Алишер Навоий таваллудига 580 йил тўлди

Алишер Навоий таваллудига 580 йил тўлди

Бир ғазал шарҳи

 

Ул паривашким, бўлубмен…

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга,

Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга.

Ўқларингдин дам-бадам таскин топар кўнглум ўти,

Бордурур бир қатра су гўёки ҳар пайкон анга.

Бир диловардур кўнгулким, ғам сипоҳи қалбида,

Оҳи новак, тоза доғидур қизил қалқон анга.

Новакининг парру пайконида рангин тус эрур

Ёки кўнглумдин чу паррон ўтти, юқмиш қон анга.

Номаи шавқум не навъ ул ойға еткай, чунки мен

Эл отин ўқур ҳасаддин ёзмадим унвон анга.

Хизри хаттингнинг ажаб йўқ сабзу хуррам бўлмоғи,

Лаб-балаб чунким берур су чашмайи ҳайвон анга.

Эй хушо, муғ кўйиким, рифъат била зийнатда бор

Меҳр анга бир шамсаву кўк тоқидур айвон анга.

Истамиш булбул вафо гулдин магарким, жоладин

Бағри қотмиш ғунчанинг, баским эрур хандон анга.

Қилмамиш жонин фидо жононға етмас дер эмиш,

Эй Навоий, ушбу сўз бирла фидо юз жон анга.

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 9-ғазал)

ЛУҒАТ:

Диловар – қўрқмас, ботир, қаҳрамон

Новак – камон ўқ; бу ўринда киприк

Паррон – учаётган

Хатт – ёр юзидаги туклар

Чашмаи ҳайвон – тириклик суви

Муғ – оташпараст руҳоний

Рифъат – кўтарилиш, юксалиш

Шамса – иморатларнинг деворлари ва пештоқига қуёшга ўхшатиб айлана шаклида ишланган нақш

Жола – дўл

Кўк тоқи – осмон гумбази

 

Байтларнинг насрий баёни

  1. Бир париваш (гўзал)нинг ишқида шундай зору саргардон бўлдимки, бу ишқдан барча менинг ҳолимга ҳайрон, мен эса у паривашнинг гўзаллигидан ҳайратдаман.
  2. Тинимсиз ёғилаётган ўқларингдан кўнглим оташи таскин топмоқда. Гўёки ҳар бир пайконинг (кипригинг)да бир томчи сув борга ўхшайди.
  3. Кўнглим ғам қўшинининг қуршовида якка ўзи жанг қилаётган жасур паҳлавонга ўхшайди. Унинг қуроли – оҳ, қалқони эса янги ҳосил бўлган қип-қизил доғдир.
  4. У гўзал отаётган ўқнинг учи ва пати қизил рангга бўялганми ёки кўнглимни тешиб ўтганида унга қоним юқдимикан?!
  5. Ёзган мактубим ул ойга қандай етиб борсинки, мен бошқалар унинг исмига назари тушишидан рашк қилиб, мактубнинг манзили (унвони)да ёримнинг исмини ёзмаган бўлсам?
  6. Лабинг устидаги тукларнинг яшнаб хуррам бўлиши ажабланарли эмас, чунки бу хаттни Хизр каби обиҳаёт чашмаси – оғзинг суғориб турибди.
  7. Оташпарастлар кўчаси қандай яхши жойки, унинг улуғворлиги ва зийнати олдида гўё Қуёш шамса – иморатнинг пештоқига айлана шаклида ишланган нақшга, осмон эса айвонга ўхшайди.
  8. Булбул гулдан вафо истабди, бу – қизиқ, балки очилган ғунчанинг бағри дўл ёғганидан тошдек қотиб, ўзи хандон бўлиб қолгани учунмикан?
  9. Жонни фидо қилмагунча жононга етиб бўлмас, дейдилар, эй Навоий, шу сўзнинг ўзига юзта жонни фидо этса арзийди.

Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти

 

Алишер Навоийнинг ушбу ғазали ошиқона мазмунда бўлиб, ёшлик лирикаси маҳсули ҳисобланади.
Шоирнинг ўзи “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарида эслаб ўтишича, Саййид Ҳасан Ардашер ёш Навоийнинг бир неча шеърлари қатори ушбу ғазалини хуш кўриб, мажлисларда айтиб юрган.

