“Садои Сўх” газетаси ташкил этилганига 70 йил тўлди

“Садои Сўх” газетаси  ташкил этилганига 70 йил тўлди

Туман ҳаётининг кўзгуси

Давр талаби билан 1951 йил февраль ойида Сўх туманида илк маротаба босма оммавий ахборот воситаси ташкил этилди. Газета “Ҳаёти колхоз” номи билан тожик тилида чоп этила бошлади. Ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини акс эттирадиган, шиддатли кечаётган воқеалар жараёнини аҳолига тезкор етказадиган ва тарғиб қиладиган асосий ахборот манбаи газета бўлганлиги боис, таҳририят ижодий ходимларининг кеча-ю кундуз меҳнат қилишлари тақозо этиларди.

Газета муҳаррири Исматуллоев маҳаллий ижодкор, зиёлилар, матбаа фаолиятига қизиқувчи ёшларни ҳамкорликда ишлашга жалб қилди. Ўрунбой Раҳимов, Раҳмонали Абдуллоев, Эшон Неъматов, Назиржон Баҳраев, Бобофайзи Юнусов, Раҳматжон Туйчиев каби фидойи сўхликлар туман матбуотининг дастлабки ижодий ва техник ходимлари сифатида фаолият олиб бордилар. Шунингдек,  Б.Қурбонов, С.Девонаев, З.Миров, У.Ҳамдамов, Д.Додожонов, З.Домуллоев сингари жамоатчи, ишчи-деҳқон мухбирлари жойлардан ёзган хабарлари, ахборот ва лавҳалари билан газета мундарижасини кенгайтириш, тили ва услубини бойитиш, ўқимишлигини оширишга катта ҳисса қўшдилар.

1959 йилнинг февраль ойида Сўх ва Риштон туманларининг бирлаштирилиши сабабли “Ҳаёти колхоз” газетаси таҳририяти фаолиятини тўхтатди. Бироқ туман нашри аллақачон ўз ўқувчиларини топиб олган эди. Зиёлилардан Ҳомиджон Нишонов, Ўринбой Раҳимов, Мирзожон Хўжамов, Ортиқбой Ўрунбоевнинг саъй-ҳаракатлари билан икки йиллик танаффусдан сўнг газета “Ҳаёти нав” номи билан яна нашр этила бошлади. Дастлаб Ўринбой Раҳимов, кейинчалик Аюбжон Нишонов, Гадойбой Назарқулов  муҳаррир этиб тайинланди. Ижодий ходимлар сафига Ғанижон Мўминжонов, Раҳимберди Мавлонов, Аваз Назарқулов, Ҳамробой Гадойбоев, Камолиддин Азизов каби  маҳаллий ижодкорлар қўшилди.

Газета туман аҳолисини фақат янгилик-лардан, сиёсий, ижтимоий, маданий-маънавий жараёнлардан бохабар қилибгина қолмай, ўзбек ва тожик халқларининг азалий қадриятларини, миллий урф-одат ва анъаналарини, миллатлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ришталарини кенг тарғиб қилди, маънавият соҳасига катта  эътибор қаратди, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мавзулари таҳририят ходимлари диққат марказида бўлди. Газета тахламларини кўздан кечирар экансиз, ана шу мақсадлар изчил рўёбга чиққанига гувоҳ бўласиз.

1990 йилга келиб, Сўх тумани қайтадан ташкил этилди. Кўп тиражли “Ҳаёти нав” газетаси “Садои Сўх” номи билан чиқа бошлади. 1973 йилдан буён газетага муҳаррирлик қилиб келаётган Ғанижон Мўминжонов янги куч, янгича тафаккур билан газета йўналишини давр шиддатига йўналтира олди. Ижодий ходимлар сафи кенгайиб, Ҳамробой Гадойбоев, Додораҳмат Халифаев, Масъуджон Мирзоев, Ўрмонжон Тоҳиров, Баротжон Мўминжонов, Нодир Нодирий, Содиқжон Тоҳиров, Додобек Дўстов, Авазжон Назарқулов, А.Маҳмудзод, Б.Салоев каби журналистлар газетанинг сифатли ва мазмунли чиқишига катта ҳисса қўшдилар. Фаол жамоатчи мухбирлар Р.Тошматов, Н.Маҳматов, Н.Суннатулло, Б.Тожиддинов, М.Шодиев, Ф.Мирзоев, А.Мавлонов, А.Ғаффоров, К.Ҳусейнов ўз хабар ва мақолалари билан таҳририят ходимларига яқиндан кўмак берди.

Журналистика соҳасида катта тажрибага эга устозлари тарбиясини олган ёш ижодкор Масъуд Мирзоев 1996-1997 йилларда газетага муҳаррирлик қилди. У Олимжон Олимов, Шаҳодат Миразизхова, Жумабой Жамолов сингари малакали қаламкашларни ишга жалб қилди. Натижада газетанинг сифат ва мазмуни тубдан ўзгарди.

