НАВОИЙ ДАҲОСИГА ЭҲТИРОМ

НАВОИЙ ДАҲОСИГА ЭҲТИРОМ

Дилбар эрур тенгсиз жаҳонда,

Эрур анга ҳамма хуштору банда.

Тенгсиз хуштору шайдоси манам,

Жаҳонда банда манам анга.

Навоийнинг ҳақиқатда буюк шоир эканини на-да “Хамса”, на-да жилд-жилд асарлар, балки юқоридаги тўрт мисра ҳам исбот этиши мумкин. Мазкур мисраларни чапдан ўнгга ёки тепадан пастга қарата ўқиб кўринг-да, Навоий даҳосига ўзингиз баҳо беринг. Дунёда яна қайси шоир ижодида бундай бетакрорликни, сеҳрни кўргансиз?

Бугун шу беназир инсон, буюк мутафаккир Алишер Навоий – 580 ёшда. Ҳар йили бу сана ўзгача иштиёқ ва шукуҳ билан кутилади, тантана қилинади. Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган навоийхонлик кечалари, адабий тадбирлар фарғоналиклар томонидан ҳам катта завқ билан қарши олинмоқда. Жумладан, Фарғона шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали қошида ташкил этилган тадбир Навоий даҳосига ҳурмат ва эҳтиромнинг нишонаси эди.

Тадбирни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров очиб, умумбашарий ғояларни тарғиб этиш тобора долзарблик касб этаётган ХХI асрда Алишер Навоий ижоди маънавият, дид ва эътиқод фалсафаси сифатида алоҳида қадр ва эъзозга муносиблигини, уни тадқиқ ва тарғиб этиш энг муҳим талаблардан бири эканини таъкидлади.

— Она тилига муҳаббат, ватанпарварлик, адолатпарварлик, меҳр-оқибат туйғулари онгу шууримизга Навоий асарлари орқали сингиган, десак муболаға бўлмайди, — дейди Хайрулло Бозоров. — Ҳар бир хонадон, ҳар бир таълим муассасасида “Хамса” асари бўлиши, уни ҳар бир ўзбекман деган киши ўқиши керак. Зарур бўлса, кутубхоналар ва таълим масканларини бу асар билан таъминлаш бизнинг зиммамизда.

Тадбирда ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида Алишер На-воий ҳайкали пойига гул қўйилди.

Анжуманда шаҳримиздаги олий таълим муассасалари ўқитувчи-профессорлари, талабалар, миллий-маданий марказлар раҳбарлари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда ёш ижодкорлар ва Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабининг ўқувчилари томонидан Навоийга бағишланган шеър-лар ўқилди. Мумтоз қўшиқлар янгради. Навоий шеърлари араб, форс, рус, инглиз, тожик, немис тилларида жаранг сочди.

Мазкур адабий тадбир буюк шоир ва мутафаккир бобомизнинг ижодий ва маънавий меросига оид тадқиқотлар таҳлили асносида мамлакатимиз дунё цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини, умумбашарий тасаввур ва тафаккур ривожида ўзбек халқининг салмоқли ҳиссаси борлигини яна бир бор намойиш этди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳазрат Навоийнинг таваллуд санаси муносабати билан бугун мамлакатимизнинг барча жоме масжидларида ул зот руҳларига хатми Қуръон ўқилди.

***

Шу куни Фарғона вилоят Театр-концерт саройида ҳам Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган назм ва наво кечаси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги томонидан Навоий таваллудига бағишлаб ўтказилган “Энг яхши бағишлов шеър”, “Энг яхши таржима асар”, “Энг яхши ифодали, бадиий ўқиш” каби адабий, ижодий танлов ғолибларига қимматбаҳо совғалар топширилди. Бадиий кечада мумтоз қўшиқлар, ижодкор ёшларнинг чиқишлари, “Навоий” спектакли томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

 

Севара АЛИЖОНОВА.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ ва Муқимжон ҚОДИРОВ олган.