Ғазал матлаъсида келтирилишича, бир паримонанд гўзал ошиқни зору саргардон қилган. Атрофдагилар унинг бу ҳолидан ҳайрон бўладилар, ошиқ эса ул паривашнинг гўзаллигидан ҳайратдадир. Бундан англашиладики, ушбу париваш шунчаки оддий гўзаллардан эмас, балки Мутлақ гўзалликнинг бир заррасини ўзида мужассам этган илоҳий мазҳардир. Ошиқнинг ушбу гўзалликдан ҳайратда қолиши, атрофдагиларнинг эса ошиқнинг бу ҳолидан ҳайратда тушиши тасвиридаёқ зоҳиран ошиқона кўринган ғазалда орифона мазмун ҳам мужассам эканлигини сезиш қийин эмас:

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга,

Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга.

Иккинчи байтдан англашиладики, ёр ошиққа назар ташлаб, унинг кўнглига ишқ оташини ташлаган, бундан унинг кўнгли ёнмоқда. Энди ошиқ мана шу ўт тушишига сабаб бўлган киприклар қатра сув мисол яна унинг қалбидаги ўтни дам-бадам ўчириб, унга таскин беришини истаяпти:

Ўқларингдин дам-бадамтаскин топар кўнглум ўти,

Бордурур бир қатра су гўёкиҳар пайкон анга.

Кейинги байтларда ҳам ушбу тасвир давом этади: ёрнинг ошиқ кўнглига қарата отган ўқлари тасвири бетакрор бадиий тимсоллар воситасида ифодаланади. Шоирнинг тасвирича, ошиқнинг кўнгли ғам қўшинининг қуршовида якка ўзи жанг қилаётган бир жасур паҳлавонга ўхшайди. Бу паҳлавоннинг қуроли “оҳ”дан иборат, қалқони эса янги ҳосил бўлган қип-қизил доғ мисол…

Бир диловардур кўнгулким,ғам сипоҳи қалбида,

Оҳи новак, тоза доғидурқизил қалқон анга.

Кейинги байтда тажоҳули ориф санъати воситасида “ўқнинг учи ва пати қизилмикан ёки ошиқнинг кўнглини тешиб ўтган пайтда унга қизил доғ юқдимикан” деган савол қўйиладики, жавоби саволнинг ўзида бўлган бу усул шеърнинг бадиий таъсирчанлигини янада оширади:

Новакининг парру пайконидарангин тус эрур

Ёки кўнглумдин чу парронўтти юқмиш қон анга.

Навбатдаги байтда эса ҳусни таълил санъатининг бетакрор намунасига гувоҳ бўламиз. Ошиқ ёрини атрофдагилардан рашк қилади. Нафақат ёрнинг ўзини, балки унинг исмини ҳам эл кўзидан яширишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам ёзган мактубининг устига (манзил кўрсатиладиган жойга) ёрининг исмини ёзмайди. Ва табиийки, бу хат ёрга етиб бормайди…

Номаи шавқум не навъул ойға еткай, чунки мен

Эл отин ўқур ҳасаддинёзмадим унвон анга.

Ёрининг жамоли-ю исмини бош-қалардан пинҳон тутмоқни истаган ошиқ маъшуқанинг лаблари устидаги хаттини Хизрга қиёслайди. Ва бунга иккита нарсани сабаб деб кўрсатади. Биринчидан, яшнаб турган хатт Хизрдек ҳусн ва ишқ водийсига саргардон бўлганларга раҳнамолик қилса, иккинчидан, бу хатт жон бағишловчи калом – ёрнинг оғзи устидадир. Байтда ҳусни таълил санъати талмеҳ, истиора, ташбеҳ билан уйғунликда юксак санъаткорликни вужудга келтирган.

Навбатдаги байт орифона мазмун билан зийнатланган. Унинг зоҳирий маъносига кўра, муғ (оташпарастлар руҳонийси)нинг кўчаси шундай юксак жойки, унинг улуғворлиги ва зийнати олдида гўё қуёш шамсага, яъни иморатнинг пештоқига айлана шаклида ишланган нақшга, осмон эса айвонга ўхшайди. Ёки бошқача айтганда, бутун оламни ўз ҳарорати билан қиздиргувчи қуёш оташпараст муғнинг кўчаси олдида оддийгина бир айлана шаклидаги нақш, осмон эса айвон кабидир:

Эй хушо, муғ кўйиким,рифъат била зийнатда бор

Меҳр анга бир шамсавукўк тоқидур айвон анга.

Байтнинг ботиний маъноси эса тасаввуф истилоҳларидан хабардор бўлмоқликни талаб этади: пири комил ҳузури шу даражада улуғворки, унга интилган қалблар маънавий мулоқотга эҳтиёжманддирлар.

Кейинги байтлар ҳам анъанавий тимсоллар билан зийнатланади.

Дилнавоз ЮСУПОВА,

филология фанлари доктори.