1997 йилда Содиқжон Тоҳиров “Садои Сўх” газетасига бош муҳаррир этиб тайинланди. Газета таҳририятида, сўнгра туман телевидениесида ишлаб, қалами чархланган ижодкор асосий эътиборни мустақиллик одимларига қаратди. Тумандаги ободончилик, бунёдкорлик ишлари, соҳалардаги ютуқ-юксалишлар, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнлари саҳифалардан ўрин эгаллади. Айниқса, Нодир Нодирий, Олимжон Олимов имзоси билан тожик ва ўзбек тилларида мунтазам чоп этилиб турган таҳлилий мақолалар, жойлардан тайёрланган долзарб лавҳалар, очерклар мухлислар эътиборини тортди. Бу тажрибали журналистлар қаторига кейинчалик Аҳроржон Ҳамалов, Баҳриддин Тожиддинов, Раҳимберди Тошматов, Ўктам Зиёдуллоев қўшилди.

Таҳририят моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида компьютер жамланмалари, рақамли фотоаппарат,  диктафон сотиб олинди. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди томонидан ажратилган грант маблағлари ҳисобига таҳририят тўлиқ замонавий техник воситалар билан таъминланди, ижтимоий тармоқда ўз веб-сайтини яратди. Жамоат фонди 2008 йилда “Садои Сўх” газетаси таҳририяти моддий-техник базасини янада ривожлантириш учун яна маблағ ажратди.

70 йилдирки, “Садои Сўх” газетаси туман кўзгуси сифатида ундан маънавий озиқ, руҳий куч-қувват олаётган, ўзининг яқин маслакдоши ва маслаҳатгўйи деб билган турли ёш, касб-кордаги муштарийлари ишончини оқлаб келмоқда.

 

Рустам ОРИПОВ.    

Севимли газетам

 

Ўқувчилик йилларимдан буён туман газетасига обуна бўламан. У пайтларда “Ҳаёти нав” номи билан варақа шак-
лида ҳафтада бир марта нашр этиларди. Материаллар – хат-хабарлар, лавҳалар, мақолалар қизиқарли эди. Ҳар бир сонини интиқлик билан кутардим. Чунки ўқитувчимиз Б.Додожонов жамоатчи мухбир сифатида Тул, Қалъача, Ғазнов, Девайрон қишлоқлари ҳаётидан хабарлар ёзиб турарди. Бундан ташқари, ўқувчилар ижодига катта эътибор қаратарди.

Мен ҳам газетага хат-хабарлар ёзиб турганман. Мактабимиз ҳаёти, кейинчалик қишлоғимиз янгиликлари ҳақида мақолалар битиб, таҳририятга йўллардим. Саҳифада имзоимни кўрганимда мендан бахтиёр инсон йўқдек эди назаримда.

“Садои Сўх” шонли йилларни босиб ўтди. У ҳақиқий тарғибот-ташвиқот минбари бўлиб келди. Севимли газетамизни она тилим кўзгуси, сўхликлар ҳаётининг тарихномаси деб биламан.

Икромали ҚОДИРОВ,

фахрий педагог, “Дўстлик” ордени соҳиби.

 

 

Фахрланаман

 

1987 йилда “Ҳаёти нав” газетаси таҳририятига фотомухбир сифатида ишга қабул қилинганман. Бу даврда таниқли журналист Ғанижон Мўминжонов муҳаррир эди. Устоз талабчан, айни вақтда ғамхўр эдилар. Маҳаллий ёш қаламкашларни таҳририятга чорлаб, тўгарак машғулотларини олиб борарди. Уларнинг кичик-кичик ахборотларини чоп этиб, ижодга янада қизиқтирарди.

Биз таҳририятда ишлаган йиллар газетани нашрга тайёрлаш анча оғир эди. Фотосуратларни клише шаклига келтириш учун узоқ йўл босиб, вилоят марказига бориб-келишга тўғри келарди. Нима бўлганда ҳам газета даврийлигига қатъий амал қилиб, уни обуначиларга ўз вақтида етказиб берардик. Масъуд Мирзоев, Содиқжон Тоҳиров муҳаррирлик даврларида ҳам улар билан ҳамкорликда ишлаш насиб этди.

Газета тарихида ўрним борлигидан фахрланаман.

Додобек ДЎСТОВ,

меҳнат фахрийси.

 

Тарихни яратишда

журналистларнинг

ўрни бор

 

Сўх азалдан маърифатли, маданиятли кишилар яшайдиган макон. 1951 йилдан бери воҳа аҳли ўз тилида чиқадиган газетасига эга. Унинг зарварақларига қайси давр бўлмасин, туманнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаёти муҳрланган.

Газетанинг ҳар бир сонини интизорлик билан кутганларим ҳеч эсимиздан чиқмайди. Хабарчиларнинг келишига сабрим чидамай, почта бўлимига шошардим. Тожик тилида чоп этилган шеърларни ёдлаб, ўртоқларимга айтиб берардим, биргаликда мақолаларни муҳокама қилардик.

Таҳририятда ишлаган устозлар, шу жумладан, Нодир Нодирий, Олимжон Олимов қалами ўткир, тажрибали ижодкорлар эди. Уларнинг лавҳа, очерк, фельетонларини, таҳлилий мақолаларини қизиқиб ўқирдим. “Садои Сўх” газетаси мухлислари фидойи журналистларни тез-тез эслаб туради.

Ҳар бир кунимиз тарих. Ҳар бир дақиқа мозийга битилади. Сўх тарихини ёзиш, ёритишда туман газетаси ижодий ходимларининг ўз ўрни бор. Буни тан олмай иложимиз йўқ.

Ҳомид ШОМАТОВ,

меҳнат фахрийси.