Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига

Навоий–инсоншунос шоир

 Тарихчиларнинг ёзишича,

1469 йил апрелида Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллагандан сўнг, Султон Ҳусайн илтимосига кўра, Алишер Навоий Самарқанддан Ҳиротга қайтади ва Рамазон ҳайити муносабати билан дўсти шарафига битилган “Ҳилолия” қасидасини тақдим этади.

Ҳусайн Бойқаро Навоийни дастлаб муҳрдор қилиб, 1472 йил февралида вазирлик лавозимига тайинлайди ва “Амири Кабир” (Улуғ Амир) унвонини беради. Бу унвон Навоийнинг умри

охиригача сақланади. Бу лавозимлардан Навоий эл-улус маърифати, шаҳар ва мамлакат

ободонлиги, тинчлиги, вақф ишлари, маданият равнақи, адолат тантанаси каби эзгу ниятлар йўлида фойдаландики, буларнинг барчаси оқибат-натижада Султон Ҳусайн давлатининг барқарорлиги ҳамда нуфузини таъминлади.

 

Тарихчи Хон-дамирнинг қайд қилишича, Алишер Навоий ўша даврларда ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва бошқа шаҳарларда бир неча мадраса, 40 работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган, таъмирлаттирган. Улар орасида Ҳиротдаги “Ихлосия”, “Низомия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган “Дорул-ҳуффоз” биноси, Марвдаги “Хусравия” мадрасаси ва бошқа ноёб меъморий ёдгор-ликлар бор.

Навоий 200 га яқин бева-бечораларга ҳар йили ёрдам бериб турган, унинг ҳомийлигида юзлаб истеъдод эгалари, илми толиблар, ижодкорлар, олимлар паноҳ топиб, рағбат олиб, камолга етганлар. Шулардан бири тарихчи Хондамир бўлиб, у устози Навоийнинг беқиёс ҳиммати, инсонийлиги ва меҳр-шафқати ҳақида “Макорим ул-ахлоқ” (“Гўзал хулқлар”) китобини ёзган.

Алишер Навоийнинг одамийлик фазилатлари асарларида ҳам ўз аксини топган, хусусан, инсоннинг табиати, инсонийлик моҳияти, ҳолу ҳолатининг қатламларини теран тафаккур ёрдамида чуқур тадқиқ қилиш, шоирона ифода этиш мутафаккир ижодининг асосий хусусияти ҳисобланган. Одам авлодининг барчаси одамийлик аталмиш юксак шарафга лойиқми? Қайси хислату фазилатлар инсонни табиатнинг бошқа мавжудотларидан мумтоз этиб, коинотнинг гултожи қилган? Алишер Навоийнинг бу борадаги фикрлари аниқлиги ва ҳаётийлиги билан бошқа шоирлардан ажралиб туради:

“Ҳайрат ул-аброр” асарида улуғ шоир инсон хилқати ва унинг моҳияти ҳақида айтади:

Бас ани инсон атағил бериё,

Ким ишидур сабр ила шукру ҳаё.

Демак, инсонийликнинг биринчи шарти сабр-қаноат ва ҳаё эканлиги эътироф этилмоқда.

Навоий талқинида яна бир муҳим жиҳат – ато, яъни меҳр-саховатдир:

Ато ҳам турфа ишдур, турфароқ бил,

Агар йўқтур анинг ёнида миннат.

Шунингдек, қуйидаги мисралар ўқувчини гўзал инсоний фазилатлар соҳиби бўлишга ундайди. Ўзлигини англаш хусусида тафаккур қилишга ундайди:

Одами эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

***

Айш, Навоий, неча дилкашдурур,

Лек адаб бирла ҳаё хушдурур.

***

Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от.

***

Эрурсен шоҳ — агар огоҳсен сен,

Агар огоҳсен сен — шоҳсен сен.

***

Етса мақсуд муддао бирла,

Мени ёд этгасен дуо бирла.

Ки, Навоийға ул дуо етгай,

Булбули руҳиға наво етгай.

 

Кўринадики, Алишер Навоий амали билан ҳам, қалами билан ҳам одамларга инсонийлик борасида намуна бўла олган.