Томорқада кўчатчилик Миришкор ҲАСАНҚОРАЛИКЛАР

Томорқада кўчатчилик  Миришкор ҲАСАНҚОРАЛИКЛАР

Учкўприк туманидаги Ҳасанқора қишлоғи аҳолисининг аксарияти эртанги сабзавот кўчатлари етиштириш билан шуғулланади. Улар уруғ сепишда серҳосил, бозоргир, касалликларга чидамли навларни танлашади. Шу боис кўчатларининг харидорлари кўп.

Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Феруза  Раҳимова ҳамқишлоқлари ҳақида сўзлар экан, шундай деди:

– Ҳамқишлоқларимиз кўчат етиштиришни бундан 50-60 йил илгари ўзлаштиришган. Дастлаб бу иш билан  5-6 та оила шуғулланган. Бугунга келиб  200 дан зиёд томорқа эгалари кўчатчилик билан банд. Ўтган йили Қўқон – Учкўприк катта йўли бўйида кўчат ярмаркасини ташкил этдик. Шундан сўнг  қишлоғимизга нафақат қўшни туманлардан, ҳатто қўшни вилоятлардан ҳам кўчат излаб келадиган бўлишди.

 

УРУҒНИ ЎЗИ ЕТИШТИРАДИ

Маҳалла фаоли Абдуллажон ака Иброҳимов ҳамроҳлигида Шамсиддин Фармонов хонадонида бўлдик. Унинг иссиқхонасидаги карам кўчатлари 5-6 тадан барг чиқарибди.

–Булар плёнка остига экиладиган кўчатларимиз, – деди у. – Бугун-эрта буюртмачилар олиб кетишади.

– Буюртма асосида кўчат етиштирасизми? – сўраймиз ундан.

–Йўқ. Деҳқонлар карамни икки хил усулда – плёнка остида ва очиқ майдонда ўстирадилар. Плёнка остига экадиганлар февраль ойи  бошидан ҳаракатга тушадилар.  Очиқ майдонга март ойининг 5-10 санасидан кейин экилади.  Шуларни ҳисобга олиб уруғ сепамиз.

–Уруғни қаердан оласиз?

– Голландия эртанги карами иқлим шароитимизга мос келяпти. Шуни уруғчилик дўконидан оламан. Бошқа сабзавот экинлари уруғини ўзим етиштираман. Икки йил бўлди: Туркиядан келтирилган булғор қалампири уруғидан кўчат етиштирдим. Томорқачилар ундан кутилган даражада ҳосил олишмади.

 

ХАРИДОРИ БОШҚА

ВИЛОЯТЛАРДА ҲАМ БОР

Зиёвуддин Тўйчиев ўз ишидан мамнунлигини қуйидагича ифода этди:

–Бобом Туйчибой  ҳам, дадам Бурҳониддин  ҳам  кўчат етиштиришган. Бугун улар ишини давом эттириб, фарзандларимга  ўргатяпман. Кўчатчилик билан шуғулланиб, кам бўлганимиз  йўқ. Уйимизни янгиладик, машина олдик, тўйлар қиляпмиз.

Кўчатчилар ишга декабрь ойида киришадилар. Дастлаб парник чуқурлари маълум миқдорда бур (пахта заводи чиқиндиси) билан тўлдирилиб, устидан чиринди солинади. Бур ва чиринди бир ҳафтада қизиб, ер кўчат сепишга тайёр бўлади. Парникларни иситишда газ, электр қувватидан фойдаланилмайди.

Зиёвуддин бодринг, қалампир, помидор кўчатларининг бир қисмини целлофан халтачаларда ўстирар экан.

–Халтачаларда кўчат етиштириш бир мунча кўп меҳнат талаб қилади, – дейди у. – Лекин афзаллик томонлари ҳам бор: кўчат ерга тез ўрнашади, ҳосил   эрта етилади.

Зиёвуддин ҳар йили босқичма-босқич 1 миллион донага  яқин сабзавот кўчатлари етиштиради. Уларни Учкўприк, Қўқон бозорларида сотади. Риштон, Бағдод, Данғара, Бешариқ туманларидаги томорқа эгалари, фермерлар уйидан олиб кетишади. Ўтган йили у Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Боёвут туманларидаги деҳқонларга 50 минг туп помидор, Тошкент вилоятининг Қибрай туманига 100 минг дона қалампир кўчатлари етказиб берди.

Бу йил бозор талабларидан келиб чиқиб, турли гул кўчатлари етиштиришни ҳам йўлга қўйди.

…Қишлоқдаги томорқаларда қишнинг чилласи чиқмасдан иш қизийди, иссиқхоналарда сабзавот уруғлари  униб чиқади. Бу   одамларда умид пайдо қилиб, эртанги кунга бўлган ишончларини мустаҳкамлайди. Умид, ишонч бор жойда эса ривожланиш, барака бўлади.

Асқарали Турсунов,

“Фарғона ҳақиқати” мухбири.