КЎҲНА ВА ҲАМИША НАВҚИРОН УРГАНЧ

КЎҲНА ВА ҲАМИША  НАВҚИРОН УРГАНЧ

Тарих солномаларида худди Хива сингари юксак меҳр билан эътироф этиладиган Урганч шаҳри бошидан не-не яхши-ёмон кунларни ўтказмади, дейсиз! Мустақиллик йилларида бу қадимий кентнинг ҳам шарқона, ҳам замонавий тимсоли яратилмоқда.

Қарийб 150 минг аҳоли истиқомат қиладиган шаҳар ҳар томонлама обод ва фаровон ҳаёт неъматларидан баҳраманд бўлиб, янги Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришларнинг тимсоли сифатида бутун дунёга кўрку тароватини намоён этяпти.

Хоразмга етти иқлимдан ташриф буюрадиган сайёҳлар Урганчда қўним топиб, кейин минг гумбаз шаҳри Хивага боради. Юртимиз тарихи, маданияти ва санъати, халқимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган турмуш тарзи билан яқиндан танишади.

Урганчнинг кенг ва равон кўчалари, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, аждодлардан мерос кўҳна манзиллари бўйлаб сайр қилсангиз, қадрдон мусиқий оҳанглар руҳиятингизга ором бахш этади. Хоразм шевасига гап йўқ, ўзига хос ёқимли лаҳжада сўзлагувчи мезбонларнинг эрка табассуми қалбингизни асал-бол каби эритади.

“Авесто”га ўрнатилган рамзий ҳайкал ва боғ-мажмуа Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи Шовот каналининг икки соҳилига ҳамиша меҳмонларни чорлайди. Ёдгорлик марказидаги рамзий мармар китобда ўзбек ва инглиз тилларида: “Эзгу ният, Эзгу сўз ва Эзгу амал” деган зардуштийлар эътиқодига айланган сўзлар ёзилган. Боғ-мажмуадаги “Олтин мерос” халқаро фонди Хоразм вилоят бўлимининг музейида икки мингдан ортиқ экспонатлар, ҳунармандчилик ва сопол буюмлари, этнографик ашёлар, араб ёзувидаги тарихий китоблар сақланади.

“Урганч” халқаро аэропортидан чиққан меҳмонларнинг нигоҳи дастлаб Ал-Хоразмий кўчасининг икки томонида жойлашган Ал-Хоразмий ва Ал-Беруний меъморий мажмуаларига тушади. Хоразм воҳасида дунё илмига катта ҳисса қўшган бу икки қомусий алломалардан ташқари Замахшарий, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий сингари буюк аждодларимиз яшаб ўтган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи чоғида Урганч шаҳрида марказий майдон барпо этиш, унда Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкалини ўрнатиш, шаҳарда минг ўринга мўлжалланган замонавий санъат саройи-ни қуриш ташаббусини билдирган эди. Ўтган қисқа фурсатда лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, қурилиш ишларига киришилди. Урганч шаҳрининг қоқ марказида ўрнатиладиган баландлиги 25 метрлик ҳайкал буюк бобомизнинг жасорати ва шону шавкатига мос бўлади, майдон эса давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Хоразмнинг ўзига хос “ташриф қоғози” бўлади.

Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, шаҳарда транспорт воситалари тирбандлигининг олдини олиш мақсадида Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ўрнатиладиган майдон остидан ёпиқ қисми 260 метр, очиқ қисми 240 метр бўлган, соатига 3,5 минг автомобилни ўтказиш қувватига эга ер ости йўли барпо этилади. Қурилиш-бунёдкорлик ишларини истиқлолимизнинг ўттиз йиллиги арафасида якунига етказиб, ушбу мажмуани хорижлик сайёҳлар, кекса-ю ёш ҳамюртларимиз ташриф буюрадиган, умумхалқ байрамлари, халқ сайиллари ўтказиладиган севимли масканга айлантириш режалаштирилган.