Журналист суриштируви

Журналист суриштируви

ҚУВА ТУМАНИ СЕКТОР РАҲБАРЛАРИДАН ҚОЛГАН МУАММОЛАРНИ КИМ ҲАЛ ЭТАДИ?!

2021 йил январь ойи-нинг биринчи душанбасида Қува туманидан бир гуруҳ боғдорчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари вилоят “Тадбиркорлар уйи”да Хайрулло Бозоровга жиддий бир муаммода ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Гап шундаки, уч-тўрт ойдан зиёдроқ вақт мобайнида қувалик ўнлаб боғдорчилик фермер хўжаликлари раҳбарларининг тинчи бузилган. Боиси 2019 йили Қува тумани ҳокими Равшан Қурбонов номидан келган масъул вакиллар (эндиликда собиқ ҳоким. Президентимизнинг 2021 йил 4-5 февраль кунлари вилоятимизга амалга оширган ташрифи давомида фаолияти қониқарсизлиги туфайли Қува туманининг тўртта сектор раҳбари ишдан олинди) томонидан ушбу фермер хўжаликларининг электрон рақамли имзо, муҳрлари ихтиёрий-мажбурий равишда олиниб, уларнинг номидан жуда катта миқдорда экспорт амалга оширилган.

2020 йилнинг сентябрь-окт-ябрь ойларида вилоят божхона бошқармаси, солиқ идоралари томонидан фермер хўжаликларига экспорт фаолияти учун вақтида амалга оширилмаган тўловларга ўртача 300-450 миллион сўмдан солиқ ва жарима тўлаш бўйича огоҳлантириш хатлари келганида карахт аҳволга тушиб қолишди…

Вилоят ҳокими фермерларнинг арз-додини тинглаб, бу муаммони қонуний асосда ҳал этишга ваъда берди ва шу ернинг ўзида вилоят ҳокимлиги масъулларига ушбу ҳолат юзасидан аниқ вазифалар топширди. Бу мурожаатдан кейин орадан бир ой вақт ўтган бўлса-да, фермерлар муаммоси ижобий ҳал этилмади. Шу сабабли қувалик фермерлар туман ҳокимлиги ва вилоят идоралари ўртасида сарсону саргардон: ҳамон калаванинг учи топилгани йўқ!..

— Фермерларнинг талаби тўғри. Туман ҳокимлиги ҳам ушбу муаммодан кўз юмиб, қутилиб кетиш ниятида эмас,—дейди Қува туман ҳокими ўринбосари Аҳрор Сиддиқов. – Бу фермерлар билан бевосита туман ҳокимлиги биносида Қува туман ҳокими, вилоят божхона, солиқ бошқармалари масъул ходимлари, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи вакил – бизнес-омбудс-ман иштирокида бир неча маротаба суҳбатлашдик. 2021 йилнинг январь ойи якунигача муаммони бартараф этиш чоралари изланяпти.

Қува тумани ҳокимлигида Аҳрор Сиддиқов билан уюштирган юзма-юз суҳбатимизга қарийб бир ой бўлди. Биз туман ҳокимлиги масъуллари лафзига ишониб, январь ойи охиригача фермерлар муаммоси ҳал бўлишини кутдик. Белгиланган муддат тугаганидан кейин маълум бўлдики, туман ҳокимлигининг бу ваъдалари шунчаки вақтинча жон сақлаш учун ўйлаб топилган навбатдаги ёлғон экан.

Бу ваъдага ишонган қувалик фермерлар ҳам яна бир маротаба “чув” тушди. Шу боис аксариятининг деҳқончиликдан ҳафсаласи пир бўлиб, мевазор боғларини туман ҳокимлиги захирасига қайтариб топшириш ниятида ҳаммасини олий ҳакам – вақтнинг измига ташлаб қўйишди. Бир гуруҳ фермерларнинг эса ҳамон адолат қарор топишидан умиди узилгани йўқ: улар идорама-идора юриб асл ҳақиқатни аниқлаш мақсадида тиним билишмаяпти. Масъуллар эса халқимиз мақолида айтилганидек, бор отангга – бор онангга қабилида иш тутмоқда.

