БИР ҚАДАМ ОЛДИНДАГИ ТЕЛЕМАРКАЗ

БИР ҚАДАМ ОЛДИНДАГИ  ТЕЛЕМАРКАЗ

Хоразмга ташрифнинг биринчи куни фарғоналик журналистлар вилоят телерадиокомпаниясида бўлишди. Компания бир йил аввал бунёд этилиб, фойдаланишга топширилган гўзал ва ҳашаматли бинода жойлашган. Унинг қурилишига давлат бюджетидан 26 млрд. сўмлик маблағ ажратилган экан. Энди компанияни замонавий техник телеаппаратура ва бошқа асбоб-ускуна билан таъминлаш учун яна 40 млрд. сўм ажратиладиган бўлибди.

Фарғоналик меҳмонларда юксак дид билан барпо этилган квадрат шаклидаги катта бинонинг ўзи ҳамда бу ерда теле-радиожурналистлар учун яратилган меҳнат ша-роитлари катта таассурот қолдирди.

Деярли ҳар бир телекўрсатув суратга олинадиган, тегишли равишда безатилган алоҳида студия мавжуд.  Жумладан, “Ассалом, Хоразм!” деб номланадиган эрталабки телекўрсатув, “Қизим, сенга айтаман” ёки бўлмаса “Бор гап шу” ток-шоулари студиялари… Фарғоналик журналистлар “Ассалом, Хоразм!” студиясига келган чоғларида навбатдаги кўрсатув суратга олинаётгани устидан чиқиб қолишиб, телебошловчилар ва операторлар билан суҳбатлашишди.

Телестудиялар ёнида режиссёр, овоз оператори, муҳаррир ва дастурларни тузиш, кўрсатувларни тайёрлаш ва узатиш билан шуғулланувчи мутахассислар хоналари жойлашган. Монтаж, грим хоналари ҳамда шинам ва ёруғ ошхона бор.

Теле-радиожурналистларга яратилган шароитлар билан батафсил таништириб бўлгач, телерадиокомпания раиси Ўткир Матқурбонов  меҳмонларни мажлислар залига таклиф этди. Бу ерда фарғоналик қаламкашларнинг хоразмлик ҳамкасблари – тележурналистлар билан ижодий мулоқоти бўлиб ўтди. Унда “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов, Хоразм телевидениеси муҳаррири Бекпошша Хўжаева, “Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририяти бўлим мудирлари Севара Алижонова, Ботир Мадиёров сўзга чиқиб, “бундай телевидение биноси ва шароит-лар бошқа вилоят марказларида, ҳатто пойтахтдаги айрим телеканалларда ҳам йўқ” дея, ўз таассуротлари ҳақида гапирдилар. Мулоқот дўстона, илиқ вазиятда ўтди.

Шу йил май ойида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими таклифига кўра хоразмлик журналистлар гуруҳи Фарғона вилоятига келадиган бўлдилар.