АРК — ЎТМИШ ВА БУГУННИ БОҒЛОВЧИ КЎПРИК

АРК — ЎТМИШ ВА БУГУННИ БОҒЛОВЧИ КЎПРИК

Хоразм давлатчилик тарихида кўҳна Арк саройи қароргоҳ сифатида
эътироф этиб келинади.
Арк-Ичон қалъанинг ғарбида жойлашган бўлиб, шарқ томонга қаратиб қурилган. Тарихчи, таржимон ва давлат арбоби, шоир Мунис Хоразмийнинг гувоҳлик беришича, қалъа XVII аср бошида Хоразм хонлари қароргоҳига айланган. Бу ерда давлат ҳаётига тегишли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, диний ва бошқа масалаларга ечим топилган.
— Кўҳна сарой икки қисмга бўлиб ўрганилади, —
дейди Хива — Ичон қалъа музей қўриқхонаси илмий ходими Музаффар Машарипов. — Биринчиси маъмурий бўлиб, унда хон қабулхонаси, девонхона, масжид, зарбхона, хазина, кутубхона каби давлат идоралари, новвойхона, ошхона, қоровулхона каби хизматчилар хоналари жойлашган. Қабулхона баланд айвонли ҳовлида, айвон олдида баланд юмалоқ супа қурилган. Бу супа устига оқ уй — ўтов ўрнатилган бўлиб, хон қишда арзгўйларни шу ерда қабул қилган. Иккинчи, хўжалик қисмида хон оиласи билан қиш ва ёз фаслларида яшаши учун махсус хоналар билан ошхона, тандирхоналардан ташқари хонлар хонадони учун туғуруқхона ҳам бўлган. Бу икки бўлимнинг ўртасида махсус очиқлик жой бўлиб, у маъмурият билан хон ҳарамини ажратиб туради. Унда ҳукмдорнинг фарзандлари ўйнашади, ҳарбий машқлар бажаради, шунингдек, бу ерда хон ва унинг эътиборли меҳмонлари учун ҳар хил томошалар (кураш, қўчқор, туялар уриштириш) намойиш қилинган.
Қадим сарой кўплаб тала-тўпларнинг гувоҳи бўлган. Турли ривоят ва афсоналар юради. Хусусан, кўҳна Аркнинг ғарбий қисмидаги Оқ Шайх бобо кўшки ҳақида ҳам ривоятлар бор. Бу ерда оқ яктак кийиб, бир чол яшаганлиги учун Оқ Шайх бобо кўшки деб аталган эмиш.
Кейинги тахминларга кўра, бу тепаликда ислом дини кириб келгунга қадар зардўштийлар олови ёниб турган. Археологик қазишмалар шуни тасдиқладики, тепалик жуда қадимги бўлиб, XVII аср бошларида қайтадан тикланган. Тепаликда сақланиб қолган икки қаватли кўшкнинг харобалари сўнгги даврга оид қасрнинг кузатув минораси бўлиб хизмат қилган.
Бинонинг баланд айвони — кўшкдан шаҳар кафтдек кўринади. Бу ерда “Қадимги Хоразм” ва “Хоразмшоҳлар” музейи, “Зарбхона”, “Арзхона” интерьерлари қаторига 2019 йилда “Хоразм тангалари” экспозицияси ҳам қўшилди. Бу ерда эрамиздан аввалги II асрдан ХХ аср бошигача бўлган даврда Хоразмда зарб қилинган тангалар, қоғоз, ипак пуллар, шунингдек, мустақил Ўзбекистон олтин ва кумуш юбилей тангалари намойишга қўйилган.
Саҳифа материалларини «Фарғона ҳақиқати» — «Ферганская правда» газеталари махсус
мухбирлари тайёрлади.
Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.