ХИВАЛИК МЕННОНИТЛАР

ХИВАЛИК МЕННОНИТЛАР

XIX асрнинг охири ва XX асрнинг 37-йилларигача
Хоразмда немислар яшашган.
Насроний динининг аннабатизм мазҳабидан XVI асрда ажралиб чиққан протестантлик оқимидаги немислар—меннонитлар деб аталган. Унинг маъноси итоатгўйлик дегани бўлиб, улар диний эътиқодларига кўра, қурол ушлаб урушларда қатнашишни мудҳиш иш ҳисоблаб, гуноҳ атаганлар. Шу боис ҳам уларнинг тақдирига ватанни ташлаб кетиб, сарсон-саргардончиликда юриш ёзилганди.
Меннонитлар аввалига Германия, Россияда 100 йил яшаган. Афсуски, бу ерда ҳам уруш бошланиши билан кетишга мажбур бўлишган. Ниҳоят генерал фон Гроттенҳелм маслаҳатига биноан Қипчоқ қишлоғидаги Лавзан канали бўйига етиб келиб, ўзлари учун уй-жой қуришди. Лекин, ёвмут туркманлари тез-тез меннонитлар атрофида пайдо бўлиб, уларга тазйиқ ўтказишди. Етиштирган маҳсулотлари ва ҳаттоки аёлларини ўғирлашгача етиб боришди. Меннонитлар ичида яхши дурадгорлар кўплаб топиларди. Уларнинг ясаган буюмлари ўша даврдаги Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) га ёқиб қолганди. Хоннинг буйруғига биноан меннонит немислари Хивага чақиртирилди. Шаҳардан 15 чақирим жануби-шарқда жойлашган Оқмачит қишлоғига 1883 йилда кўчиб келишди. Кўчиш икки ҳафта давом этди. Катта ғилдиракли юзлаб араваларда немисларнинг юклари, ҳатто ёғоч ва қамишларгача олиб келинади.
Тез орада бу ерда оврўпача уйлар қад кўтарди. Унинг ўртасидаги катта майдонда эса черков, мактаб ва ўқитувчилар хонаси қурилди. Ўн тўрт нафар уста эса Хивадаги Нуриллабой саройида паркетли пол ясашни бошлаб, беш ойда тугаллади. Хивадаги кўплаб оврўпача уйларнинг деразалари, печка ва пештоқларини, 1908-1912 йилларда барпо қилинган почта, телеграф, касалхона ва бошқа иншоотларни қуришда ҳам иштирок этишди.
Немис аёллари эса хон қариндошлариникида рўзғор юмушларини бажаришга ёрдамлашган. Қизил тусдаги зотдор сигирларни соғиш ва қайта ишлаб, ёғ, қаймоқ, пишлоққа айлантириш ҳам немис аёлларининг зиммасида бўлган. Сепараторни ҳам илк бор Хоразмда немис аёллари ишлатишган.
Деҳқончиликка ихлос қўйган бир гуруҳ немислар эса қишлоқдаги қўриқ ерларни ўзлаштириш билан шуғулланган. Картошка, карам, помидор, лавлаги, бақлажон, бодринг каби экинлардан юқори ҳосил олишган. Хоразмликлар бу маҳсулотларни етиштиришни илк бор айнан меннонит немисларидан ўрганишган.
Меннонитлар Хоразмга қурилиш саноатининг биринчи жиҳоз-лари, қўлда ҳаракатланадиган станокларни олиб келган эдилар.
Улар чорвачилик ва деҳқончилик, ҳунармандчилик, боғдорчи-лик билан машғул бўлиб қолмай, болаларини ўзлари ташкил этган немис мактабларида ўқитишган.
Хоразмга илк бор фотографиянинг кириб келиши ҳам оқмачитлик немислар билан боғлиқ. Ўзбек фотографияси ва киносининг отаси ҳисобланмиш Худойберган Девонов ҳам оқмачитлик Вильгелм Пеннерга шогирд тушган ҳолда фаолиятини бошлаган.
54 йил тарих учун қисқа даврдир. Оқмачитдаги Оврўпа типидаги немис шаҳарчаси Хоразм савдо ва саноат маркази бўлиб, 1937 йилгача равнақ топди.
Шўро мустамлакачилиги меннонитларни сургун қилди. Бироқ хоразмликлар немисларнинг Хивада барпо қилган иншоотларини, Оқмачитдаги боғи, уларнинг чорва ва полизчиликдаги иш услубини қунт билан ўрганишди. Энг асосийси, хоразмликлар немисларнинг самимиятини кўнгилларида асраб қолишган.