Хўш, аслида экспорт режа-кўрсаткичлари қандай шакллантирилади? Қува тумани учун 2020 йилда 59 млн. 261 минг долларлик, шундан 40,6 млн. долларлик қишлоқ хўжалиги, 18,6 млн. долларлик саноат маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган эди. Амалда режа 52,9 фоизга (31 млн. 375 минг доллар) бажарилди.

Вилоят миқёсида таққослайдиган бўлсак, 2020 йил якунларига кўра экспорт режаси шаҳар-туманлар ичида Қува туманида энг паст фоизда бажарилди. 2020 йили экспорт режасини бажариш учун 3- ва 4-сектор ҳудудида бирор сўмлик ҳам саноат маҳсулоти хорижга чиқарилмади.

“Фар Мухтасар дунё” фермер хўжалиги раҳбари Қаҳрамон Ҳошимов бундан йигирма йил олдин қир-адир бағридаги 1,7 гектар ерни ўзлаштириб, 200 метр чуқурликдан пластмасса қувурлар ёрдамида сув чиқарди. Шундан буён беш йилда мевага кирган анорларини уч маротаба совуққа олдириб, янгитдан экди. Мақбуллаштириш жараёнида унга яна 9,5 гектар мевазор боғлар бириктирилган.

— Туман ҳокимлиги масъуллари (бу ходимлар ҳозирги кунда бошқа давлат идораларида ишлаб юрибди) келиб, муҳр ва электрон рақамли имзони маж-
буран олиб кетишди, — дейди у куюн-чаклик билан. — Бир ойдан кейин урушиб-талашиб, зўрға муҳрларимизни қайтиб олганмиз. Ўшанда туманнинг экспорт режасини ёпамиз, фермерларга ҳеч қандай муаммо бўлмайди дейишганди…

Тажрибали боғбоннинг таъкидлашича, унинг 84 ёшли онасига алоқа хизмати ходимлари 2020 йилнинг сентябрь ойида гўёки 225 минг АҚШ доллари миқдоридаги экспортни амалга оширгани сабабли солиқ ва жарима учун 330 млн. сўм тўлаб қўйиш бўйича огоҳлантириш хатини ташлаб кетган. Шундан буён кекса онахон, олти нафар оила аъзоларининг еган-ичганида ҳаловат йўқ.

Умрида бир сўмлик мева экспорт қилмаган “Фар Мухтасар дунё” фермер хўжалиги раҳбари номига расмий ҳужжатларда Қозоғистонга интенсив кўчатлар сотгани, узум, ғайноли, шафтоли экспорт қилгани ёзилган. Ваҳоланки, унинг тасарруфидаги боғнинг саксон фоизи анорзорларни ташкил этади.

“Баҳор” МФЙдаги қир-адирда жойлашган “Олчин” фермер хўжалиги раҳбари Дилмурод Ҳожимуродов ҳам қилмаган экспорти учун солиқ ва жаримадан бўлган 330 млн. сўм қарзини тўлаш ҳақида огоҳлантириш хати олган.

— Мақбуллаштириш жараёнларидан сўнг 10,7 гектар ерда 12 та боғбон бирлаштирилган. Фермер хўжалигимиз   аъзолари ичида 30 сотих ерга эга боғбон ҳам бор, — дея суҳбатимизни давом эттиради Дилмурод ака. – 2020 йилнинг сентябрь ойида солиқ ва жаримадан бўлган сохта қарзимизни тўлашни талаб қилиб, сувни ўчириб қўйишгани сабабли анорлар ёрилиб кетди. 35 млн. сўмлик харажат қилиб, арзимас даромадга эга бўлдик. Боғдан кўнглим совиди, қон босимим ошадиган бўлиб қолди.

Шу ҳудуддаги “Исфандиёр” фермер хўжалигига (раҳбари Илҳом Юнусов) 375 млн. сўм, “Воҳид Исмоил саховати” фермер хўжалигига (раҳбари Воҳиджон Қурбонов) 330 млн. сўм, “Озодлик Озодбек саховати” фермер хўжалигига (раҳбари Алишер Эгамбердиев) 322 млн. сўм миқдорида солиқ ва жарима учун қарздорлик белгиланган.

