган кўргазмали семинар ҳудудларда тутзорларни кўпайтириш, унинг серҳосил навларини экиш масалаларига бағишланди.

Ўтган йилда 8 миллион 400 минг долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилингани тармоқ ривожига қаратилаётган эътибор самарасидир.

Фарғона туманидаги “Водил ипак йигирув” шўъба корхонаси томонидан Фарғона, Қува, Олтиариқ, Бағдод ва Бувайда туманлари негизида  пиллачилик кластери ташкил этилди. Ўтган йил якунларига кўра, Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон ва қўшни Тожикистонга 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилда вилоятда 10 миллион донадан зиёд тут кўчатлари экиш ҳамда 2 минг 87 тонна пилла етиштириш режалаштирилган. Бешариқ туманида тутзор барпо қилиш учун ер майдонлари ажратилган бўлиб, бугунги кунга қадар 62 минг тупдан ортиқ тут кўчатлари экилди. Тутзорлар 30 сотихдан 120 нафар ишсиз ёшларга тақсимлаб берилади. Худди шунингдек, Қўштепа, Бувайда, Учкўприк туманларида ҳам бу   ишлар давом этмоқда.

Соҳа мутахассислари, пиллакорлар иштирок этган семинарда чилги  ҳосил олдидан амалга ошириладиган ишлар маслаҳатлашиб олинди.

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов мамлакатимизда пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш хусусида сўз юритди. Мутахассислар тут экиш, парваришлаш технологиялари ҳақида тавсиялар беришди.

Қўштепа туманида бўлиб ўтган семинарда ҳам ипак қурти парваришлаш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш ва озуқа базани мустаҳкамлаш хусусида сўз юритилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Алибек Турсунов ипак қурти боқувчи хонадонлар сонини кўпайтириш, ишсиз аҳолини шу йўл билан бандлигини таъминлашни таъкидлади. Ўтган йилларда йўл қўйилган камчилик ва хатолар таҳлил этилди, соҳада коррупция-нинг олдини олиш ва шартномаларнинг ҳаққоний тузилишини таъминлаш борасида бир қатор топшириқлар берилди.

 

М. МЎМИНОВ.

Шерзод Қорабоев

олган сурат.