— Бирортамиз бир сўмлик экспорт қилмаганмиз, — дейди бу боғбонлар биз билан суҳбатда. – Аслида емаган сом-сасига пул тўлашга мажбур қилинаётган қувалик биз каби фермер хўжаликлари кўпчиликни ташкил этади. Аммо аксарияти адолат қарор топишидан умидини узган, баъзилари вазиятни сиртдан кузатиб турган бўлса, 18 нафар фермерлар идорама-идора ҳақиқатни юзага чиқариш учун ҳаракатдамиз. Қува тумани ҳокимлиги, божхона, солиқ идоралари масъуллари эса қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришдан нарига ўтишмаяпти.

Мақолани тайёрлаш жараёнида вазиятга аниқлик киритиш мақсадида вилоят божхона, солиқ бошқармалари ҳамда ўсимликлар карантини инспекция-
си масъулларига қайта-қайта мурожаат этдик. Масъуллар  коррупциянинг олдини олиш мақсадида мурожаатлар электрон тарзда кўрилиши, шу сабаб-ли жабрдийда фермерлар ва улар жўнатган маҳсулотлар ҳақида аниқ маълумотга эга эмасликларини таъкидлашди.

Бу орқали масъуллар Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддаси  бўйича белгиланган тартибни қўпол равишда бузишмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонунининг 3-, 4-, 5-, 6-, 7-моддаларида кўрсатилган мажбуриятларини бажармаяпти. Уларнинг фикрича, муаммонинг илдизи Қува тумани ҳокимлигида ва барча саволларга жавобни ҳокимлик масъулларидан сўраш керак.

Фермерлар бу орада уч маротаба туманлараро иқтисодий судига чақирилди. Судда бор ҳақиқатни такрор ва такрор гапиришди, лекин масала ҳамон ҳал бўлгани йўқ. Сичқон-мушук ўйини давом этяпти: масъуллар кўр-кўрона сунъий равишда юзага келган қарздорликни ундириш пайида, жабр-дийда фермерлар эса адолат излаб сарсону саргардон…

— Биз тўлашимиз зарур бўлган сумма миқдори кичикроқ маблағ бўлса ҳам майли эди, — дейди фермерлар. – Шунча йил ердан бола-чақа боқаётганимиз ҳаққи тўлаб қўярдик. Аммо бундай катта пулни тўлаш учун уй-жой, машинамизни сотсак ҳам етмайди-да!..

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ўтган йили Россияда вилоятдан экспорт қилинган помидорда касаллик аниқлангани учун бир муддат нафақат помидор, мамлакатимиздан жўнатиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тақиқ қўйилди. Маҳсулотлар сифати, божхона назорати борасидаги ишлар худди қувалик фермерларга бўлган муносабатдагидек “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида бўлса, яна помидор воқеаси каби кўнгилсизликлар келиб чиқмаслигига ким кафолат беради?!

Аслида белгиланган тартибга кўра, хорижга экспорт қилинаётган ҳар бир маҳсулот сифати назоратдан ўтказилиб, сертификат берилиши лозим. Вилоят божхона бошқармасида маҳсулот экспорт қилаётган тадбиркорлик субъекти бўйича барча маълумотлар жамланган бўлиши зарур. Мевалар қайси автомашиналарда чегарадан чиқарилган, мувофиқлик карантин сертификати, божхонадан қандай ва қанча юк қаерга, қачон чиқарилгани ҳақидаги ҳужжатлар қани? Нега қувалик фермерлар қайта-қайта мурожаат қилиб, вилоят божхона бошқармасидан ўзларига тааллуқли маълумотларни ололмай сарсон бўлаётирлар. Бу ишга нафақат ҳокимият, чегара, божхона, карантин хизматлари қай даражада алоқадор? Аслида экспорт қилинганми ўзи? Бу саволларга қачон, ким жавоб беради?

Президентимизнинг жорий йил 4-5 февраль кунлари вилоятимизга амалга оширган ташрифи чоғида ўз вазифасига нолойиқлиги учун Қува туманининг тўртта сектор раҳбари – ҳоким, прокурор, ИИБ ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ишдан олинди. Хўш, мазкур фермер хўжаликлари сингари муаммолари ойлар, йиллар давомида чўзилиб келаётган 261 минг нафар қуваликларнинг бугунги ҳаёти ва келажаги билан боғлиқ муҳим ҳаётий масалалар энди ечим топадими?

Қува туманининг янги ҳокими ва секторлар раҳбарлари бу борада қатъият, шижоат кўрсата олармикан?

 

Ботир МАДИЁРОВ,

“Фарғона ҳақиқати” махсус мухбири.